Ўзбекистон терма жамоасининг “Зоб Оҳан”га имкониятни бой бериши кўпчиликни жиғибийрон қилди. Мана шундай пайтда кўнгилни кенг қилиш керак, деб ҳисоблардим.
Биринчидан, бу расмий ўйин эмас. Иккинчидан, бунда на легионерлар бор ва на Олий лига термасининг оптимал таркиби. Эронга қарши икки ўйинда ҳеч нарса қила олмаган мураббийнинг форс клуби билан ўйнашга рози бўлишининг ўзи кулгули эди. Австрия сафари бир ҳафта қолганида Туркия бўлиб қолгани ҳам алоҳида мавзу. Ва энг асосийси, “Зоб Оҳан” мағлуб этилганида ҳам барибир негатив фикрлар кўпроқ бўларди, ундан кўра Эронни ўзини ютмайсанми, дегандек.
Ҳозир бу қадар майда эмас масалалар бизга ёрдам бермайди. Мен Хитой ва Жанубий Кореяга қарши ўйинлардан хавотирдаман. Август ойида Самвел Бабаян халқаро ўртоқлик ўйинида майдонга тушишни режалаштираётган бўлса-да, бунга қандай эришмоқчилиги рости қизиқтиряпти.
Европада, араб мамлакатларида янги мавсумнинг старт олиши, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг оптимал таркиб билан ўйин ўтказишига катта эҳтимол билан тўсқинлик қилади. Худди шундай муаммо Австралия, Япония, Жанубий Корея кабиларда ҳам бор. Футболчилари асосан ўзида тўп сурадиган Хитой, БАА, Саудия каби термалар эса бир ишнинг эпини қилиши мумкин.
Мана энди савол: кимга қарши бўлмасин, асосий футболчилар иштирок этмайдиган учрашув бизга қандай ёрдам бериши мумкин? Эрон билан ўйингача бизда ўртоқлик ўйини ўтказиб олиш учун имконият бор эди. Рақиб танлашни бопладик — Таиланд. Бор маҳоратимни ишга солиб ҳам, тайларни форслар билан солиштира олмагандим. Кейруш эса ўйин услубини Ўзбекистонникидан у қадар узоқ бўлмаган ва шу услубда Ўзбекистондан икки-уч марта яхши ўйнайдиган Черногорияни танлади ва Подгорицадан зафар қучди. Ўзаро ўйинда Самвел Бабаянга умуман имконият қолдирилмади.
Биз шунга ўрганиб қоляпмиз, Жанубий Корея билан ўйинга кетиш олдидан Иордания билан ўйнаймиз, Эрон билан ўйинга Таиланд билан тайёрланамиз. Олдиндаги икки рақиб — Хитой ва Жанубий Корея бир-бирига оз бўлса-да ўхшаб кетади. Хўш, ЎФФ Япония, КХДР, нари борса, Вьетнам билан ўйин ташкил қилиб бера оладими? Масалан, Австралия ва Саудия бўлажак рақиблари ҳисобланган Япония ҳам Ўзбекистон вариантига ижобий жавоб қайтариши катта эҳтимол. Бироқ ФИФА кунлари деган масала ҳам борки, бу бизнинг асосий муаммо бўлади.
Энди қаранг, Виталий Денисовда жароҳат. Сардор Рашидов, Темурхўжа Абдухолиқов, Азиз Ҳайдаров каби футболчиларда ўйин амалиёти билан боғлиқ муаммо бўлади. Улар ҳозир таътилда. Шота Арвеладзе Игорь Сергеев билан Александр Лобановни захирага ўтказиб қўйса, Бабаяндаги муаммолар сони янада ошади, тўғрими? Шундай вақтда кимга суянамиз? Ёши 40 га қараб кетаётган Гейнрих ёки Олий лига футболчиларига, тўғрими? Сизнингча, “Зоб Оҳан”га гол уролмаётган Олий лига футболчилари Хитой ёки Жанубий Кореяни думалатиб ташлай оладими? Менимча қийин масала.
Туркия йиғинидан мақсад нима? Унинг Хитой ва Жанубий Кореяга қарши ўйинларга кучли таъсири борми? Нега йиғинлар йил бошида режалаштирилмайди? Рақиблар нега Туркияга кетилгунича аниқ ва тахт қилиб қўйилмайди? Нега ўртоқлик ўйинларида спаринг рақиб бўлажак рақибга қараб танланмайди? Кўряпсизми, бу ерда ўйин услуби, Бабаян тактикаси, футболчилар ҳолати борасида саволлар йўқ. Назаримда ҳозирги жамоа ўша босқичга ҳам етиб келмаган, ҳозирги жамоа ташкилотчиликда ҳам ўрнак бўладиган аҳволда эмас.
P.S. Мен ҳамма нарсанинг фақат салбий томонини кўраманми? Шу саволга асосан камчиликларини олиб чиқаман деб жавоб берган бўлардим. Ижобийлари — ютуғимиз. Камчиликлар эса кулиш учун эмас, бартараф этиш учун, хулоса чиқариш учун ёзилади.
Мен Бабаяндан ҳеч нарса умид қилмайман ва унга ишонмайман. Бироқ Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳар бир футболчисини қўллаб-қувватлайман. Ва айнан улар сабаб мундиалдан умид қилишда давом этаман.
Диёр Имомхўжаев
Манба : Championat.asia “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди