11:04 / 28.07.2017
4 965

Максим Шацких: «Қосимов билан «Бунёдкор» ўсишга эришади»

Максим Шацких: «Қосимов билан «Бунёдкор» ўсишга эришади»
Украиналик футбол ишқибозлари Максим Шацких номидаги легионер-тўпурарлар клуби ташкил этилганлигининг етти йиллигини нишонлашди. Бундан фойдаланган Sports.uz сайти Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси билан қисқача суҳбат уюштирди.

- Муҳим воқеа билан табриклаймиз. Мураббийлик фаолиятингиз ва оилавий ҳаётингизда омад тилаймиз.
- Раҳмат. Ҳамиша Ватандан бўлган эътибор ёқимли. Сизга, ҳамюртларимга ҳам муваффақият тилайман.

- Максим, «Динамо»даги 100-голингизни эслай оласизми?
- Ўйнаб юрган кезларим ҳеч қачон голларимни ҳисобламаганман. Мен учун жамоанинг ғалабаси муҳим эди. Албатта, тўп киритиш менинг вазифам бўлган. Фаолиятимни якунлаганимдан кейин сайтларнинг бирида 100-голимни 2004 йилнинг ноябрида «Рома» дарвозасига урганимни ўқиб қолдим. Ўшанда римликлар билан Европа Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичида тўқнаш келгандик. Уларни Киевда 2:0 ҳисобида мағлуб этганмиз. Мен иккинчи бўлим охирларида майдонга тушганман. Ўйин якунланишига 10 дақиқа қолганида бразилиялик Ринконнинг тўп оширишидан сўнг италияликлар дарвозасини ишғол қилгандим.

- Украина клубларидаги фаолиятингиз давомида нечта гол ургансиз?
- 171та. Бу рақамлар бир нечта спорт нашрларида ёзилган. Шундай экан, сенсация кутманг.

- Энг кўп тўпни «Динамо Киев» сафида киритганмисиз?

- Албатта. «Динамо»да узоқ вақт фаолият юритиш баробарида кўплаб голлар урганман. Жамоа мен учун аллақачон жонажон бўлиб қолган. 150та голга бироз камлик қилди, 142талик кўрсаткичда тўхтаб қолганман.

- Легионер-тўпурарлар клубини қачон ташкил қилишганини эслай оласизми?
- 2010 йилнинг июлида. Ўшанда Киевнинг «Арсенал» клубида ўйнардим. Эсимда, ҳаво жуда иссиқ эди. Ҳамма салқинга қочадиган пайтда биз Луганскда маҳаллий «Заря»га қарши ўйнаганмиз. Ғалаба қозонгандик. Мен учрашув охирида пенальтидан гол урганман. Баҳс якунлангач, маҳаллий мухбирларга интервью бераётгандик. Ўзини Хохлюк деб таништирган бир журналист менинг номимда легионер-тўпурарлар клубини ташкил қилиш ғоясини илгари сурди. Албатта, у мазкур лойиҳа борасида менга кўп нарсаларни айтди. Ўшанда ҳам, ҳозир ҳам бунга қарши эмасман.

- Олеся (футболчининг рафиқаси), оилавий голларни ҳисоблаб юрганмисизлар ёки айтайлик, чиройли голларни алоҳида ҳисоблаганмисиз?
- Уларни ажратмасдик. Максимнинг урган голлари узоқ йиллик футбол фаолиятига етади. Оиламиз учун Максимнинг ғалабалари, соғлиғи муҳимроқ бўлган. Голлар эса кейинги ўринда. Шуни алоҳида айтмоқчиманки, Максим учун Ватанимиз Ўзбекистон алоҳида аҳамият касб этади. У Тошкентдаги «Пахтакор» мактабида биринчи мураббийи Сергей Михайлович Ковалёвдан футбол сирларини ўрганган. Миллий терма жамоа сафида ўйнади. Максим учун Ватан шунчаки гап эмас, балки унинг қалбидадир.

- Сизнингча, Максим қайси жамоа сафида ўзининг чиройли голларини урган?
- Биз учун унинг барча голлари чиройли.

- Максим, «Бунёдкор»даги мураббий алмашуви жамоага ижобий таъсир ўтказадими?
- Албатта. Миржалол Қосимов ўз ишининг устаси. Яқин орада барчамиз ўрганиб қолган «Бунёдкор»ни кўрамиз. Муҳими - натижа келади. Мен бунга ишонаман.

- Терма жамоада гол уриш борасидаги энг яқин таъқибчингиз Александр Гейнрих рекордингизни янгилаши мумкинми?
- Бу ҳақда бир нима дейишим қийин. Саша ҳамон ўйнаяпти. Биринчи ўринда барчаси унинг ўзига боғлиқ.


Манба: interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Максим Шацких: «Қосимов билан «Бунёдкор» ўсишга эришади»