23:39 / 23.08.2017
4 561

Шаффофмиз дея бизни ишонтирган ЎФФ аслида қандай ишлайди?

Шаффофмиз дея бизни ишонтирган ЎФФ аслида қандай ишлайди?
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Қирғизистонга қарши учрашувини мухлисларсиз ўтказиши куннинг энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуси бўлиб турибди.

ЖЧ—2018 саралашининг икки муҳим ўйини олдидан ўзбекистонлик ишқибозлар бош жамоа футболчиларини кўриш имкониятидан мосуво. Шунингдек, терма машғулотлари ОАВ кўзидан панада ўтказиб келинмоқда.

Мухлисларсиз ўйин ҳақида биринчи «Championat.asia» сайтида ўқидим. Бунда Қирғизистон томони шуни илтимос қилаётгани айтилганди. Ростини айтсам, бу ҳолат менга бироз кулгули кўринди.

Қўшни мамлакат термасига қарши сафар учрашувини мухлисларсиз ўтказишни сўраш Қирғизистон томони учун мутлақо керак эмас, деб биламан.

Бунгача қўшнилардан Тожикистон ва Туркманистон ўзаро ўйнади, Қозоғистон эса Қирғизистонга қарши майдонга тушди. Уларнинг барчасида стадионга минглаб мухлислар ташриф буюрди. Нега энди Тошкентдаги учрашув мухлисларсиз ўтиши Қирғизистон учун керак бўлиб қолди?

Бундан роппа-роса 1 йил аввал Ўзбекистон термаси Қирғизистонга қарши ўртоқлик ўйини борасида келишувга эришганди. Ҳатто ўшанда ҳам мухлисларсиз ўйин ҳақида гап бўлмаган.

Ўзбекистон томони Экваториал Гвинея варианти чиққанидан сўнг, Қирғизистон билан ўйинни бекор қилган, якунда иккисидан ҳам қуруқ қолганди.

ЎФФ баҳонаси ҳақида
Кеча — 22 август куни ЎФФ бу борада расмий ахборотини тақдим этди. Бунда ҳар икки томон ўзаро келишиб, чекланмаган миқдорда футболчи алмаштиришга қарор қилган. Шу боисдан мазкур беллашув халқаро ўртоқлик мақомига эга бўлмайди.

Буниси тўғри, ФИФА низомида 6 тадан кўп ўзгаришга қўл уриладиган ўйинлар «А» тоифига киритилмайди, балки синов-назорат ўйини сифатида квалификацияланади. Бундай ўйинларни ФИФА тан олмайди ва ўз рейтингига киритмайди.

Энди эса ЎФФ баёнотини борича келтираман:

ФИФАнинг 2017 йил 26 июлида ташкилотга аъзо федерацияларга юборган 1593-рақамли циркулярига кўра, бундай назорат учрашувиларининг тарғиботи, ўйинга чипта сотиш, ўйинни трансляция қилишга рухсат берилмаслиги муносабати билан Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги назорат ўйини трансляция қилинмайди.

ЎФФ баёноти

Ҳозир қўлимда номи тилга олинган 1593-циркуляр турибди.


Уни икки қайта ўқиб чиқиб ҳам, ўйинга чипта сотиш, уни трансляция қилиш борасида бирорта гап топа олмадим. Бундан келиб чиқадики, ЎФФ ёлғон баёнот билан чиқиш қилган.

Биринчи галда ЎФФ Қирғизистон томони мухлисларсиз стадионни илтимос қилаётгани ҳақида айтди, эртаси куни эса ФИФА низомини ўзгартириб, баёнот берди. Яъни, биринчи гап иккинчисига мос келмади.

Шунингдек, қирғизистонлик журналист дўстларимиз икки кун аввал федерация ходимлари билан гаплашганида, ёпиқ ўйин борасида ҚФФнинг хабари бўлмаган. Катта эҳтимол билан бу ЎФФ ташаббуси бўлиб чиқмоқда.

Нега шундай хулосага келдим? Биринчидан, Қирғизистон термаси Ўзбекистонга қарши учрашув ўтказиш учун кўп нарсага тайёр, бу рақиб учун катта мактаб вазифасини ўтаб беради. Қолаверса, «кто платит, тот и заказывает музыку» деган нақлни ҳам унутмаслик керак.

Қирғизистон учун мухлислар бор стадионда ўйнайдими ёки мухлисларсиз чамамда катта аҳамияти йўқ. ЎФФ баёнотидаги чалкашликлар ва ФИФА низомида кўрсатилган бандларнинг айтилаётгани шубҳани икки баробар оширади.

Бунда яна бир жиҳат бор, «Бунёдкор» стадиони катта эҳтимол билан учрашувнинг мухлисларсиз ўтишини аввалдан билган бўлиши мумкин. Стадион чипта чиқариш ва уни сотиш учун тайёргарликни аввалдан бошлайди.

Демак, у аввалдан огоҳлантирилади. «Бунёдкор» огоҳлантирилиб, баёнотгача икки кун қолганида Қирғизистон томони бундан бехабар бўлиши шубҳани янада оширади.

«Бунёдкор» шунинг учун ҳам огоҳлантириладики, ўйин давомида хавфсизликни таъминлаш учун Ички ишлар вазирлигига ўз вақтида ахборот тақдим этилиши шарт. Демак, мухлисларсиз ўйин масаласи кечаги учрашувда ҳал этилмаган, аввалданоқ шундай режа бўлган.

Рақибларда нима гап?
25 август ФИФА куни ҳисобланмайди. Шундан келиб чиқиб, асосини легионер футболчилар ташкил қиладиган Ўзбекистон, Австралия, Япония, Жанубий Корея, Эрон каби мамлакатлар ЖЧ саралаши олдидан халқаро ўртоқлик ўйини ўтказиш борасида қийинчиликка дуч келади. Яъни, улар бу вақтда легионер футболчилар хизматидан фойдалана олмайди.

Қатар эса Туркманистонга қарши ўйнамоқда, Сурия Малайзия билан беллашиши, Таиланд ўз лигасининг легионерларига қарши саф тортиши мумкин. Олдинги икки ўйин ФИФА рейтингида ҳисобга олинади ва «А» тоифа регламентига амал қилинади. Таиланд эса мамлакатда тўп сураётган хорижий легионерларига қарши ўйинидан тушадиган пулни хайрия йўлида сарф этиши ҳақида Facebook саҳифасида маълумот берди.

Ўзбекистон танлаган йўл мутлақо бошқа. Ўйин ёпиқ, машғулотларнинг ҳам ОАВ кўзидан панада ўтаётгани Қирғизистон мавзудан ташқарида эканини кўрсатиб турибди. Йўқса, ўйин панада ўтса-да, футболчиларнинг машғулот бу қадар яширин бўлмасди.

Хулоса
Бош жамоанинг мухлислар билан яқинлашиш ўрнига, улардан қочишга ҳаракат қилиши тушунарсиз ҳолат. Қирғизистонга қарши учрашувга ташриф буюрадиган ишқибозлар катта эҳтимол билан футболчиларни қўллаб-қувватлаб, уларга расмий ўйинларда омад тилаши, руҳият бериши ва кайфиятини кўтариш учун хизмат қилиши мумкин эди.

Иқтисодий томондан олиб қарасак, ЎФФ чипта сотиш орқали ҳам бироз фойда қилиши ҳам мумкин эди. «Терма жамоамиз муҳим учрашувлар арафасида турибди, Қирғизистонга қарши ўйин бунинг учун тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.

Стадионга келинг, футболчиларни қўллаб-қувватланг, биз бир жамоамиз ва мақсад сари биргаликда курашамиз», — деб «Спорт»да ролик берса, келарди 10 минг бўлса ҳам ишқибоз.

Энг арзон чипта 10 мингдан, қиммати 30 мингдан сотилса, ЎФФ учрашувга кетган ҳаражатларини қисман чиқариб олиши мумкин эди.

Бабаян нотўғри иш қилди демоқчи эмасман. Натижага у жавобгар. Агар футболчиларини ҳаммадан яширишни истаса — бемалол. Хитой ва Жанубий Корея таслим этилса ҳамма хурсанд, йўқса, ҳаммасига ўзи жавоб беради. Умуман мураббий тактикасини ҳурмат қилишимиз керак.

Аммо хатони хато билан тўғирлашга уриниш — катта хато. ФИФА низомида йўқ нарсани бор деб кўрсатиш, футбол жамоатчилигига нисбатан ҳурматсизлик.

Давримизда ахборотни яширишга уринишни оқлаб бўлмайди, бунинг иложи йўқ. Биз бугун ҚФФга ҳам, ФИФАга ҳам тўғридан-тўғри чиқишимиз, бор ҳақиқатни билишга уринишимиз мумкин.

ЎФФнинг вазифаси эса ҳақиқатни яширмай, бор гапни айтиш. Сардор Раҳматуллаев Халқаро пресс-клубда шаффофлик ҳақида бонг урса-ю, шундай катта ташкилот арзимаган ишларни деб «қовун тушириб» юрса, уят бўлиб кетса керак.

Ҳа, айтганча, Қирғизистонга қарши ўйинимизни хитойликлар кўриб қолгани билан ҳеч нарса ўзгармайди. Термани асосий футболчилари легионерлар экани инобатга олинса ва айнан улар расмий ўйинларда муҳим фигура экани айтилса, Хитой Ўзбекистон чемпионатида ўйнаётган футболчиларнинг Қирғизистон билан ўйинидан ҳеч нарсани тушуна олмайди.

Қўрқмаслик керак, мухлисларни ҳурмат қилиш керак. Биз истаётганимиз бор-йўғи шу.

Д.Имомхўжаев


Манба: www.daryo.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шаффофмиз дея бизни ишонтирган ЎФФ аслида қандай ишлайди?