21:42 / 24.08.2017
4 420

ЖЧ саралаш: Манзил сари охирги қадамда нималар бўлганди

ЖЧ саралаш: Манзил сари охирги қадамда нималар бўлганди
Мундиал саралаш баҳслари терма жамоаларни саралаш баробарида янги-янги юлдузлар кашф этилишига ҳам хизмат қилади.
Чунончи, чин маҳорат айнан даражаси баланд шундай ўйинларда сайқалланади. Мана, ОФК аъзолари ЖЧ-2018 квалификациясининг охирги қадамлари олдида туришибди. Хусусан, Ўзбекистон терма жамоасининг финиш маррасига қандай етиши ўз қўлида.

Аммо бугун Хитой ва Ж.Корея терма жамоалари билан бўладиган муҳим баҳслар эмас, аввалги цикллар ва ҳозиргисининг сўнгги босқичида ўзларини кўрсатишган футболчилар ҳақида гаплашамиз.

Зеро, уларнинг кўплари терма жамоаларида катта ролга эгалар.

ЖЧ-2018 САРАЛАШИ (учинчи раунд)


«A» гуруҳи. Марат Бикмаев ва Одил Аҳмедов (Ўзбекистон). Бу футболчилар учун ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатадиган пайт келди. Эҳтимол, Шоҳруз Норхоновдан ҳам жасорат кутишимиз маъқулдир, чунки уни юртимиздан ташқарида ҳеч ким танимайди.

Ҳар ҳолда, Ж.Корея ва хитойлик ҳимоячилар Сардор Рашидов ёки Игорь Сергеевга имкон бермаслик усулларини мукаммал ўзлаштириб олган бўлишса, «Б» режасидан фойдаланиб кўриш зарар қилмасмиди...?

«А» гуруҳи. Алиризо Бейранванд ва Меҳди Тареми (Эрон). Бейранванд форслар миллий жамоаси дарвозасини атиги 13та ўйинда ҳимоя қилди, холос. Лекин у қисқа муддат ичида ишончли ҳаракатлари билан асосий кипер мақомини олиб, Алиризо Ҳагигини захирага ўтказиб қўйди. Меҳди Тареми эса терма жамоа таркибидаги охирги 5та ўйинида 4та гол урди. «Персеполис» («Пирузи») ҳужумчиси Россия мундиалидан кейин Германия клубларидан таклиф олиш имкониятига эга.

«B» гуруҳи. Муҳаммад ал Саҳлавий (С.Арабистони). Муҳаммад ал Саҳлавий жорий раундда атиги 2та гол урди. Энди ҳамма асосий хавфни ярим ҳимоячи Наваф ал Обиддан кутаётган бир пайт миллий жамоадаги дебют голини Испания термасига қарши баҳсда нишонлаган ал Саҳлавий «ҳужумнинг ўткир учи» ролини бажариши лозим.

«B» гуруҳи. Генки Харагучи (Япония)
. Ушбу ҳужумчи сўнгги цикл доирасидаги муҳим ўйинларда гол уряпти. Демак, Австралия ва С.Арабистони термалари билан бўладиган охирги баҳсларда ҳам жуссаси кичик тезкор ҳужумчига иш топилади, албатта. Бўйи 177 сантиметрга тенг Генки рақибларни чалғи-тувчи ролини бажаришга ҳам муносиб футболчидир.

ЖЧ-2014 САРАЛАШИ (тўртинчи раунд)

«A» гуруҳи.
Ризо Гужаннажод ва Жавод Некунам (Эрон). Ризо Бразилия мундиали саралашининг якуний қисмида, яъни охирги 3та турда терма жамоаси ғалабаларига катта ҳисса қўшди. Унинг айниқса, Қатар ва Ж.Корея термалари майдонида урган голлари аҳамияти жуда баланд бўлди.

Машҳад шаҳрида туғилган бу футболчи 2003-2007 йиллар давомида Голландиянинг турли ёш тоифасидаги терма жамоаларида ўйнаганди. ЖЧ-2014 саралаши сўнгги раунди ўрталарига келиб эса Карлуш Кейруш таклифига асосан тарихий ватани жамоаси либосини кийди. Португалиялик мутахассис уни ҳужум чизиғига «янги қон» қуйиш мақсадида жалб этганди.

Бу таваккал иш берди. Яъни Голландия футбол мактабида сабоқ олган Ризо Эрон терма жамоаси таркибида ўз ўрнини топишда унча қийналмади. Эронда «Неку» лақаби билан танилган Осиё футболи афсоналаридан бири - Жавод Некунам эса фаолияти якунида Ливан терма жамоаси дарвозасини ишғол қилганди.

Кейинчалик. ЖЧ-2014 финал босқичида 16-рақам остида тўп сурган Ризо Босния ва Герцеговина терма жамоасига қарши баҳсда ягона жавоб голига муаллифлик қилди. Умуман, мавсум-2016|2017 унинг учун фаолияти давомидаги энг сермаҳсули бўлди. Германияда ташкиллаштирилган ЖЧ-2006да ўртача савияда ўйнаган Жаводга келсак, у Бразилия мундиалида форсларга сардорлик қилди.

«А» гуруҳи. Баҳодир Насимов (Ўзбекистон). Эсланг, 2013 йилнинг 18 июнь куни Қатар термасига қарши кечган уй ўйинининг биринчи бўлимидан сўнг футболчиларимиз 0:1 ҳисобида ортда боришаётганди. 60-дақиқада Александр Гейнрих ўрнига майдонга тушган Баҳодир Насимов қисқа фурсат ичида «дубль» қайд этди. Эҳ, жамоамиз ўша ўйинда тўп ўтказиб юбориш ўрнига яна битта гол урганидами, Бразилия мундиалига Жанубий Корея термаси эмас, балки биз борардик.

Кейинчалик. Баҳодир Насимов ўша «дубл»га қадар Малайзия ва Қирғизистон терма жамоалари дарвозасига ҳам гол урганди. Бироқ у 2015 йилдан буён миллий жамоамиз назаридан четда қоляпти. Маълумот учун айтиш керак, Баҳодир айни пайт Жанубий Корея 1-дивизиони вакили - «Ансан Гринерс» клуби аъзосидир.

«B» гуруҳи. Лукас Нейл (Австралия). «Соккеруз» ўша циклнинг сўнгги баҳсларда гол қўйиб юбормади. Бунда аввало, терма жамоа сардори Лукас Нейл хизмати катта бўлди. Ҳимоячи Иордания термасига қарши баҳсда муҳим голга муаллифлик қилишдан ташқари, ироқликлар билан кечган ўта мураккаб ўйинда орқа чизиқда жасорат кўрсатди. Айни шу учрашувлардаги ижобий натижа Австралия термасининг мундиалга тўғридан-тўғри йўл олишини таъминлади.

Кейинчалик. Сардорлик боғичини машҳур Марк Видукадан қабул қилиб олган Нейл 2006-2013 йиллар оралиғида жамоадошларини шараф билан майдонга бошлаб тушди. Бироқ «соккеруз» 2014 йилги мундиалга усиз борди. Ваҳоланки, Лукас бундан олдинги 2та ЖЧда Австралия миллий жамоасининг муҳим футболчиларидан бири сифатида гавдаланганди.

Аҳмад Ҳайел (Иордания). Иорданияликлар сўнгги турда ўз майдонларида Уммон термасини енгиш ҳисобига «плей-офф» босқичига йўл олишди. Ўша пайт Қувайтнинг «Ал-Араби» клубида тўп сурган ҳужумчи нафақат охирги ўйин, балки бутун цикл давомида жамоасининг бош юлдузларидан бири бўлганди.

Кейинчалик. Аҳмад Ҳайел Осиё кубоги-2015да допинг билан боғлиқ муаммоларга дуч келди ва терма жамоадаги фаолиятини якунлашига тўғри келди. Ўшанда у 32 ёшда эди.

ЖЧ-2010 САРАЛАШИ (тўртинчи раунд)

«A» гуруҳи. Тим Кэйхилл (Авс-тралия). Австралия терма жамоасида 2004 йилнинг март ойида дебют қилган Тим бунгача «Эвертон»даги ўйинлари орқали Европада ҳам анча танилиб улгурганди. Эътиборлиси, 4-рақам эгаси миллий жамоа сафида жами 48та гол урган бўлса, шундан 17таси айнан мундиаллар саралашига тўғри келади.

Мисол учун, 2009 йилнинг 17 июнь куни Мельбурнда Япония термасига қарши баҳснинг биринчи бўлимидан сўнг «яшил қитъа» вакиллари 0:1 ҳисобида ортда боришаётганди. Танаффусдан кейин эса айнан Кэйхилл қаҳрамонлик кўрсатиб, ғалабани ўз жамоаси томон оғдирганди.

Кейинчалик. Тим ЖЧ-2010 финал раундида Сербия термаси дарвозасига гол урди. Умуман, у кетма-кет 3та жаҳон чемпионатида ўйнаган ва гол урган (бу борада рекордчи) футболчидир. Айтганча, «қаримас» Кэйхилл яқиндагина Конфедерациялар кубоги турнирида ҳам иштирок этиб, 2та ўйинда майдонга тушди.

«А» гуруҳи. Маҳмуд Абдулраҳмон (Баҳрайн). Бу футболчини мундиал-2010 саралаши қаҳрамонларидан бири сифатида таърифлаётганимиздан газетхонлар ранжимасинлар. «Ринго» лақаби билан танилган ва нисбатан паст бўйли (174 см.) Маҳмуд жарима зарбаларининг моҳир ижрочиси эди.

Дейлик, унинг 2009 йилнинг 17 июнида урган голи сабаб, терма жамоамиз гуруҳда сўнгги ўринга «михланганди». Ўшанда футболчиларимиз саралаш доирасидаги охирги 3та турда лоақал 1та гол уролмагандилар.

Кейинчалик. Маҳмуд 2009 йилнинг 5 ва 9 сентябрь кунлари Саудия Арабистони термасига қарши кечган «плей-офф» баҳсларида захирадан майдонга тушди. Эсласангиз, баҳрайнликлар ўшанда 2та учрашувда ҳам дурангга эришиб, халқаро «плей-офф»га йўл олишганди. Маҳмуд Абдулраҳмон шунингдек, Осиё кубоги-2011да ҳам иштирок этди.

«B» гуруҳи. Парк Жи Сун (Ж.Корея)
. ЖЧ-2002да 4-ўринни эгаллаган корейслар захирасида ўтирган Парк Жи Сун терма жамоадан кетиш пайти уни том маънода елкасида кўтариб, жаҳон чем-пионатига олиб чиқди. Бу жасоратни КХДР ва Эрон термалари жой олган гуруҳ баҳсларида кўрсатгани унинг обрўсини кескин ошириб юборди.

Кейинчалик. Парк Жи Сун ЖЧ-2010 финал раундида Греция термасига қарши кечган баҳсда жамоасининг 2-голини ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Корейслар айнан юнонлардан 3 очко тортиб олишгани эвазига «плей-офф»га чиқишди. Шундай таассурот уйғондики, Парк Жи Сун фаолиятининг якуний қисмида терма жамоа сафида шунчаки, завқланиш учунгина ўйнади.

«В» гуруҳи. Ри Мёнг Гук ва Ри Кванг Чон (КХДР)
. Шимоллик корейслар чиндан ҳам, ўз устиларидан бир бош баланд сакрашганди. Сўнгги тур ўйинида Саудия Арабистонида олтинга тенг очко олиш ва ақлга сиғмас даражадаги ҳис-ҳаяжон... Ваҳоланки, мураббий Ким Жонг Хун томонидан ўйинга танланган тактика тушунарсиз эди, бир қарашда.

Қолаверса, анча ёш таркибга ишонч билдирилганди. Шунга қарамай, корейслар ортга керакли дуранг билан қайтишганди. Бунда айниқса, дарвозабон Ри Мёнг Гук ва ҳимоячи Ри Кванг Чон катта ҳажмда иш бажаришган.

Кейинчалик. КХДР термаси ЖАР мундиали гуруҳ босқичида охирги ўринни банд этди. Лекин корейслар Бразилия ва Португалия термаларига қарши ўйинларда мутлақо ожиздек кўринмадилар.

Ри Мёнг Гук 11 йилдирки, «Пхеньян» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. 2010 йили КХДРнинг энг яхши футболчиси мақомини олган Ри Кванг Чон эса Таиланднинг «Муангтон Юнайтед» клуби сафига қўшилгач, терма жамоадан чақирув олмай қўйди.

Фаррухжон ФАЙЗИЕВ


Манба: www.interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » ЖЧ саралаш: Манзил сари охирги қадамда нималар бўлганди