Самвел Бабаян мураббийлик қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоасини Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида икки муҳим учрашув кутиб турибди. Бугун Хитойнинг Ухань шаҳрида ҳамюртларимиз мезбон жамоа вакилларига қарши майдонга чиқсалар, орадан 5 кун ўтиб, Тошкентда Жанубий Корея термасини қабул қилади.
Шу пайтга қадар 8 учрашувнинг 4 тасида ғалаба қозонган «оқ бўрилар» 12 очко билан А гуруҳининг 3-ўрнини банд этиб турибди. Футболдаги азалий рақибларимиз ҳисобланган кореяликлар атиги бир очко кўп жамғарган ҳолда, иккинчи ўринни эгаллашган.
Хитой ва Жанубий Корея вакилларига қарши ўйинлардан аввал SPORTS.uz интернет ахборот портали мухбири Хитойнинг машҳур ОАВларидан бири ҳисобланган Titan Sports Media учун миллий терма жамоамиз аъзолари Одил Аҳмедов ҳамда Анзур Исмоилов билан эксклюзив интервью уюштирди.
Эътиборингизга терма жамоамиз сардори ҳамда Хитой Супер Лигасида Шанхай СИПГ клуби шарафини ҳимоя қилиб келаётган Одил Аҳмедов билан уюштирилган интервьюни ҳавола этамиз.
- Сиз икки мамлакат миллий терма жамоалари ва ушбу жамоалардаги ички муҳит ҳақида жуда яхши маълумотга эга кам сонли футболчилардан бирисиз. Ушбу маълумотларга таянган ҳолда, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги баҳс ҳақида қандай фикр билдира оласиз?
- Марчело Липпи қўл остида тайёргарлик кўраётган хитойликларга қарши бу сафарги баҳс ҳам одатдагидек шиддатли ва томошабоп тарзда ўтади. Назарий жиҳатдан Хитой терма жамоаси гуруҳда 3-ўринни эгаллаган ҳолда, плей-офф босқичига йўл олиш имкониятига эга. Бироқ сўнгги икки учрашувда қўлга киритган ғалабалар ҳам уларни кучли учликдан жой олишини таъминлай олмаслиги мумкин.
Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида фикр билдирадиган бўлсам, ҳаммаси ўз қўлимизда. Агар имкониятлардан самарали фойдаланиб, ғалабани қўлга кирита олсак, Жаҳон чемпионати йўлланмасини нақд қилиб қўямиз. Буёғига хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Кичик бир хато ҳам бизни мундиал ҳақидаги умидларимизни барбод этиши мумкин. Сўнгги икки ўйинда олти очкони қўлга кирита олсак, бизни ҳеч ким тўхтата олмайди.
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари Хитой ва Жанубий Кореяга қарши қандай тайёргарлик олиб бормоқда? Уларнинг жисмоний ва руҳий ҳолати қандай?
- Қандай ўйин бўлишидан қатъий назар ҳар доим аъло кайфият ва юқори жисмоний ҳолат билан шуғулланиб бориш зарур. Гап миллий терма жамоада ҳақида кетаётган бўлса, ватан шарафини муносиб тарзда ҳимоя қилиш учун икки ҳисса кўпроқ тайёргарлик кўриш талаб этилади. Сўнгги икки учрашув олдидан йигитлар юқори спорт формасида машғулот ўташмоқда. Ишонаманки, олдинда турган синовларда мардонавор ҳаракат қилган ҳолда, ижобий натижаларни қайд этамиз ва неча йиллардан буён бутун мамлакатимиз орзу қилиб келаётган Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритамиз.
- 2011 йили Қатарда ва 2015 йили Австралияда ўтказилган Осиё чемпионатларида Хитойга қарши баҳс гол урушга муваффақият бўлган эдингиз. Бу дегани сиз хитойликлар дарвозасини қандай ишғол этиш сирини жуда яхши биласизми?
- Ҳар бир учрашувда майдонга ғалаба қозониш учун чиқамиз. Муваффақият завқи ва шавқини оддий сўзлар билан ифода этиб бўлмайди. Агар ушбу ўйинларда жамоам ғалабаси учун муносиб тарзда ёрдам бера олсам мендан бошқа бахтли футболчи бўлмаса керак. Бироқ Хитойга қарши баҳсларда рақиб дарвозасини ишғол этганим бу футболдаги оддий ҳолатлардан биридир. Шунчаки жамоадошларим яратиб берган қулай имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, гол киритганман, холос. Мен учун ўйинда ким гол уриши муҳим эмас, балки жамоавий ғалаба барча шахсий ютуқларимдан устунроқдир.
- Хитой терма жамоасининг кучсиз тарафлари нимада деб ўйлайсиз?
- Ҳар бир жамоанинг кучли ва кучсиз тарафлари бўлади. Буни рақибларнинг ўтказган ўйинлари туширилган видео такрорлар ёрдамида билиб олишимиз мумкин. Аммо хитойликларнинг заиф тарафлари ҳақида нимадир дейишим қийин. Барчаси Ухань шаҳрида бўлиб ўтадиган ўйинда намоён бўлади.
- Чин юрти вакилларига қарши баҳсда Шанхай СИПГдаги жамоадошларингиз ва Хитой Супер лигасида тўп сурадиган бир қатор футболчиларга қарши майдонга тушасиз. Нима деб ўйлайсиз, уларнинг қайси бири Ўзбекистон учун ҳақиқий «бош оғриғи» бўла олади?
- Марчелло Липпи бир қатор тажрибали футболчиларни терма жамоа ўйинларига жалб этган. Аммо биз учун энг хавфли ўйинчи сифатида Шанхай СИПГ ҳужумчиси Ву Лейни алоҳида ажратиб ўтган бўлардим.
- Сиз билан биргаликда яна икки нафар ҳамюртимиз Хитой Супер лигасида тўп сурмоқда. Улар билан ҳар доим мулоқотда бўласизми? Шунингдек, терма жамоамизга қарши майдонга тушиши кутилаётган хитойлик футболчилари ҳақида мураббийлар штабига керакли маълумотларни бериб борасизларми?
- Албатта, улар билан ҳар доим суҳбатлашиб тураман. Бу барчамиз учун бирдек фойдалидир. Агар мураббийлар штабига хитойлик футболчилар ҳақида маълумот керак бўлиб қолса, ҳар доим биз бунга тайёрмиз ва керакли маълумотларни етказамиз.
- Хитойлик журналистлар ва мухлислар сизни Гуанчжоу Эвергранд ҳамда Хитой терма жамоаси сардори Женг Жи билан ҳар доим таққослашади. Сизлар икки терма жамоанинг юлдуз футболчилари ҳисобланасизлар. Хатто бир хил позицияда тўп сурасизлар. Ухандаги ўйинда Одил Аҳмедов ҳамда Ченг Жи ўртасидаги дуэльни гувоҳи бўламизми?
- Бу шунчаки Хитой ОАВнинг ёки мухлисларнинг фикри дейиш мумкин. Хитойга қарши ўйинда сардорлар ўртасидаги дуэльга гувоҳ бўлинмайди, балки икки мамлакат футболчилари ўртасидаги қарама-қаршиликни томоша қилишингиз ва таҳлил этишингиз мумкин. Қайси футболчи кучлироқ эканлигини ўйин давомида ўзингиз билиб олишингиз мумкин.
- Сизлар жойлашган гуруҳдаги вазият ҳақида қандай фикр билдира оласиз?
- Бизнинг гуруҳдаги ҳар бир иштирокчи мамлакатда Жаҳон чемпионат йўлланмасини қўлга киритиш имконияти сақланиб қолган. Бу дегани жамоалар сўнгги турга қадар жон-жаҳди билан ҳаракат қилади. Бизни олдимизга қўйилган энг асосий мақсад – Хитойни сафарда мағлуб этиш. Шундан сўнг, Жанубий Кореяга қарши учрашув ҳақида ўйлашимиз мумкин. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Агар ўз ўйинимизни кўрсата олсак, ғалаба йўлида бизни ҳеч ким тўхтата олмайди.
- Ўзбекистон аввалги Жаҳон чемпионти саралашидан кўра бу йил яхшироқ имкониятга эгами?
- Йўқ, деярли бир хил имкониятга эгамиз. 2014 йилда ҳам барчаси сўнгги икки ўйинга боғлиқ бўлиб қолган эди. Бу сафар ҳам худди шундай ҳолат такрорланмоқда.
- Мавсум аввалида Хитой Футбол Ассоциацияси томонидан маҳаллий чемпионат ўйинларида хорижий футболчилар иштирокига доир кутилмаган қарор қабул қилинди. Натижада Оскар, Ҳалк, Элкесон ва Рикардо Карвало каби тажрибали футболчилар билан рақобат олиб боришга мажбур бўлдингиз. Ушбу ўзгартириш сабаб футболчилар ўртасидаги интенсив рақобат ошдими?
- Бу кутилмаган ўзгариш футболчилардан кўра бош мураббийларга катта муаммо туғдирди. Сабаби мавсум аввалида улар ўз режаларига асосан бир қатор трансферларни амалга оширган эди. Хитой Футбол Ассоцияциясининг қарори мураббийларнинг аввалдан тузиб чиққан режаларини чиппакка чиқариб юборди.
- Албатта бу футболчилар ўртасидаги рақобатни ошириб юборди, аммо бу фақатгина хорижий футболчилар ўртасида кечмоқда. Бу жамоа ривожига салбий натижа кўрсатмай қолмайди. Шунинг учун, жамоадаги барча ўйинчилар асосий таркибдан ўрин олиш учун кураш олиб бориши керак.
- Шанхай СИПГ сафида жами 5 нафар хорижлик футболчи бор, лекин уларнинг фақатгина 3 нафари миллий чемпионат баҳсларида ўйин қайдномасига киритилиши мумкин. Кўп ҳолларда, бош мураббий сизни асосий таркибда майдонга туширмоқда. Бундай натижага қандай эришдингиз?
- Футболчи жамоа сафида майдонга тушадими ёки таркибдан четда қоладими машғулотларни юқори кайфият билан давом эттириши керак. Бир кун келиб ушбу сайи ҳаракатлар ўз натижасини беради.
- Осиё чемпионлар лигаси чорак финал баҳсида Хитойнинг яна бир клуби Гуанжоу Эверграндни йирик 4-0 ҳисобда мағлуб этилди. Ушбу ўйин ҳақида қандай фикр билдира оласиз?
- Миллий чемпионатнинг сўнгги тур учрашувларида ёмонроқ натижа қайд этган ҳолда, бир қанча очколарни бой бериб қўйдик. Шу сабабли барча эътиборимизни Осиё чемпионлар лигаси ва Хитой Футбол Ассоцияцияси кубоги баҳсларига қаратдик. Футболчилар вазиятни тўлақонли тушунган ҳолда, ОЧЛда муносиб тарзда ўйин кўрсатдик ва ғалабага ҳақли эришдик.
- Мавсум тугагандан сўнг, Шанхай СИПГ клубида фаолиятингизни давом эттирасизми?
- Йил аввалида жамоам билан уч йиллик шартнома имзолаган эдим. Бироқ бу шартнома келаси йилги мавсумларда шанхайликлар сафида ҳаракат қилишимни таминламаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун аввалдан нимадир дейишим қийин. Лекин ўзимнинг режам бўйича Шанхай СИПГ клубида қолиб, жамоа билан жуда кўплаб ютуқларга эришмоқчиман.
Манба: sports.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади