10:02 / 07.09.2017
4 629

ОФК ЖЧ-2018 саралаш ўйинларини текширади: келишилган ўйинми ёки сиёсий масала?

ОФК ЖЧ-2018 саралаш ўйинларини текширади: келишилган ўйинми ёки сиёсий масала?
Осиё футбол конфедерацияси ЖЧ-2018 саралаши доирасида Осиё минтақасида ўтказилган охирги тур ўйинларини текшириш юзасидан суриштирув ҳаракатини бошлагани ҳақида маълум қилди.

Айни пайтда ОФК вакиллари амалий ҳаракатга ўтишдан аввал, ўтказилган барча ўйинларга тегишли ҳисобот ва ҳужжатларни қайта кўриб чиқишини эълон қилган. ФИФА юрисдикциясида ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, ОФК суриштирувига ёрдам бериши белгиланган.

Июнь ойида ОФК раҳбарияти барча минтақа иштирокчиларига спорт мусобақасининг сиёсий бетарафлик тамойилини ҳурмат қилиши ва унга амал қилишга чақириб хат юборганди. Хат матнида ташкилот низомининг 3.2 моддасидан иқтибос келтирилади: «ОФК ташкилоти ҳар қандай сиёсий ва диний масалаларда бетараф».

Эслатиб ўтамиз, Осиё минтақасида «А» гуруҳида 5 сентябрь куни йўлланмани муддатидан аввал нақд қилган Эрон ҳамда иккинчи йўлланма учун имконият сақлаб қолган Сурия ўртасида, шунингдек, иккинчи ўринни эгаллаш учун Ўзбекистон ва Жанубий Корея терма жамоалари ўртасидаги учрашувлар бўлиб ўтди.

Икки учрашув ҳам параллел кечди, Тошкентдаги ўйинда ҳисоб очилмай қолди, бу ўйиндан бироз кейинроқ якунланган Теҳрондаги ўйиннинг охирги дақиқаларида эса сурияликлар иккинчи голни уриб, ҳисобни тенглаштирди ва гуруҳда учинчи ўринни эгаллаган ҳолда плей-офф ўйинларида иштирок этадиган бўлди.

Ижтимоий тармоқларда ОФК катта эҳтимол билан Эрон ва Сурия терма жамоалари ўртасидаги ўйинни келишилганлик даъвоси билан текшириши ҳақидаги тахминлар тарқалди. Текширувлар якунида бу ўйин келишилгани аниқланса, икки терма жамоа ҳам четлатилиши ва уларнинг ўрни гуруҳдаги кейинги ўринлардаги Ўзбекистон ва Хитой терма жамоалари билан тўлдирилиши мумкинлиги ҳақида тахминлар билдирилмоқда.

Лекин айрим экспертларнинг гапига, хусусан юртдошимиз, футбол мутахассиси Алишер Никимбаевнинг сўзларига кўра, гап Эрон - Сурия учрашуви ҳақида бормаяпти. Мутахассиснинг тушунтиришича, ОФКдаги хабарда «Июнь ойида ОФК раҳбарияти барча минтақа иштирокчиларига спорт мусобақасининг сиёсий бетарафлик тамойилини ҳурмат қилиши ва унга амал қилишга чақириб хат юборганди», дейилмоқда.

Июнь ойида эса Яқин Шарқ минтақасида Қатар билан боғлиқ дипломатик муаммолар юзага келган эди. БАА ва Саудия Арабистони каби давлатларга Қатарнинг BeIN Sport телеканали ходимлари мусобақани ёритишга қўйилмагани ҳақида шикоятлар ОФКга жўнатилган. BeIN Sport телеканали эса ОФКнинг расмий ҳамкори ҳисобланади.

5 сентябрь куни эса Эрон - Сурия учрашувидан ташқари Саудия Арабистони - Япония учрашуви бўлиб ўтган ва унда саудияликлар японлар устидан минимал ҳисобда ғалаба қозониб, ЖЧ-2018нинг тўртинчи йўлланмасига эгалик қилишганди. Афтидан, ушбу учрашувга ҳам BeIN Sport телеканали ходимлари қўйилмаган бўлиши мумкин.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » ОФК ЖЧ-2018 саралаш ўйинларини текширади: келишилган ўйинми ёки сиёсий масала?