Ва ниҳоят, кўпчилик кутган ўзгариш рўй берди. Ўзбекистон Футбол федерациясида раҳбарият алмашди. Мираброр Зуфарович Усмонов кетди, Самвел Бабаян кетди. Уларнинг ўрнига эса янги раҳбарият келди. Янги президент — Умиджон Аҳмаджоновнинг бунгача “Пахтакор” клуби вице-президенти лавозимида ишлагани ҳам бироз кўнгилни хотиржам қилади, боиси, у бевосита футболга алоқадор шахс, ҳар ҳолда футболни унча-бунча тушунади. Хўш, бу раҳбарият олдидаги асосий муаммолар нималардан иборат? Умиджон Аҳмаджонов аввало қандай муаммоларни ҳал қилиши керак? Қуйида шу ҳақда сўз юритамиз.
Футбол академиялари
Аввало, футбол академияларидаги шаффофликни кучайтириш керак. Боиси, айни пайтда тан олиш керак, академияларга футболчи қабул қилинишини иқтидор билан теппа-тенг равишда пул ҳам қилади. Буни кўп бора эшитганмиз, бизга бизни алдамайдиган одамлар айтиб беришган. Демакки, бу муаммони ҳал қилмаса бўлмайди. Ахир иқтидор моддий манфаатдан устун келсагина, бизда ҳам Роналду ва Мессилар етишиб чиқади. Футболни жону дилидан севадиган, футбол деса борини берадиган болакайларнинг иқтидорини пули йўқлиги учун йўққа чиқариш инсофсизлик-ку! Шу боис аввало академияларни бир ислоҳ қилиш лозим.
Миллий терма жамоа
Миллий терма жамоа — янги раҳбарнинг энг жиддий муаммоси. Гарчи Мираброр Усмонов “Мен келганимда ўзбек футболининг фундаменти йўқ эди, энди эса бор”, қабилида гапирган бўлса-да, аммо терма жамоанинг фундаменти ҳам анча нураб қолган. Шу боис янги иқтидорларни жалб қилиш керак. Бунинг учун президентдан фақат бир нарса — ўзимиздан бирорта иқтидорли мутахассисни терма жамоа мураббийлигига тайинлаш ёки четдан тажрибали мураббий олиб келиш ҳамда уларнинг ишига аралашмаслик ва аралашишларига йўл қўймаслик талаб этилади. Ахир Самвел Бабаян ана шундай ташқи таъсирларнинг қурбонига айланди. Айнан ана шу ташқи таъсирлар, таниш-билишчилик ва бошқа ҳоказолар миллий терма жамоамизни жар ёқасига келтириб қўйди.
Шахсий фикрим шундай — четдан тажрибали мураббий олиб келиш лозим. Чунки ўзимизнинг мураббийлар, барибир, “ўзбекчилигига” боради. Нима демоқчи бўлганимни тушунгандирсиз? Шу боис хорижий мураббийлардан бирортасини олиб келсак, нур устига нур бўларди. Нима, Хитой Марчело Липпини олиб келганида бизнинг бунга имконимиз етмайдими? Шундоқ ҳам миллион-миллион, керак бўлса, миллиард-миллиард пулларни ҳавога совуриб ётибмиз-ку! Шу пулларни тажрибали мураббийга сарфласак, натижа бўлади.
Коррупцияни йўқ қилиш
Тан олиш керак, бугунги кунда ўзбек футболида коррупция анчагина урчиган. Давлатимиз раҳбари спортга, хусусан, футболга катта эътибор қаратган. Демакки, бу соҳаларга яхшигина маблағ ажратилгани ҳам тайин. Халқимизда “Пул бор жойда манфаатпарастлар кўпаяди”, деган гап бор. Шу боисдан янги раҳбар ўзбек футболи раҳбариятида фақат футбол учун ишлайдиган, футбол учун жон куйдирадиган мутахассисларни қолдириши лозим. Ана шунда ҳеч қандай коррупция бўлмайди, ана шунда кассалардаги чипталар қўлга чиқиб, нархи осмон қадар кўтарилиб кетмайди, ана шунда Одил Аҳмедов таъкидлагандек келишилган ўйинлар кўпаймайди, ана шунда футболимиз ривожланади.
Албатта, бу муаммоларнинг ҳаммаси эмас. Ҳали биз тўхталиб ўтмаган муаммолар ҳам талайгина. Умид қиламизки, ҳаммаси ўз ечимини топади.
Манба: Mazmun.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда