Туркманистон пойтахтида Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларининг дастлабки чемпионлари аниқланди. Мусобақалар мезбонларнинг миллий спорт тури - туркман миллий кураши билан бошланганида ўзига хос рамзий маъно бор. Шунингдек, жиу житсу ва футзал бўйича баҳсларга старт берилди.
Туркман миллий кураши бўйича беллашувлар айниқса катта эътибор қозонди. Шанба куни полвонлар ушбу спорт турининг эркин услубида баҳс олиб боришди. Аксарият вазн тоифаларида мезбонлар зафар қучгани бежиз эмас. Лекин -75 ва -90 кг вазн тоифаларида олтин медаллар ўзбек полвонларига насиб этди.
Илҳомжон Машрабов ярим финалда мезбонлар вакили Дарё Абдиевни доғда қолдирди. Сўнгра туркман полвонларидан яна бири Оразмаммед Велмаммедовни енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. 23 ёшли полвонимиз Ўзбекистон терма жамоасига Ашхободдаги ўйинлардаги дастлабки олтин медални келтирди.
Обидали Мавлонов чорак финалда афғонистонлик Башир Аҳмад Муҳаммади устидан ғалаба қозонгач, чемпионлик йўлида икки мезбоннинг қаршилигини синдиришга муваффақ бўлди. Арслон Ибрагимқулиев ва Овезгелди Бердиев ўзбек полвони билан беллашувларда ожиз қолишди. Олтин медаль учун баҳс чоғида Обидали қўллаган усулга нафақат рақиби, балки унинг устози ва минглаб мухлислар ҳам тасанно айтишгани эътиборга лойиқ.
-100 кг вазн тоифасида Исломжон Қўлдошев чорак финалда мўғулистонлик Батболд Ботирни енгди. Лекин финал йўлланмаси учун курашда туркман рақиби Сейди Ботировга ютқазиб қўйди ва бронза медали билан тақдирланди.
-62 кг вазн тоифасида Файзулла Умматов чорак финалда эронлик Носир Ғорбанпурдан устун келди. Ярим финалда туркманистонлик Наврўз Эйеббердиевга имкониятни бой бериб, учинчи ўрин соҳибига айланди. Худди шу вазнда Абдурасул Ҳабибуллаев тожикистонлик Ибодулло Алибердизода билан чорак финалдаги беллашувда зафар қучди. Аммо финал йўлланмаси учун баҳсда афғонистонлик Аҳмад Амирига ютқазиб қўйди ва жамоадоши Файзулла Умматов билан бирга бронза совриндорига айланди.
-68 кг вазн тоифасида Шаҳобиддин Сангилов чорак финалда тожикистонлик Мусурмонқул Мустафоқуловни доғда қолдирди. Кейин эса туркман полвони Тойлимурот Дурдимуродовга ютқазиб қўйиб, бронза медали билан қаноатланишга мажбур бўлди. -82 кг вазн тоифасида Элдор Неъматов афғонистонлик Ҳикматуллоҳ Фанусни енгиб ярим финалга чиқди. Аммо туркман рақиби Бегмурот Бойдурдиев финал эшигини ёпиб қўйди. Натижада Элдор шоҳсупанинг 3-поғонасига кўтарилди.
Қизлар ўртасидаги беллашувлар ҳам ўта муросасиз кечди. -52 кг вазн тоифасида Шаҳзода Эргашева чорак финалда эронлик Лейла Сиёҳвашини енгди, кейин мусобақа мезбони Гулфия Жумаевадан устун келди. Финалда Эргашева туркманистонлик бошқа спортчи Лочин Бадаглиевага имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан тақдирланди. Келгуси ҳафтада 19 ёшга тўладиган Шаҳзоданинг ёрқин ғалабалари олдинда эканига ишонамиз.
Шу вазн тоифасида Манзураой Мўйдинова покистонлик Марьямни ортиқча қийинчиликсиз мағлубиятга учратди. Бироқ ярим финалда 17 ёшли Мўйдинова бўлғуси чемпионга ютқазиб қўйди. Манзураой учун бронза медали келтирган ушбу турнир ўзига хос мактаб бўлади ва орттирилган тажриба келгусида асқотади деган умиддамиз.
-58 кг вазн тоифасида Гулҳуморой Дадабоева эронлик Заҳро Маҳмудий ва мўғулистонлик Лхагвакху Очирпуревни енгиб, финалга чиқди. Аммо олтин медаль учун беллашувда туркманистонлик Зуҳра Мадраимова кучлилик қилди. - 68 кг вазн тоифасида мутахассисларимиз тажрибали Гулмира Исматовадан ғалаба кутишган эди. Покистонлик Бениш Хон ва туркман рақибаси Раъно Узоқова билан учрашувларда яққол устунликка эга бўлган Гулмира финалда мезбонлар вакиласи Насиба Суркиевадан енгилди ва делегациямиз ҳисобига навбатдаги кумуш медални келтирди.
-63 кг вазн тоифасида Дилафрўз Мамажонова беш марта гиламга чиқди. Жамоадоши Ҳавасхон Жўрақўзиева ва эронлик Лейла Саларванд устидан қозонган ғалабалари мухлисларда катта таассурот қолдирди. Лекин 17 ёшли Дилафрўз ҳозирча бронза медали билан тақдирланди, холос. Туркман миллий курашининг эркин усули бўйича ўтказилган баҳсларда ўзбекистонлик спортчилар 2 та олтин, 3 та кумуш ва 7та бронза медалини қўлга киритишди.
Жиу житсу турнирининг дастлабки куни Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан иккитаси ўз омадини синаб кўрди. -77 кг вазн тоифасида Суҳроб Усмонов ярим финалга қадар етиб борди. Бироқ шу жойда тўхташга мажбур бўлди. Туркман рақиби Бегенчмурот Какабаев билан жангда эски жароҳати панд берган Суҳроб бронза медали соҳибига айланди.
Шунингдек, футзал бўйича терма жамоамиз Япония жамоаси билан назорат учрашуви ўтказди. Қизиқарли баҳс 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. Умуман олганда, V ёпиқ иншоотларда ва жанг санъати бўйича Осиё ўйинларининг биринчи кунида мезбон Туркманистон спортчилари кўплаб ғалабалари билан мухлисларини қувонтиришди. 16 олтин, 14 кумуш ва 7 бронза медали қўлга киритилди.
Меҳмонлар орасида пешқадам Ўзбекистон делегацияси – ҳамюртларимиз ҳисобида 2 та олтин, 3 та кумуш ва 8та бронза медали бор. Кучли учликдан Таиланд делегацияси ҳам жой олиб турибди (2 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медали). Покистон, Мўғулистон ва Афғонистон вакиллари биттадан олтин медалга сазовор бўлишди. Тожикистонликлар ҳисобида 6 та (барчаси бронза), Эрон ва Қозоғистон термаларида 3тадан (барчаси бронза) медаллар бор.
Эслатиб ўтамиз, бугун соат 20:17 да Ашхободдаги Олимпия стадионида мусобақанинг тантанали очилиш маросими бошланади. Эртадан эса асосий беллашувлар старт олади.
Манба: olympic.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда