Сарлавҳага эътибор берманг... Футбол мухлисларининг куйган юрагини яна куйдирмаслик учун “ўқимасин” дедик.
Аслида футболга мухлислик қилиш ҳам бир санъат...
Агар миллий терма жамоа ғалаба қозонса, нафақат футбол мухлисларининг, балки барча ўзбекистонликларнинг қалби фахр ва ифтихорга тўлиши шубҳасиз!
Агар бунинг акси бўлса-чи?
Келинг, “Футбол ҳақида ўйлар” деб номланган туркум мақолалар орқали Ўзбекистон футболининг яқин ўтмиши ва келажак истиқболлари ҳақида фикр-мулоҳазалар юритсак...
Жорий йилнинг 5 сентябрь куни Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаши учинчи босқичида керакли очколарни тўплай олмасдан, 2018 йил Россияда ўтадиган жаҳон чемпионатига чиқиш йўлланмасидан маҳрум бўлди. Жанубий Кореяга қарши ўйинда терма жамоага фақатгина бир гол етишмади.
Ҳа, тан олиш керак, ўша маъшум кун Ўзбекистон терма жамоасига бир томондан омад етишмагани, шунингдек, Эроннинг ўз майдонида Сурияга сўнгги дақиқаларда тафовутни топширгани асосий сабаблардан бири бўлди. Бундан ташқари, терма жамоа ўз мухлислари кўз ўнгида сўнгги йиллардаги “кучсиз” деб аталган Жанубий Корея термаси дарвозасига битта гол ура олмади..!
Тўғри, терма жамоанинг омадсизликка учраганида бош мураббий Самвел Бабаяннинг нотўғри ўйин услуби танлаганлигини важ қилиб кўрсатиш мумкин. Шу билан бирга, мураббийнинг саралаш босқичи жараёнидаги айрим қайсарликлари — ўлганнинг устига тепган бўлди!
Келинг, шу ўринда ортда қолган вазиятга проффесионаларча ёндошайиб, мулоҳаза юритайлик.
Биринчидан, Ўзбекистон футболида ТИЗИМ ишдан чиққан!
Аслида энг катта хато мана шу. Азиз мухлислар, жумлаларга қўшилмасликка ҳақлисиз...
Лекин юқори шароитларга эга бўлган Ўзбекистон футболи аллақачон юқори чўққиларни забт этиш керак эди. Фақат аниқ дастур ва режа асосида иш юритилса, барчаси кутилганидан ҳам аълороқ натижани берарди.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда футбол ўйнаш учун шарт-шароитлар кўнгилдагидек. Мухлислар оқими, замонавий стадионлар деярли барча вилоятларда қад ростлаган.
Аммо бир савол бор... Ўша замонавий стадионларда қандай футболчилар тўп суришмоқда? Иқтидорли спортчиларми ёки “шунчаки” спортчиларми?
Улар қаердан пайдо бўлиб қолишган? Ҳақиқатда ҳам футболчилар жамоада ўз иқтидорлари таъсирида (!) ўйнаб юришибдими, ёки бошқа “нарсалар” эвазигами?
Ўзбекистонда ёш футболчиларни танлаб олиш учун скаутлар қўмитаси тузилганми?
Ушбу муаммони футболнинг ривожланиши йўлида биринчи ўринга қўйишнинг сабаби шундаки, скаутларсиз футболда ёрқин келажакка етиб бориш қийин.
Масалан, чет элда ҳар бир жамоанинг алоҳида скаутлар штаби бор. Негаки, жамоа скаутлар хизматига муҳтож.
“Манчестер Юнайтед” скаутлари ўз вақтида Криштиану Роналдудаги иқтидорни пайқашмаганида ким билади дейсиз, ҳозирда дунёнинг энг кучли футболчиларидан бири бугунда Роналду бўла олмасди балки...
Криштиану футболдаги профессионал фаолиятини “Спортинг” клубида бошлади, айни кунга келиб, футбол тарихига ўз номини “олтин ҳарфлар” билан муҳрлади.
Беркитишнинг хожати йўқ, бизнинг маҳаллий футболда жамоадан жамоага ўтиш ёки таркибга кириш учун “танк” ёки бироз “моддий комплимент” керак бўлади. Фақат шунинг эвазига юқори табақали клубларда футбол ўйнаш имконияти берилади.
Айрим футболчилар йиғин пайтида шундай “қинғир йўллар” билан жамоа сафига бориб қўшилишади. Шахсан ўзим бир нечта футболчининг бу ҳақдаги дарду нолаларини кўп эшитганман...
Фикримни тўғри қабул қилгайсиз, Ўзбекистонинг турли шаҳарлари, чекка қишлоқлари ва овулларида анчайин иқтидорли ҳаваскорлар бор. Уларда маҳорат ҳам, таъбир жоиз бўлса, отнинг калласидек юрак ҳам, ўзларига ишонч ҳам бор! Фақат аксарияти махсус спорт мактабларида тайёргарлик кўрмаган... Қисқаси, “мактаб кўрмаган” иқтидор эгалари ғиж-ғиж!
Улар “отасини пулига” ёки “тоғасининг обрўсига” ишониб майдонга чиқаётган баъзи бир футболчилардан кўп томонлама устун! Фақат улардан Ўзбекистон спорти учун яхши кадрлар тайёрлай олишни эплаш керак холос...
Бу кадрлар тайёрлаш, хусусан иқтидор эгаларини излаб топиш юзасидан мулоҳазалар эди. Ҳозирда футболда мавжуд бўлган айрим иқтидор эгаларининг “ўзини кўрсата оладиган майдонга” туша олиш ёки туша олмаслик масаласи ҳам долзарб.
Баъзи бир футболчиларнинг Олий Лига жамоасида тўп суриши учун молиявий шароити тўғри келмайди. Мана шундай ҳолатларда бир қанча иқтидор соҳиблари оила тебратиш мажбуриятидан бошқа касбни танлашади.
Бир назар солинг, футбол мактабларида кўпроқ кимларнинг фарзандлари таҳсил олмоқда?
Шубҳасиз, “мансабдорнинг ёқимтойи” ҳам келажакда яхши футболчи бўлиб етишиб чиқиши мумкин. Бироқ у футболни эмас, шуҳратпарастликни севади, олқишни истайди, “ўртамиёна” бўлиб юраверади, жойи чиқса, хориж клубларида “ўзини кашф этиш учун” кетади, бироқ миллий футбол келажагига, таъбир жоиз бўлса, футболга жонини тикмайди!
Бир сўз билан айтганда, яхши футбол ўйнаш илинжида эмас, пул ва сохта обрў топиш ишқида ёнади!
Тўғри, молиявий таъминоти яхши бўлган футболчи — иқтидорсиз бўлади, деган гапдан йироқман. Керак бўлса, пулинг бўлса, сен ҳам олиб бор, дерсиз...
Лекин фарзандингиз учун пул сарфлаяпсизми — уни назорат остига олишни ҳам унутманг! Спортда, энг аввало, юқори натижа! Бизнес — кейинги масала...
Ахир ким ҳам истамайди ўзбекистонлик футболчи “Реал”, “Барселона” ёки “Манчестер Юнайтед” каби катта клубларда ўйнашини?
Масалан, шу йили Россияда ўтган Конфедерациялар кубоги мусобақасида Германия терма жамоаси учинчи таркиб билан ғалаба қозонишни уддалади. Кўпчилик бошида Германиянинг ёш таркибига шубҳа билан қараганди. Лекин улар ҳақиқий футболни кўрсатиб қўйишди, масъулиятни ҳис этишди.
Ғалабада эса асосий вазифани скаут ва мураббийлар бажаришгани факт орқали исботлаб берилди. Чунки ёш футболчиларни кузатиш учун мураббий скаутга топшириқ беради.
Скаут эса изланишлар олиб боради, қидиради. “Қаерда яхши футболчи бор?” деб дунёга жар солади.
Лозим бўлса оддий чанг-тупроқдан иборат “майдонда” ўйнаб юрган болага эътибор қаратади, уларни мураббийга тавсия этади. Натижада, қарабсизки, оддий кўча футболчисидан —келажакда етук спортчи етишиб чиқади!
Ўзбекистонда-чи?
Ким ёш авлодга эътибор қаратяпти?
Бизда авлодлар алмашунуви қачон рўй беради ўзи?
Хуллас, Ўзбекистон футболининг келажакдаги мавқеи —ҳозирги ёшларга боғлиқ!
Терма жамоа эса ўсиб келаётган ёш ҳаваскорларга ўрнак бўла олмади...
Шу сабаб асносида ЎФФ раҳбариятидан халқ орасида кўпроқ юриб, истеъдодли ёш футболчиларни профессионаллар даражасига чиқишларида кўмаклашларини сўраган бўлардик.
Азизлар, мавзу давом эттирилади.
Сизнинг бу борадаги фикр-мулоҳазаларингиз қандай? Кимда оригинал таклифлар бор? Ахир мухлислик қилиш — фақат олқишлаш ёки танқид қилишдан иборат эмас-ку!
Таклифларингизни кутамиз...
Манба: Qalampir.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Родри "Олтин тўп" учун сўровномада кимга овоз бергани маълум бўлди