00:03 / 07.10.2017
5 581

«Обод», «Сўғдиёна» ва «Насаф» келишилган ўйинларда иштирок этган бўлиши мумкин

«Обод», «Сўғдиёна» ва «Насаф» келишилган ўйинларда иштирок этган бўлиши мумкин
Аввалроқ, Тошкентнинг “Обод” футбол клуби Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси Ижроия Қўмитасининг ЎФФ билан бирга келишилган қарорига кўра, футбол бўйича 2017 йилги Ўзбекистон чемпионати қатнашчилари сафидан чиқарилгани ҳақида хабар бериб ўтгандик.

Аммо хабарда нима сабабдан “Обод” жамоаси Олий Лига ўйинларидан маҳрум қилингани тўлиқ келтириб ўтилмаганди.

Ўзбекистон футбол Федерацияси Матбуот хизматининг маълумотига кўра, “Обод” лицензиялаш регламентининг талабларини бажармаганлиги сабаб Олий Лигадан четлатилган.

“Бугунги кунга келиб “Обод” футбол клубининг молиявий муаммолари, шунингдек, лицензиялаш регламентининг талабларини бажармаганлиги ЎзПФЛ Ижроқўмининг қарорига асос бўлди”, - дейилади расмий хабарда.

Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси Ижроия Қўмитаси ЎФФ билан келишган ҳолда ушбу қарорни қабул қилган бўлиб, “Обод” жамоаси регламентда кўрсатиб қўйилган бир қатор талабларни бажармаган ва ПФЛга аъзолик бадали пулларини шу кунгача тўлаб бермаган.

Маълумотларга кўра, “Обод” клубининг ПФЛ олдидаги қарзи умумий 112 миллион сўмни ташкил қилади. Шундан 90 миллиони аъзолик бадали тўлови, 15 миллиони Ўзбекистон фуқароси бўлмаган мураббийни рўйхатга қўйиш учун тўлов ва 7 миллиони бошқа турдаги жарима бўлган.

Шунингдек, “Обод” расмийлари томонидан Ўзбекистон клубларини лицензиялаш бўйича регламентга мувофиқ, клубни молиялаштириш манбалари тўғрисидаги маълумотнома ПФЛга тақдим этилмаган. Натижада ташкилот учун ушбу жамоа ниманинг ҳисобига молиялаштирилиши ҳақидаги масала тушунарсизлигича қолиб келган.

Бундан ташқари, “Обод” регламент талабларини қўпол равишда бузгани ҳолда, бир неча марта огоҳлантириш берилганига қарамасдан, лицензиялаш бўйича бирорта ҳам ҳужжатни расмийлаштирмаган.

Жамоанинг икки учрашуви шубҳали деб топилган. Олий Лига 20-тури доирасидаги “Обод” - “Сўғдиёна” (2:4) ва 22-турдан ўрин олган “Обод” – “Насаф” (0:6) ўйинларида қайд этилган натижалар Federbet халқаро нотижорат федерацияси томонидан шубҳага олинган. Натижада ташкилот ЎФФга хат ёзиб, ПФЛни ҳам бундан огоҳ этган. Бу ҳолат ҳам якуний қарор қабул қилишда муҳим ўрин тутган.

Мусобақалар регламентининг 4.26 бандига асосан “Обод” футбол клуби тақвимдаги ўйинларнинг яримидан кўпини ўтказиб бўлганлиги муносабати билан, олдиндаги ўйинларда жамоага техник мағлубият, унинг рақибларига эса техник ғалаба ёзилади. Ўтган ўйинлардаги огоҳлантириш ва четлатишлар ўз кучида қолади.

Ўзбекистон қонунчилиги ҳужжатларида кўрсатилганидек, “Обод” футбол клуби ўз ходимлари ва футболчилари олдидаги меҳнат шартномалари бўйича қарзларни узиш ва солиқ тўловларини тўлаш мажбуриятини сақлаб қолади. Жамоа ходимлари ва футболчиларига эса бошқа футбол клубларда қайдномадан ўтишга регламенти асосида рухсат берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Обод” жамоаси фаолиятини якунлаши ҳақида турли ҳил миш-мишлар тарқалганди, лекин сўнгги дақиқаларда украиналик инвесторлар жамоа ҳомийлигини ўз бўйниларига олиб, жамоани молиявий томондан таъминлашларини айтишганди, бироқ Олий Лигада қониқарсиз натижалар қайд этаётган клуб якунда инвесторларга ҳам керак бўлмай қолди.

Маълумот учун, “Обод” Олий Лиганинг 23-туридан кейин 9 очко билан турнир жадвалининг сўнгги поғонасини эгаллаб турганди.

Акмалхон Эшонхонов


Манба: www.uff.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Обод», «Сўғдиёна» ва «Насаф» келишилган ўйинларда иштирок этган бўлиши мумкин