10:44 / 14.10.2017
5 338

“Қишлоқи журналистлар” иборасининг муаллифи ЎФФдаги ўрнини бўшатиб қўйди...

“Қишлоқи журналистлар” иборасининг муаллифи ЎФФдаги ўрнини бўшатиб қўйди...
Ўзбекистон футбол федерациясининг таркибий тузилмасида амалга оширилаётган ўзгаришлар доирасида халқаро бўлим тубдан ислоҳ қилинди, деб ёзади Qalampir.uz нашри.

Шу пайтгача халқаро бўлим бошлиғи сифатида ишлаб келган Александр Давиденко ва унинг ёрдамчиси Шерзод Эгамбердиевлар ўз лавозимидан озод этилди.

Халқаро алоқалар бошқармаси сифатида янги ташкил қилинган структурага Олим Арифов раҳбарлик қиладиган бўлди.

Маълумот учун: Олим Арифов 1987 йилда Тошкентда туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган. Ўзбекистон футбол федерациясида 10 йил давомида турли лавозимларда ишлаган. Инглиз ва рус тилларида эркин сўзлаша олади.

Олим Арифовнинг ёрдамчиси сифатида турли ташкилотлар, шу жумладан спорт федерацияларида ишлаб келган Диёр Исомиддинов иш бошлади.

Ҳозирги кунда халқаро алоқалар бошқармасининг бошқа лавозимларига ҳам янги номзодлар кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Шерзод Эгамбердиев аввалроқ ўзбекистонлик журналистларни “футболни тушунмайдиган қишлоқи одамлар”га қиёслаганди.

Шунингдек, Шерзод Эгамбердиев Ўзбекистон терма жамоаси собиқ бош мураббийи Самвел Бабаян МТЖда яхши натижа кўрсата олмаган бўлсада, УНГА ҲАЙКАЛ ҚЎЙИШ КЕРАКЛИГИНИ таъкидлаганди.

ЎФФ ходимининг ушбу мантиққа тўғри келмайдиган сўзлари бутун бошли ўзбекистонлик журналистлар ва бир қатор фуқароларнинг асабини бузгани ҳеч кимга сир эмас.

ЎФФнинг янги президенти Умид Аҳмаджонов Эгамбердиевдан ташқари ЎзПФЛ ташкилоти раҳбари Фарход Магометов, Ўзбекистон футбол федерацияси xавфсизлик бошқармасининг ҳалол ўйинлар учун маъсул офицери Аҳрол Иноятовни ва Ўзбекистон футбол федерациясининг таркибий тузилмасига кирувчи футбол бўйича спорт маҳоратини ошириш Республика олий мактабининг директори ўринбосари Асқар Толибжоновларни эгаллаб турган лавозимидан озод этганлиги ҳақида хабар бергандик.

Футбол мухлислари юқорида танқид билан тилга олинган мутасаддиларга уларнинг иш фаолияти давомида ўз муносабатларини билдириб келгани рост.

Демакки, билдирилаётган танқидлар мутахассисларнинг шахсиятига эмас, уларнинг қониқарсиз иш фаолиятига қаратилганини пайқаш учун донишманд бўлиш шарт эмас.

Тайинланган янги мутасадди ходимларнинг ЯНГИ ИШ ФАОЛИЯТИ ҳам мухлисларнинг доимий назоратида бўлиши табиий...

Умид қиламизки, янги тайинланган мутахассислар ўз фаолиятларида мухлислар назаридаги “доғларни” қолдиришмайди!

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Қишлоқи журналистлар” иборасининг муаллифи ЎФФдаги ўрнини бўшатиб қўйди...