Сўнгги ҳафтанинг энг кўп муҳокама қилинган мавзуси бу Рўзиқул Бердиевнинг Ўзбекистон миллий термасига бош мураббий этиб тайинлангани бўлди.
Қизиғи шундаки, 22 октябрь куни 46 ёшга тўлган Рўзиқул Саъдуллаевич мамлакатимиз бош жамоасини фақат битта ўйинга тайёрлайди.
Хабарингиз бор, 14 ноябрь куни БАА ва Ўзбекистон термалари ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтади. Биз 20 йилдан бери «Насаф»га содиқ бўлиб келаётган мутахассисдан эксклюзив интервью олдик.
Маълумот учун, Бердиев 2008 йилда футболчилик фаолиятини якунлаб, мураббийлар штабига қўшилганди. 2012 йилдан эътиборан «Насаф» бош мураббийи сифатида ишлаб келяпти.
- Бу мен учун кутилмаган таклиф бўлди, - дея сўз бошлади Рўзиқул Саъдуллаевич. - Фарғонада «Нефтчи»га қарши кечган ўйиндан кейин федерацияга чақиришди. У ерда ЎФФ вице-президенти Шоакрам Исроилов билан учрашдим ва терма жамоани вақтинчалик бош мураббий сифатида қабул қилиб олишимни айтишди. Бу таклифга рад жавобини бериб бўлмасди. Битта ўйинга бўлгани учун розилик бердим.
- «Насаф» олдида ўта муҳим ўйинлар турган бир пайтда бу қарор клубингиз учун бироз қалтис эмасми? Ҳар ҳолда, «Насаф» ОЧЛ йўлланмалари учун кураш олиб боряпти...
- Бу ҳақда ўйлаб кўрдим. Ҳақиқатан ҳам «Насаф» учун жуда тиғиз ва шу билан бирга муҳим палла. Ҳамиша бир мураббий икки жамоада ишлашига қарши бўлганман. Лекин гап миллий терма ҳақида кетаркан, бу қоидаларни бироз четлаб ўтишга тўғри келди. Айтишади-ку, Ватан танланмайди, деб!
- ЎФФ билан расман шартнома имзоладингизми?
- Йўқ. Ҳаммаси оғзаки келишув асосида бўлди. Терма жамоани фақат битта ўйинга тайёрлайман.
- Вазифангизга қачондан киришасиз?
- Ишни бошлаб юбордик. Шахсан ўзим «Бухоро» - «Пахтакор» учрашувини бевосита стадиондан кузатдим. Ёрдамчиларим «Бунёдкор» - «Шўртан» баҳсини томоша қилишди. Бир кунда 2-3та ўйинлар ёзилган дискларни кўриб, таҳлил қиляпмиз.
- Мураббийлар штабида сизга кимлар ёрдам беряпти?
- Битта ўйинга тайинланганим учун асосан «Насаф»даги ёрдамчиларим Шуҳрат Тошпўлатов ва Денис Иванков кўмаклашишмоқда. Иванков дарвозабонлар билан ишлайди. Шунингдек, Жаъфар Ирисметов ҳам миллий жамоа мураббийлар штабидан жой олади ва биз билан БААга боради. 26-турда ҳам бир нечта эътиборга молик учрашувлар бор. Жумладан, «Бунёдкор» - «Пахтакор», «Локомотив» - «Қўқон-1912»... Бу ўйинларни ҳам ёрдамчилар ҳамроҳлигида кузатамиз. Бугунги кунда терманинг кенгайтирилган таркибидан 50 нафар футболчи жой олган.
- Бу рўйхатни сизга ЎФФ тузиб бердими ёки у ўзингизнинг кузатишларингиз асосида юзага келдими?
- Яқинда олий лига клублари мураббийларининг йиғилиши бўлиб ўтганди. Унда ҳар бир жамоа устози ўз кузатишлари асносида бош жамоага номзод футболчиларни тавсия этганди. Рўйхат шу асосда тузиб чиқилган. Улар орасида ўзим кузатиб юрган футболчилар ҳам бор.
- БААга қарши кечадиган ўйинга тайёргарлик қачондан бошланади?
- Режага кўра, 10 ноябрь куни Тошкентда йиғиламиз. Икки кунлик машғулотлардан сўнг БААга жўнаймиз. ФИФА кунлари арафасида тур ўйинлари ҳам бор. Бу учрашувларга таъсир ўтказмасликка ҳаракат қиламиз.
- Ўйин ФИФА кунлари ўтказилади. Шу нуқтаи назардан, унга легионерлар таклиф этиладими?
- Йўқ, фақат маҳаллий футболчилар хизматига таянамиз. Асосий эътиборни терма жамоада ўйнашга ҳақли, лекин кам ўйин амалиётига эга бўлганлар, қолаверса, иқтидорли ёшларга қаратамиз. Уларга кўпроқ имконият тақдим этмоқчимиз.
- Ўйиннинг БААда ўтказилишини инобатга олиб, ҳеч бўлмаса, араб клубларида ўйнаётган легионерларни таклиф қилмайсизми?
- Бу йиғинда легионерлар умуман бўлмайди. Ўйлайманки, БАА термаси ҳам бизга қарши ўзининг оптимал таркиби билан ўйнамайди. Уларда ҳам бош мураббий алмашган ва у таркибда ўзгаришларни амалга ошириши тайин. Шу сабабли, хорижда тўп сураётганларсиз ўйнашни нормал ҳолат деб ҳисоблайман.
- Мухлислар томонидан жиддий танқид қилинган Игорь Сергеев ва Александр Лобановнинг термага таклиф этилмаслиги ҳақида гап-сўзлар урчиди...
- Биз кўпроқ шу кунгача миллий жамоага чақирилган, лекин майдонга туширилмаган футболчиларга имконият берамиз. Сергеев ва Лобанов учун ҳам термамиз эшиклари очиқ. Лекин БАА билан ўйинда эътиборни бошқа футболчиларга қаратмоқчиман.
- Ҳамиша ҳужумкор футбол тарафдори бўлиб келгансиз. Термада ҳам шу анъанага содиқ қоласизми?
- Такрор айтаман, мен фақат битта ўйинда бош жамоага мураббийлик қиламан. БАА билан сафарда ўйнаймиз. Фақат ҳужумга берилиб кетиш ҳам яхши оқибатларга олиб келмайди. Ҳимояни эсдан чиқармаслик керак. Мудофаа чизиғини мустаҳкамламай туриб ғалабага эришиб бўлмайди.
- Рақиб жамоа ҳақида маълумот тўплаяпсизми?
- Ўрганишни бошладик. БААнинг ЖЧ-2018 3-саралаш босқичи доирасидаги Таиланд, Ироқ ва Саудия Арабистони термаларига қарши ўтказган ўйинлари ёзилган дискларни етказишди. Ёзувларни кўриб, таҳлил қиляпмиз.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Манба: www.interfutbol.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
1 декабрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Путин Украинанинг ядровий бомба яратишига йўл қўймасликка ваъда берди
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Япон психиатри қийинчиликларни қандай енгиш ва мазмунли яшаш сирларини айтди