10:41 / 03.11.2017
4 827

Воқеалар ривожидан ўзиб ёхуд "Локо" чемпионми...?

Воқеалар ривожидан ўзиб ёхуд "Локо" чемпионми...?
Яна уч ҳафтадан кейин Олий Лига-2017 баҳслари якунига етиб, ғолиб ва совриндорлар аниқланади. Ўтказилган 26-тур учрашувларидан кейин чемпионлик учун асосий даъворгар Тошкентнинг «Локомотив» клуби бўлиб турган бўлса, Қаршининг «Насаф» ва пойтахтнинг яна бир клуби «Пахтакор» ҳам математик жиҳатдан бош соврин учун имкониятга эга бўлиб турибди. Воқеалар ривожидан ўзган «Эрудит Спорт» жамоаларнинг чемпионлик ва совриндорлар сафидан ўрин олиш имкониятларини чамалади.

1. «ЛОКОМОТИВ» — 60 очко
Қолган ўйинлари:
27-тур: «Нефтчи» — «Локомотив»
28-тур: «Локомотив» — «Бухоро»
29-тур: «Динамо» — «Локомотив»
30-тур: «Локомотив» — «Бунёдкор»

Мавсум якунланишига 4 тур қолганда амалдаги чемпион «Локомотив» 60 очко билан энг яқин таъқибчиси «Насаф»дан 7 очкога ортда бормоқда. Олдиндаги тўрт учрашувда «Темирйўлчилар»ни жиддий тўқнашувлар кутиб турибдики, бу баҳсларда уларнинг очко йўқотиши мумкинлигини инкор этиб бўлмайди. 27-тур доирасида 3 ноябрь куни «Локо» Фарғонада Вадим Абрамов қўл остидаги лигада қолиш умиди ҳали сўнмаган «Нефтчи»га қарши саф тортади. Ўтган турда «Қизилқум»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этган водийликларни ғалабадан бошқа натижа узил-кесил тақдирларини ҳал этади. Шу боис, «Локо»ни Фарғонада осон ўйин кутаётгани йўқ.

Қолаверса, амалдаги чемпионнинг «Бухоро» билан, Самарқандда эса яна бир лигада қолиш учун кураш олиб бораётган «Динамо» билан, сўнгги 30-турда эса «Бунёдкор» жамоасига қарши ўйинлари борки, «Темирйўлчилар»ни олтин медалллар билан муддатдан олдин табриклаб қўйишга тўсқинлик қилиши мумкин.

2. «НАСАФ» — 53 очко
Қолган ўйинлари:
27-тур: «Насаф» — «Металлург»
28-тур: «Шўртан» — «Насаф»
29-тур: «Насаф» — «Пахтакор»
30-тур: «Навбаҳор» — «Насаф»

Олий Лиганинг кетма-кет саккизинчи учрашувида ҳам ғалабали сериясини давом эттирган «Насаф» жамоасининг ҳам олдинда қийин ўйинлар кутиб турибди. Қаршиликлар 27-турда ўзлари учун ноқулай рақиб саналадиган «Металлург»га қарши саф тортишса, 28-турда Ғузордаги «Воҳа дербиси»да «Шўртан»га қарши майдонга тушишади. Сўнгги икки ўйин эса анча оғир кечиши аниқ: «Насаф» 29-турда «Пахтакор»га қарши жуда муҳим ўйинда майдонга тушса, сўнгги турда Наманганга сафар уюштиради. «Навбаҳор»нинг ўз майдонида мағлубият нималигини билмаётганлигини инобатга олсак, «Насаф» жиддий қаршиликка учрашини тахмин қилиш мумкин.

3. «ПАХТАКОР» — 50 очко
Қолган ўйинлари:
27-тур: «Сўғдиёна» — «Пахтакор»
28-тур: «Пахтакор» — «Олмалиқ»
29-тур: «Насаф» — «Пахтакор»
30-тур: «Пахтакор» — «Обод»

Афсуски, «Пахтакор» жамоаси иштирокидаги ўйинлар можароларга сабаб бўлаётгани ачинарли ҳол. «Пахтакор»нинг «Бухоро» ва «Қўқон-1912»га қарши ўйинларидан кейин «Пахтакор» — «Бунёдкор» баҳсида ҳам ҳакамларнинг қўпол хатоларга йўл қўйганлигини барча кўрди. Пойтахт клубини кейинги тўрт учрашувда ҳам камида 9 очко жамғаришини тахмин қилиш мумкин. Зеро, жамоани 27-турда «Сўғдиёна» билан баҳс кутаётган бўлса, 28-турда «Олмалик»ни қабул қилади. 29-турдаги Қаршидаги «Насаф» билан ўйин «Пахтакор» учун энг асосийси бўлади. Сабаби, якуний тур баҳсида «Обод» билан учрашув ўтказилмайди ва техник ғалаба ёзилади. «Пахтакор» чемпионлик учун курашдан амалда чиққан бўлсада, совринли ўринлар учун курашиш имконияти яхши.

4. «БУНЁДКОР» — 45 очко

Қолган ўйинлари:
27-тур: «Бунёдкор» — «Навбаҳор»
28-тур: «Қўқон-1912» — «Бунёдкор»
29-тур: «Бунёдкор» — «Бухоро»
30-тур: «Локомотив» — «Бунёдкор»

«Пахтакор»га қарши ҳакамларнинг хатоси туфайли аламли тарзда мағлуб бўлган Миржалол Қосимов бошчилигидаги «Бунёдкор» клубининг медаллар учун курашишга математик жиҳатдан имконияти бўлсада, бунга ишониш жуда қийин. Зеро, «Қалдирғочлар»ни кейинги тўрт ўйини анча оғир ўтади. Қосимов шогирдлари 27-турда «Навбаҳор»ни қабул қилишса, кейин Қўқонга сафар қилишади. Сўнгги турлардаги «Бухоро» ва «Локомотив»га қарши сафар ўйинида очко олиш анча мушкул вазифа саналади. Шундай экан, «Бунёдкор» бор эътиборини Ўзбекистон Кубоги финалидаги «Локомотив»га қарши ўйинга қаратиб, ОЧЛ йўлланмасига эга чиқиши мумкин. Сабаби, финалгача «Темирйўлчилар» амалда Олий Лига чемпионлиги ва ОЧЛ йўлланмасини нақд қилиб улгурган бўлиши эҳтимоли катта.

Усмон ИБОДОВ

Манба: erudit-sport.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Воқеалар ривожидан ўзиб ёхуд "Локо" чемпионми...?