18:18 / 04.12.2017
5 441

«Пахтакор» Чемпионлар Лигасида ўйнайди. «Бунёдкор» Ўзбекистон Кубоги финалида «Локомотив»дан енгилди

«Пахтакор» Чемпионлар Лигасида ўйнайди. «Бунёдкор» Ўзбекистон Кубоги финалида «Локомотив»дан енгилди
Тошкентнинг «Локомотив» клуби яқиндагина кетма-кет иккинчи бор Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритганди. Энди жамоа Ўзбекистон Кубогида ҳам қаторасига икки бор зафар қучгани билан ёдда қолди.

«Бунёдкор» стадиони мезбонлик қилган Ўзбекистон Кубогининг финалида «темирйўлчилар» айнан «Бунёдкор»ни таслим қилди. Жорий мавсум тўпурари Марат Бикмаев томонидан урилган голга «қалдирғочлар» жавоб қайтара олмади, деб ёзмоқда Дарё нашри.

«Локомотив» бунга қадар 2014 ва 2016 йилларда ҳам Ўзбекистон Кубогида зафар қучганди. 2017 йилги соврин бу борада ҳисоб бўйича учинчиси бўлди. «Бунёдкор»да эса кубоклар сони 4 тани ташкил қилади.

Мирко Йеличич бошқарувида «Локомотив» кетма-кет икки марта «Олтин дубль» қайд этди. Яъни, Тошкент гранди ҳам чемпионатда зафар қучди, ҳам мамлакат кубогида барча рақибларини таслим қила олди.

Шу тариқа «Бунёдкор» халқаро майдондан четда қолди. Осиё Чемпионлар Лигасининг 2018 йилги мавсуми гуруҳ босқичида «Локомотив» иштирок этади. Чемпионатни кучли учликда якунлаган «Насаф» ва «Пахтакор» эса гуруҳ босқичигача бўлган йўлни саралаш орқали босиб ўтади. Агар «Бунёдкор» кубок финалида зафар қучганида, «Пахтакор» халқаро майдондан четда қолган бўларди.

Ўзбекистон Кубоги

Финал

4 декабрь, душанба


«Бунёдкор» — «Локомотив» 0:1

Гол: Марат Бикмаев, 7 (0:1).

Ўзбекистон Кубоги финалини Амирликлардан ташриф буюрган ҳакамлар бригадаси бошқариб борди. Ўйинни стадиондан кузатган ОФК президенти Шайх Салмон эса кубокни ғолиб жамоага топширди.

«Бунёдкор» ва «Локомотив»нинг чемпионат доирасидаги ўзаро ўйинларида томонлар 3 очкодан бўлишиб олганди. «Бунёдкор»да Миржалол Қосимов жамоаси 1:0 ҳисобида зафар қучган бўлса, «Локомотив» аренасида мезбонлар 3:2 ҳисобида ғолиб чиққанди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Пахтакор» Чемпионлар Лигасида ўйнайди. «Бунёдкор» Ўзбекистон Кубоги финалида «Локомотив»дан енгилди