23:39 / 28.12.2017
3 174

Таржимонликдан бош мураббийликкача ёки дўстликдан душманликкача. Жозе ва Пеп ҳикояси

Таржимонликдан бош мураббийликкача ёки дўстликдан душманликкача. Жозе ва Пеп ҳикояси
Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган ушбу мураббийлар ўртасидаги баҳс мунозараларнинг адоғи йўқ. Бир неча йиллар илгари бир жамоада гўёки аҳил-иноқ бўлиб фаолият юритган ушбу шахсларнинг Испанияда бошланган адовати ҳозирги кунда Англияда давом этмоқда.

Асли таржимон сифатида бош мураббий ёрдамчиси бўлиб юрган португалиялик Жозе Моуриньо бугунги кунга келиб футбол оламида улкан ютуқларни қўлга киритиб улгурди. Пеп Гвардиоланинг Барселонадаги зафарли юришлари Баварияга келганда тўхтаб қолган бўлсада, унинг Манчестер Ситидаги ҳозирги ишлари аъло даражада.

Қуйида Жозе Моуриньонинг қандай қилиб таржимонликдан бош мураббийга айланиб қолганлиги, Бобби Робсон ва Луи ван Галнинг алиштириб бўлмас ёрдамчисига айланган Жозенинг Барселона мураббийлар штабидаги унутилмас дамлари, нима учун Пеп Гвардиола унинг азалий рақибига айлангани ҳақида билиб олишингиз мумкин.

Яқин ўтмиш...

“Барса”ни оёққа турғазиб олгач, Бобби Робсон клубга Жозе Моуриньони олиб келиш фикрига тушди. Президент Нуньес қаршилик кўрсатди: шундоқ ҳам Робсонга уй ёрдамчиси ёллаган бўлса, яна таржимонга ҳам пул тўласинми энди? Ўз фикрида оёқ тираб олган Робсон ахийри Нуньесни кўндиради ва Жозега ҳотамтойларча ойига ўн минг песет белгиланади (100 евро атрофида).

Ўзининг интервьюларидан бирида “Барса”нинг ўша пайтдаги вице-президенти Жоан Гаспар шундай деган эди: “Турар жойга тўлаш учун Жозенинг сариқ чақаси ҳам йўқ эди. Шунинг учун клубда ўтказган дастлабки ойларида менинг меҳмонхонамдан қўним топган эди. Ўзининг “шунчаки таржимон” эмаслигини исботлаб бергач, маоши ҳам сезиларли даражада кўтарилди”. Британиялик журналист Киаран Килли берган маълумотга кўра, Жозенинг ойлиги 300 минг фунтга етган. Жозенинг оддийгина таржимон эмаслигини Испанияда дастлаб журналист Санти Хименес сезиб қолади. У инглиз тилини сал-пал тушунарди, Робсонниг илк пресс-конференциясида мураббийнинг гапларини шунчаки таржима қилибгина қолмай, унинг фикрларига ўзи ҳам анча-мунча “сайқал” бераётганини пайқаб қолади. Маоши ошганидан кейин Жозе Бобби Робсон яшайдиган денгиз бўйидаги турар жой — Сиджесга кўчиб ўтади.

Моуриньо ва Робсонинг қай тарзда танишгани алоҳида ҳикоя

Робсон билан танишгунга қадар Жозе 3 йил давомида “Витория”да ўсмирларни тайёрлайди. 1990 йилда бош мураббий Мануэл Фернандеш “Эштрела”га ўтади, ўзи билан бирга “Витория” мураббийларидан бирини ҳам олиб ўтади — ҳа, ҳа, тушундингиз, бу айнан ўша, бош мураббийни ўзининг ноёб дунёқараши билан ҳайратга солган Жозе эди. Лекин тақдирнинг ҳазилини қарангки, “Эштрела” 18-ўринга тушиб қолади ва иккинчи лигага равона бўлади. Фернандешни ҳайдашади, у Жозени ўзи билан янги клуб — «Оваренсе»га олиб кетмоқчи бўлади, бироқ Моуриньо «Эштреле»да қолишга аҳд қилади, у ерда мураббийлик курслари бўйича маърузачи Жезуалдо Феррейрининг штабида жисмоний тайёргарликка жавобгарликни ўз бўйнига олади. Бир йил ўтар-ўтмас Фернандеш ва Моуриньонинг йўллари яна кесишади. “Спортинг” президенти Соуза Синтра Фернандешни янги бош мураббий Бобби Робсонга ассистент қилиб тайинлайди, ўз навбатида Мануэл Жозени таржимонлик лавозимига таклиф қилади.

Робсон Лиссабонга етиб келганда уни аэропортда Синтра ва Моуриньо кутиб олади. Португал тилини ўрганиб олиш учун Робсон Моурга олдида кўп юравермасликни сўрайди. Бироқ Жозе фақатгина таржимонлик билан чекланиб қолмайди, дарвозабонлар билан шуғулланади, тайёргарлик машқларида иштирок этади, ўйинчи етмай қолганда майдонга ҳам тушади. “Танишганимизда бу собиқ мактаб ўқитувчиси (Жозени назарда тутяпти) менга отаси дарвозабон бўлганлигини, ўзи эса мураббийлик дипломига эгалигини айтган эди. Биз жуда яхши келишиб кетдик, рафиқаларимиз эса дарров дугона бўлиб олишди”, — деб ёзади Робсон ўз автобиографиясида.

1993 йилда Соуза Синтра Робсон билан маслаҳатлашмаган ҳолда “Бенфики”дан Паул Соуз ва Антонио Пашекни олиб келади, бу эса мураббий ва президент ўртасида низо келиб чиқишига сабаб бўлади. «Спортинг» чемпионатда пешқадамлик қилаётганди, бироқ Кубок эгалари Кубогида “Зальцбург”га 0:3 ҳисоб билан мағлуб бўлади, жамоа самолётда қайтаётганда Синтра бор овози билан Робсоннинг ишдан бўшатилганини эълон қилади. Бу мудҳиш хабар португалчасига жаранглагани учун, гап нимада эканлигини Робсон Моуриньодан эшитади. Лиссабонга қайтгач, Бобби хайрлашув базмини уюштиради, мастлигидан у ердан судралгудек бўлиб чиққан ярим ҳимоячи Сергей Шербаков автоҳалокатга йўлиқади, натижада 22 ёшида ногирон бўлиб қолади.

“Порту”ни оёққа турғазиш учун Робсонга ярим йил кифоя қилади. Ўзига ёрдамчи қилиб Мануэл Фернандешни эмас, Моуриньони олади. Жозе йилига 35 минг фунт маош олади. Уни Португалиянинг энг қиммат таржимон сифатида эътироф этишади. Лекин унинг асосий вазифаси рақибларни зимдан ўрганиш эди.

“Порту” билан икки карра чемпионликни қўлга киритгач, Робсон Йохан Кройффнинг “Барса”даги ўрнини эгаллайди. У “Барса”нинг вице-президенти Жоан Гаспар билан аввалдан таниш эди. Бу пайтда “Порту”да молиявий муаммолар келиб чиқа бошлаган эди, мавсум якунига бағишланган базмда ярим ҳимоячи Эмерсонга кўзи тушмаган Робсон Моуриньодан унинг маслаҳатисиз «Мидлсбро»га 6 миллион фунт билан ўтиб кетганини эшитади. “Мукофот пули бизга насиб қиладиган бўлди”, деб қўя қолди бунга жавобан Робсон.

Моуриньо Боббини Барселонага музокараларга олиб боради, таржимонлик вазифасини бажаради, кечки пайт ҳомиладор рафиқаси Тамининг олдига — Сетубалга қайтади. Бироқ йўлда мудраб кетаётган Жозе автоҳалокатга йўлиқади, омадни қарангки, енгил жароҳат билан қутулиб қолади. Бу жароҳат унга Робсоннинг Барселонадаги штабига кириб олиши учун халал бермайди. Ўзининг мазкур янги вазифасига киришар экан, Жозе икки ой ичида каталония тилни ўрганиб олади (“Бу ҳақида ҳеч ким билмаслиги кераклигини унга мен тайинлаган эдим, шу йўл билан у президент ва унинг одамлари суҳбатини тинглаб олиши мумкин эди”, дейди Робсон ўз автобиографиясида).

Бу пайтда Гвардиола “Барса”даги ҳаётининг 12-йилини бошдан кечираётганди.

80-йиллар аввалида Гвардиола Санпедор қишлоғидаги католик мактабида таҳсил олади, спектаклларда майда ролларни ижро этиб юради. Ҳафтада уч маротаба «Химнастик Мангреса» клубида машғулотларга қатнайди. Унинг буваси «Эспаньол»га мухлислик қиларди. Шунга қарамай, у “Барселона” атрофида ўралаша бошлайди. Учинчи уринишдан кейингина мураббийнинг назарига тушишга муваффақ бўлади. Уйдан узоқда бўлишига Пепнинг ота-онаси қаршилик қилади, лекин икки йилдан кейин “Барселона”га уни яна чақиришади. Гвардиола “Барса” академиясига кўчиб ўтади. Ўн саккиз ёшга тўлган Пеп клубнинг ўртоқлик учрашувида ўзининг дебют ўйинини ўтказади. Лекин биринчи бўлим сўнггида Кройффдан “Менинг бувим ҳам сендан чаққонроқ ҳаракатланса керак” деган “мақтов” эшитади.

Иккинчи имконият бир ярим йилдан кейин — марказий ярим ҳимоячи Луис Милья “Реал”га ўтиб, “Барса” президенти Нуньес “Ливерпул”дан Яна Мельбюни сотиб олишдан бош тортган пайтда насиб қилади. Яна бир ярим йилдан кейин “Барса” билан бирга Чемпионлар Кубогида ғалаба қозонади. Кройфф Гвардиолага шунчалик меҳр қўядики, уни ПСВдан сотиб олинган Ромарио билан танишув баҳонасидаги кечки овқатга ҳам ўзи билан олиб боради. Ўзининг Гвардиола ҳақидаги китобида каталониялик журналист Гильем Балаге шундай ёзади: “Ромарио ташқарига чиқиб кетганда, Кройфф Пепга ўзини бразилиялик юлдузнинг ўн беш ёшли ашаддий мухлиси каби тутмасликни уқтиради...”

Йохан Кройфф кетгач, “Барса”да унинг ўғли Жорди қолади. Жорди муаммо келтириб чиқармаслиги, бошқа ўйинчилар каби садоқатли бўлиши ҳақида янги бош мураббий Бобби Робсонга ваъда беради. Бироқ Жордининг мухолифат келтириб чиқариши мумкинлигидан хавфсираган Жозе Боббига уни бошқа жамоага сотишни маслаҳат беради. Manchester Evening News журналисти Киаран Келли Моуриньога бағишланган китобида ёзишича, Жозе Кройффнинг ўғлидан қутулиш фикрига шунчалик ёпишиб оладики, ҳатто Жордини сотиб олиш учун Барселонага учиб келган “МЮ” президенти Мартин Эдвардс билан музокараларда ҳам иштирок этади. “Менинг қанақа инсон эканлигим, йигитларни қандай тайёрлаётганим-у, кийиниш хонасида нима деганим, қачон йўталиб, қачон аксирганимгача клубда ўз мавқеини сақлаб қолган отасига етказиб бериши турган гап эди”, дейди Робби Жорди ҳақида.

Бироқ Жорди “МЮ”га ўтгандан ярим йил кейин ҳам Роббининг “йўталгани, аксиргани ҳақидаги” гаплар ташқарига ўрмалашдан тўхтамайди. 1997 йил 12 мартида Испания Кубогининг чорак финалида “Барса” ўз стадионида “Атлетико”га мағлуб бўлади. Биринчи таймдаёқ ҳисоб — 0:3. Трибунада шунчалар кўп оқ матолар пайдо бўладики (испаниялик футбол ишқибозлари мураббийнинг истеъфога чиқишига бўлган талабларини шундай намойиш этишган), қор ёғаётгандек эди гўё. Лекин иккинчи таймда ҳимоячилар Попеск ва Блан ўрнига ҳужумчи Стоичков ва Пицци майдонга тушади, қарабсизки, “Барса” 5:4 ҳисоб билан ғалаба қозонади. Каталония газеталарида бу ўзгариш учун қарорни футболчиларнинг ўзи қабул қилгани ҳақидаги гаплар болалаб кетади, лекин Пеп Гвардиола бу маълумотни инкор этади.

“Атлетико” билан бўлган ўйиндан уч ой ўтиб, Испания Кубоги финал босқичида “Бетис” билан бўлган тўқнашув танаффусида (ҳисоб 1:1 эди) иккинчи тайм учун стратегияни Гвардиола ва бошқаларга Жозе уқтираётган эди. Бобби эса... бир бурчакда жимгина ўтирарди. Уч ойдирки президент Нуньеснинг янги мураббий — Луи ван Гални танлагани ҳақидаги гап унга тинчлик бермасди. Балагенинг фикрича, жамоа устидан назоратни Бобби аллақачон — “Барса”даги илк кунлариданоқ, кийиниш хонасида чўккалаб олиб, тактик чизмаларни чиза бошлаганида йўқотган эди. “Робсон — бутун диққатини ҳужумга қаратади. Майдоннни учга бўлсак, Бобби фақат юқоридаги қисмни кўради. Менинг нуқтаи назарим эса ҳимояга йўналтирилган”, дейди интервьюларидан бирида Моуриньо.

«Атлетико» мураббийи Луис Фернандес билан бўлган баҳсдан сўнг, Моуриньонинг мухлислар олдидаги мавқеи анча ошади. “Барса” кийимидаги қандайдир нусха ҳакамга ҳадеб тихирлик қилавергани Луиснинг аччиғини чиқаради, лекин ўша “нусха” ҳеч иккиланмай Фернандес билан баҳслашишдан ҳам тап тортмайди. Натижада Кубок эгалари Кубогидаги ғалаба билан изма-из келган Испания Кубогидаги муваффақиятда Моуриньонинг ҳам ҳиссаси борлиги эътироф этилади. Бунга жавобан Жозе “Бугун, эртага, ҳар доим — “Барселона” менинг қалбимда”, дея хитоб қилади. 1997 йилда синглиси Тереза, 37 ёшли балеринанинг вафотидан тушкунликка тушган Жозенинг кўнгли бу ғалабалардан оз бўлса-да, кўтарилади.

“Барсеона”га кириб келган ван Гал Робсонни ҳам, Моуриньони ҳам суриб чиқаргани йўқ. Робсон клуб директори бўлди, янги истеъдодлар қидириб, дунё бўйлаб айланади. “Ливерпул”дан Стив Макманаманни олиш фикридан ван Гални Бобби қайтаради, “Депортиво” дан Ривалдони олиш маслаҳати ҳам ундан чиқади. Мураббийлик штабида Моуриньонинг қолиши ҳам Робсоннинг уринишлари билан бўлади. Жозе бош мураббийга ўз фикрини очиқчасига айтишдан тортинмасди, айнан мана шу нарса ван Галнинг ишончини қозонишига сабаб бўлади.

Мавсумнинг дастлабки ўйинларидан бирида — ЧЛ доирасидаги “Сконто” билан баҳсда Гвардиола оёғидан жароҳат олади. Йўлни кесиб ўтаётган чоғида жароҳатини баттарлашади. Қарийб бир ярим йил давомида Франция, Италия, Финляндияда даволанади. Ван Гал клубнинг янги капитани ўрнига айнан уни танлайди. Бу ҳаракати билан Луи Испания жамоаларининг сардорини тажрибали ўйинчи бўлиши кераклиги ҳақидаги одатни инкор этади. Сардорликка даъвогарлардан бири бўлган, лекин иккинчи жамоага “кузатиб қўйилган” Христо ва Луи орасида зиддият келиб чиқади. Пеп Луини Христога яна бир имкон беришга кўндиради, лекин Христо бунинг уддасидан чиқа олмайди ва тез орада Саудия Арабистонига учиб кетади.

Ван Гал Гвардиолани доим қўллаб-қувватлайди, шартнома билан муаммолар бўлганда ҳам уни ёлғиз қолдирмайди. Тузалганидан кейинги илк машғулотларидан бирида Гвардиола Ривалдо билан ўчакишиб қолади ва чаккасидан қаттиқ зарба олади. Пепнинг қайтиши “Барса”ни муваффақиятсизликлар занжиридан қутқара олмайди, жамоа 10-ўринга тушиб кетади. Гвардиола ва Ривалдо мураббийдан норози бўла бошлашади. Voetbal Internationalга берган интервьюсида ван Гал жамаонинг пастга қараб жадал тушиб кетаётганига ўйин тизими эмас, балки футболчилар айбдор эканлигини қистириб ўтади. Ривалдо El País журналистига мураббийнинг бефарқлигидан шикоят қилади, Пеп эса кийиниш хонасида ван Галдан айтилган гаплар учун изоҳ талаб қилади. Ван Гал Жозе Моуриньо орқали унинг интервьюсини нотўғри шарҳлашганини етказади.

99-йил ёзида ван Гал таркибдан беш кишини чиқариб юборади (Селадес, Бускетс, Луис Гарсия, шунингдек, Оскар ва Рожер Гарсия). Йохан Кройфф Гвардиолани ўзининг собиқ тарбияланувчиларига ён босишга даъват этади. Лекин ундан мураббийларнинг ишига бош суқишни истамаслиги ҳақидаги жавобни олади.

Ўша йилнинг ўзида ван Гал Гвардиоланинг ўйинлар соатини қисқартиради, унинг ўрнига эса 19 ёшли Хавини ўтказади.

1999-йил ёзида Моуриньони “Бенфика”га Юпп Хайнкесга ёрдамчи сифатида таклиф қилишади. Ван Гал бунга шундай муносабат билдиради: “Бенфика”га айтиб қўй, агар уларга керак бўлсанг, фақатгина бош мураббий сифатида борасан, агар уларга фақат ёрдамчи керак бўлса, “Барса”дан бир қадам ҳам кетмайсан”.

Ван Гал борган сайин Моуриньога кўпроқ имтиёз бера бошлайди. 2000 йил 16 май кунида “Барса”нинг Каталония Кубогида муваффақият қозонишида Жозенинг ҳиссаси катта бўлди. Финаль босқичида Хави ва 17 ёшли Тиаго Моттуни майдонга керакли пайтда туширади. Жозенинг мураббий сифатида муваффақиятга эришишида Гвардиоланинг ҳам хизматлари сезиларли бўлди. Ҳаммаси мана бундай бўлган эди: Пеп 1999 йил декабрда “Севилья” билан бўлган баҳсдаги мағлубиятдан кейин “Барса” таркибидан чиқади, Полшага қарши терма жамоада ўйнаш чоғида тўпиғидан жароҳат олади, тузалганидан кейинги биринчи ўйинни Каталония Кубогининг ярим финал ўйини бўлади, бунда “Барселона” 1:0 ҳисоб билан ғалаба қозонади.

Чемпионлик кайфияти билан ўтган икки мавсумдан кейин жамоа 2000 йил баҳорида “қовун туширади”. Президент Нуньес, мураббий ван Гал бирин-кетин клубни тарк этишади. Янги мураббий Лоренсо Серра Феррер “жуфтакни ростлаш вақти келган” футболчиларнинг рўйхатини тузиб чиқади. Бу “фахрий” рўйхатдан ўрин олганлардан бири Яри Литманеннинг эслашича, “Серра Феррер билан бўлган суҳбатдан сўнг Жозе хонадан отилиб чиқади, у шунчалик жаҳл отига мингандики, уч — инглиз, португал, испан тилларида сўкинарди”. Жозе Робсоннинг “Ньюкасл”даги штабига боришдан бош тортади. Бир неча ҳафта дам олади ва 2000 йил сентябрида “Бенфика”га келади. Яна бир мавсумни муваффақиятсиз ўтказган Гвардиола ҳам “Барса”ни тарк этади, 2001 йилда “Ювентус”га ўта олмагач, “Брешия” таркибига қўшилади. Бир ярим ойдан кейин унинг қонида допинг аниқланади, ва у 4 ойга дисквалифакция қилинади. 2007 йил 23 октябрдагина Брешия аппеляция трибунали уни оқлаб чиқади.

Бу пайтга келиб Пеп “Барса Б” жамоаси билан 3-дивизионда ғолиб чиқди. “Челси”дан ҳайдалган Моуриньо эса энди ўзига кела бошлаган эди. Бир ойдан сўнг ЧЛ доирасида “Барса” - “Лион” баҳсида дуранг натижа қайд этилади. 80-дақиқада пенальти талаб қиламан деб ўзини бошқара олмай қолган мураббий Франк Райкард ҳакам Стефано Фарина томонидан четлаштирилади. Вице-президент Марк Ингла ва спорт директори Чики Бегиристайн мураббийлик лавозимига саккиз кишидан иборат номзодлар рўйхатини тузиб чиқишади. Венгер, Лаудруп ва Пеллегрини рўйхатдан “секингина сурилиб чиқади”, Вальверде ҳам уларга эргашади. Фақат иккита номзод қолди — Гвардиола ва Моуриньо.

2008 йил январида “Барса” раҳбарлари Моуриньо билан Лиссабон банкининг биносида кўришишади. Жозе “Барса”ни ривожлантириш бўйича ўзининг 27 ғоясини тақдим қилади. Бу ғоялар орасида 20 ёшли Мессининг “гуллаб-яшнашига” тўсқинлик қилиши мумкин бўлган Роналдиньони сотиш ҳам бор эди. “Барса” президенти Лапорта охир-оқибат Гвардиолани танлайди, лекин Жозенинг маслаҳатига ҳам амал қилади.

Шундан бери Гвардиола Жозе учун ашаддий рақиблардан бирига айланди...

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Таржимонликдан бош мураббийликкача ёки дўстликдан душманликкача. Жозе ва Пеп ҳикояси