date
views 5 738

Криштиану Роналду: Ўғлим iPhone 6 олиб беришимни сўраганида, унга рад жавобини бердим

Криштиану Роналду: Ўғлим iPhone 6 олиб беришимни сўраганида, унга рад жавобини бердим

Роналду “As” ва “Sky Sports” журналисти Гильем Балаге “Реал” ҳужумчиси Криштиану Роналду ҳаёти ҳақида китоб ёзмоқда. Шу ҳафтада ана шу китобдан баъзи парчалар хориж оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди, деб ёзмоқда Uff.uz сайти.

Қуйида эътиборингизга ана ўша парчаларнинг таржимасини ҳавола этамиз.

“Отам билан муносабатларим ёмон эди”
“Менинг отам пиёниста эди. Мен уни бу аҳволда кўриб, жуда хафа бўлардим. Отам ичкилик балосидан қутилишини, ҳамма оталарга ўхшаб мен билан ўйнашини, мени эркалашини истардим. Албатта, кўп ичкилик ичишига қарамай, отамни яхши кўрардим. Аммо ҳеч қачон у билан орамизда самимий, очиқ-ойдин суҳбат бўлмаган. Ҳеч қачон. Балки бутун ҳаётим давомида фақат бир марта бўлгандир...

Отам 2005 йил оламдан ўтди. У Лондондаги касалхонада оғир аҳволда ётганди. Мен ўшанда бош мураббийимиз сэр Алекс Фергюсонга: “Отамнинг ҳолидан хабар олиш учун унинг олдига кетмоқчиман”, - дедим. Ўша пайт мавсумнинг энг муҳим палласи эди. Шунга қарамай Фергюсон кетишимга рухсат берган. “Отангнинг олдида футбол ҳеч қандай қийматга эга эмас. Бемалол унинг олдига бориб, кўриб келавер”, - деб айтган. Сэр Алекснинг бу ишини ҳамиша қадрлайман.

“Ўғлим iPhone 6 сўраган эди, унга рад жавобини бердим”
“Ҳар доим ўғлим бўлишини орзу қилардим. 25 ёшлик пайтимда ёш ота бўлишни жуда ҳам истагандим. Бу истагим амалга ошди. Ўғлимни онасисиз, бир ўзим катта қилаётганимга келсак, бунинг ҳеч қандай муаммоли тарафини кўрмаяпман. Кўпчилик болаларнинг онаси ҳам, отаси ҳам йўқ.

Шу сабабли ўғлим отаси билан яшаётгани етарли деб ҳисоблайман. Мен ҳеч қачон ўғлимнинг онаси ҳақида ҳеч кимга ҳеч нарса айтмаганман. Бундан кейин ҳам айтмайман. Ўғлим катта бўлганида, унинг ўзига ҳаммасини тушунтириб бераман. Ётиғи билан. Умид қиламанки, ўғлим мени тўғри тушунади. Ўғлимнинг дунёга келиши ҳаётимни қаттиқ ўзгартириб юборди. Ўғлимнинг кулаётганини кўрсам, бу менга кучли руҳий қувват беради.

Ўғлим ҳам менинг йўлимдан бориб, ҳужумчи бўлишини, кўплаб голлар киритишини истардим. Аммо унга кўпроқ дарвозада туриш ёқади.

Албатта, ўғлимнинг тарбиясига катта аҳамият қаратаман. Катта, юмшоқ тўшакларда ухласа, ҳар куни нонуштага йогурт ва меваларни тановул қилса, отасининг гаражида қимматбаҳо машиналар турса, талтайиб кетиши ҳеч гап эмас. Яқинда ўғлим мендан iPhone 6 олиб беришимни сўради. Мен унга рад жавобини бердим.

Кейин эса телефонни нима қилишини сўрадим. “Сизга қўнғироқ қилиб туриш учун, дада”, - деди ўғлим. Мен эса бунинг учун бувисининг телефонидан фойдаланиши мумкинлигини айтиб ўтдим. Албатта, ўғлимни туну кун назорат остида ушлаб тура олмайман. Аммо етарлича таълим ва тўғри тарбия бериш – отанинг ўғлига ҳадя қилиши мумкин бўлган энг яхши совға деб ҳисоблайман.

“Месси билан рақобат борасида ортиқча ташвишга тушмайман”
“Мен Месси билан рақобатлашиш борасида ортиқча ташвиш чекмайман. Сўнгги 8 йил давомида ўзимнинг энг юқори даражамни намойиш қилиб келмоқдаман. Яна шундай бирорта футболчини менга кўрсата оласизми?

Дунёнинг энг яхши футболчиси билан иккинчи ўринда ўйинчи ўртасидаги фарқ – майда деталларда. Масалан, қўлга киритадиган совринларингга ҳам кўп нарса боғлиқ. Балки сиз Мессини энг зўр деб ҳисобларсиз. Яна кимдир Иньестани биринчи ўринга қўяди. Мен эса ўзимни энг зўр футболчи деб биламан.

Умуман олганда, унчалик камтар инсон эмасман. Буни тан оламан. Аммо футболчи сифатида ўсиб бориш учун ўрганишдан ҳеч қачон бўйин товламайман. Бу борада бошқаларнинг фикрини эшитишга, улардан нимадир ўрганишга интиламан. Менга бошқа спорт турларини томоша қилиш, бошқа спортчиларнинг ҳаракатларидан ўзим учун фойдали бирор жиҳатни ўрганиш ёқади”.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Криштиану Роналду: Ўғлим iPhone 6 олиб беришимни сўраганида, унга рад жавобини бердим