21:10 / 29.01.2018
4 829

Умид Аҳмаджонов: “Сизларни ҳам мукофот кутиб турибди, албатта, чемпион бўлиб қайтинглар”

Умид Аҳмаджонов: “Сизларни ҳам мукофот кутиб турибди, албатта, чемпион бўлиб қайтинглар”
Аввал хабар берганимиздек, бугун, 29 январь куни футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1-11 февраль кунлари Хитой Тайпейида ўтказиладиган Осиё чемпионатида иштирок этиш учун жўнаб кетишади.

Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мажлислар залида мусобақада қатнашадиган футзалчиларимизни кузатиш маросими ўтказилди.

Тадбирда Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти, мамлакат футзал терма жамоаси, Осиё чемпионатида ғолиб бўлган бир қатор ёш футболчилар иштирок этишди.

Кузатиш маросимида Миллий олимпия қўмитаси раиси Умид Аҳмаджонов ёшлар терма жамоаси ғалабаси ҳақида нутқ сўзлади ва шу қаторда футзалчиларга ҳам омад тилади.

“Мана, куни кеча Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Хитойда якунланган мусобақада чемпионликни қўлга киритиб, ўзбек халқига бир олам қувонч бағишлади. Улар мухлисларнинг ишончини қайтариб бердилар.

Уларнинг йўлини сиз футзалчиларимизга ҳам тилаб қоламиз. Нима ёрдам керак бўлса очиқчасига айтинглар.

Барча шароитни яратиб беришга тайёрмиз. Чемпион бўлиб қайтинглар. Сизларни ҳам худди ёш футболчиларимиз сингари мукофотлар кутиб турибди.

Ёшларимизнинг ғалабасини халқ байрам қилмоқда. Нима ёрдам керак бўлса бунга тайёрмиз. Ортингизда 33 миллионлик ўзбек халқи, мамлакат Президенти ва биз турганимизни эсдан чиқарманглар”, деди Умид Аҳмаджонов.

Шундан сўнг футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Баҳодир Аҳмедов сўзга чиқди. Умид Аҳмаджонов футзалчилар олдига худди ёш футболчилар каби чемпионлик вазифасини қўйди.

Ўз ўрнида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров ҳам сўз олиб, футзалчиларимизга омад тилади.

Яратилган шароитлар, тантанали кутиб олиш маросими ва мукофотлар учун алоҳида миннатдорлик билдириб ўтди.

Тадбир якунида Равшан Ҳайдаров Умид Аҳмаджоновга рамзий маънода Осиё чемпионатининг олтин медалини совға қилди.

Олимпия терма жамоасининг етакчи футболчилари Рустамжон Ашурматов ва Жавоҳир Сиддиқовлар жамоадошлари номидан яратиб берилган шароитлар учун миннатдорчилик рамзи сифатида давлати раҳбари Шавкат Мирзиёевга эсдалик совғасини бериб қўйишни илтимос қилиб, Умид Аҳмаджоновга топширишди.

Эслатиб ўтамиз, футзалчилар Осиё қитъаси чемпионатида Япония, Тожикистон ва Жанубий Корея терма жамоалари билан бир гуруҳдан ўрин олганлар.

Ўзбекистон футзал терма жамоаси турнирдаги илк ўйинни 1 февраль куни Жанубий Корея терма жамоасига қарши бошласа, 3 февраль куни Тожикистонга қарши майдонга чиқади. Гуруҳдаги сўнгги ўйин эса 5 февраль куни Японияга қарши бўлиб ўтади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Умид Аҳмаджонов: “Сизларни ҳам мукофот кутиб турибди, албатта, чемпион бўлиб қайтинглар”