19:00 / 06.02.2018
4 175

Кристиан Карамбё: “Ўзбекистон футболи ишончли қўлларда”

Кристиан Карамбё: “Ўзбекистон футболи ишончли қўлларда”
Аввалроқ, футбол бўйича Жаҳон чемпионати кубоги Тошкентга олиб келингани ва “Hyatt Regecy” меҳмонхонасида шу муносабат билан матбуот анжумани ташкил қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Кубок анжуман иштирокчиларига тақдим этилгандан сўнг, тадбирда иштирок этган FIFA элчиси футбол бўйича 1998 йилги Жаҳон чемпионатида Франция терма жамоаси сафида чемпионликни қўлга киритган Кристиан Карамбё, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов ҳамда Coca-Cola компаниясининг Ўзбекистондаги раҳбарияти вакиллари ўз фикр мулоҳазаларини айтиб ўтдилар.

“Умид қиламизки, Ўзбекистон терма жамоаси яна тўрт йилдан сўнг, Қатарда ўтадиган Жаҳон чемпионатида иштирок этади. Бир кун келиб бизнинг терма жамоа ҳам ушбу кубокни қўлга киритади ва биз кубокни Ўзбекистонда қолдирамиз”, деди Умид Аҳмаджонов.

Рустам Қурбонов ушбу кубок Ўзбекистонга келганидан хурсанд эканлигини айтиб ўтди: “Ўзбекистон учун Жаҳон кубогини қабул қилиш ва Мундиал ғолибини кутиб олиш катта шарафдир”.

“Барчага хайрли кун тилайман. Жаҳон чемпионати кубоги билан бирга Ўзбекистонга келганимдан хурсандман. Бизни кутиб олганларга раҳмат айтмоқчиман.

Ўз ўрнида яқинда Осиё чемпионлигини қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоасини ҳам табриклайман. Ушбу чемпионлик мамлакат футболига, албатта, фойда келтиради.

Сизнинг терма жамоангиз ҳам кейинги Жаҳон чемпионатида қатнашишига умид қиламан. Юртингиз футболи ишончли қўлларда. Терма жамоага омад тилайман”, деб айтиб ўтди Карамбё.

Coca-Cola раҳбарияти вакили кубокнинг Ўзбекистонга олиб келинишига изоҳ берди:
“Жаҳон кубогини олдин бормаган мамлакатларга олиб боришни истадик. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон танланди”.

Матбуот анжуманидан сўнг FIFA элчиси билан биргаликда Жаҳон чемпионати кубоги барчага намойиш этилди.
Кейин ЖЧ кубоги “Ўзбекистон” спорт мажмуасига йиғилганларга намойиш қилинди.

Футбол бўйича ФИФА нинг Жаҳон Чемпионати кубоги – дунё биринчилиги ғолибларига топшириладиган, аммо ФИФА ихтиёрида қоладиган асосий соврин. У соф олтиндан ясалган бўлиб, вазни 6,142 кг ни ташкил қилади. Унинг композициясида ер шарини қўллари билан кўтариб турган икки инсон акс эттирилган. Расмий кубок 1974 йилдан бери мана шундай шаклга эга.

ФИФА қоидаларига кўра, дунёдаги энг машҳур ва қимматли спорт рамзларидан бирини фақат турнир ғолиблари ва давлат раҳбарлари ушлаши мумкин. Кубок ҳеч кимга бутунлай бериб юборилмайди. Уни қўлга киритган ғолиб жамоа афсонавий кубокни кейинги мундиалгача ўзида сақлайди. Кейин эса унинг олтин суви юртилган нусхасини қабул қилиб олади.

Айнан шунинг учун ҳам ноёб, ягона саналган мукофотни кўришдек имкониятни – Coca-Cola компанияси FIFA World Cup Trophy Tour доирасида барча футбол мухлисларига тақдим этмоқда. Футбол ишқибозлари ана шу имкониятдан бажонидил фойдаланишади, ахир бошқа пайт бош совринни фақат ФИФАнинг Цюрихдаги Жаҳон футболи музейида кўриш мумкин.

Манба: www.the-uff.com

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Кристиан Карамбё: “Ўзбекистон футболи ишончли қўлларда”