18:26 / 26.02.2018
2 902

Uzbek Tigers жанглари нима сабабдан Термиздан Тошкентга кўчирилди? Бокс федерацияси бу масалага тушунтириш берди

Uzbek Tigers жанглари нима сабабдан Термиздан Тошкентга кўчирилди? Бокс федерацияси бу масалага тушунтириш берди
Uzbek Tigers жамоаси боксчиларининг Термиз шаҳрида ўтиши режалаштирилган WSB таснифидаги жанглари пойтахт Тошкентга кўчирилгач, айрим нашрлар бунга ўз муносабатини билдирди, деб ёзди Ўзбекистон бокс федерацияси.

WSB мусобақасининг ўтган мавсумида Uzbek Tigers жамоаси Кубанинг машҳур Cuba Domadores клубини Самарқанд шаҳрида қабул қилиб, 3:2 ҳисобида зафар қучганди. Бу йил ҳисобидан Cuba Domadores жамоасига қарши жанг Термиз шаҳрига тақдим этилганди. Бироқ яқиндагина Тошкентга ташриф буюрган AIBA вакиллари МОҚ раҳбарияти билан учрашувда бўлиб, WSB обрўсини кўтариш масаласида ўзаро ҳамкорлик қилишни сўраган. Бунда телетрансляция масаласи катта ўрин тутиши, шунингдек, ринг ва унинг атрофидаги ҳолатнинг талаб даражасида бўлиши муҳим аҳамият касб этади, дейилади хабарда.

Шу боис бокс федерацияси МОҚ билан маслаҳатлашиб, Cuba Domadores ҳамда Colombia Heroicos клубларига қарши икки кун оралиғида ўтадиган жангларни Тошкентга кўчиришга қарор қилган. Бунда биринчи навбатда телетрансляция масаласи ва унинг сифати ҳисобга олинди. Шунингдек, Ўзбекистон томони билан илиқ муносабатларни йўлга қўяётган AIBA вакилларида яхши таассурот қолдирган ва шароитлари қониқарли бўлган «Универсал» спорт мажмуаси варианти афзал билинди.

Термиз учун ваъда қилинган жанглареса 6—7 апрель саналарига режалаштирилмоқда. Шу куни WSB гуруҳ босқичининг 4-тури доирасида Венесуэла боксчилари Uzbek Tigers клубига қарши рингга чиқади. AIBA таклифи бўйича, Термиздаги бокс кечасига жиддий тайёргарлик кўрилади. Телетрансляция ва ташкилотчилик юқори савияда бўлиши учун бироз вақт кераклиги инобатга олиниб, федерация бокс кечасининг санасини ўзгартирди, манзил эса сақлаб қолинди.

МОҚ нафақат вилоятлардаги бокс мухлисларини хушнуд этиш, балки Ўзбекистоннинг жаҳонда тутган ўрни ва мамлакатда спортга бўлаётган эътиборни муносиб тарзда намойиш қила олиш талабини қўйган. Ҳасанбой Дўстматов, Шаҳобиддин Зоиров, Иқбол Холдоров, Исроил Мадримов, Баҳодир Жалолов каби машҳур боксчиларнинг вилоятларда жанг ўтказиш анъанаси сақлаб қолинади. Бироқ ҳамма нарса пухта режа ва юқори ташкилотчилик асосига қурилиши керак бўлади, дейилган бокс федерациясининг изоҳида.

Cuba Domadores ҳамда Colombia Heroicos клубларига қарши жанглар 27 февраль ва 1 март саналарида ўтади.МОҚ таклифи билан бокс оқшомига Тошкент шаҳридаги имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган республика касб-ҳунар коллежи, 100-сонли полимилит таянч ҳаракати бузилган болалар интернати ҳамда 23-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ташриф буюради. Уларни «Универсал» спорт саройига олиб келиш учун махсус автобуслар юборилади.


Ўз навбатида кейинчалик ҳам вилоятларда ўтадиган жангларни томоша қилиш учун юқоридаги каби имконияти чекланган болаларни ўз бағрига олган масканларда шароит бўлади. Uzbek Tigers жамоаси гуруҳ босқичини муваффақиятли босиб ўтиб, чорак финалга йўл олса, Самарқанд ва Термиздан кейин, қолган машҳур шаҳарлар ҳам бокс кечаларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Манба: Daryo.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Uzbek Tigers жанглари нима сабабдан Термиздан Тошкентга кўчирилди? Бокс федерацияси бу масалага тушунтириш берди