12:38 / 08.03.2018
2 801

Криштиану Роналду: «ЖЧда фаворит эмасмиз» (интервью)

Криштиану Роналду: «ЖЧда фаворит эмасмиз» (интервью)
Мадриднинг «Реал» клуби ва Португалия терма жамоаси етакчиси Криштиану Роналду Бразилиянинг youtube.com сайтидаги Desimpedidos каналига интервью берди.

Қуйида қизиқарли тарзда кечган суҳбат билан танишишингиз мумкин.

— Мухлислар хақида гапириб берсангиз.
— Роналдуни ёқтирадиганлар бис­ёр ва албатта, кимларгадир ёқмайман. Мени севадиган, қўллайдиганларни ҳамиша ҳурмат қиламан.
Марсело ва Каземиро Бразилияда мени қўллайдиганлар кўплигини таъкидлашади. Бунга сабаб тилимиз бир хиллиги эмас (бразилияликлар ҳам португалчада гаплашишади). Бу мени бахтли қилади.

— «Олтин тўп»ни беш марта қўлга киритишингизни билганмисиз?
— Йўқ... Ўзгача болакай эканлигимни билардим. Чунки синфдошларим орасида ажраб турардим. Келажакда нима бўлишини олдиндан айтиш қийин. Аввал «Спортинг»да тўп сурдим, кейин «Манчестер Юнайед»га ўтдим.

Айнан ўшанда жаҳоннинг энг кучли футболчилари қаторида ўйнай бошладим. Шу билан бирга улар орасида ажраб турганман. Манчестердаги фаолиятимдан кейин «Олтин тўп»ни ютишим мумкинлигига ишондим. Умуман олганда, бу сов­рин ҳақида 16, 17 ёки 18 ёшлигимдан ўйлай бошлаганман.

— Сизда «Жаҳоннинг энг яхши футболчиси бўлишим керак» деган хаёл бўлгандир?
— Йўқ. Агар ўзингизга босим қилсангиз, бу ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Ҳаммаси ўз йўлида кетиши керак. Менинг ҳаётим ҳам шундай кечди.

Агар бир нарсага ўта берилиб кетсангиз, мақсадга эришиш қийин бўлади. Бунақаси нафақат профессионал фаолият, балки шахсий ҳаётда ҳам юз беради.

— Болалигингизда қайси футболчилар сизни руҳлантирган?
— Ҳар доим профессионал футболчи бўлишга интилганман ва Португалия термасида ўйнашни орзу қилганман.

Руи Кошта, Фернандо Коуту ва Луиш Фигу ўйинларини кузатиб, улар билан бирга тўп суришни орзу қилганман. Ушбу юлдузларга қараб:
«Мен уларнинг орасида ўйнашим керак», дердим. Охир-оқибат терма жамоа аъзосига айландим.

— Деку ҳақида гапирасиз, деб ўйлагандим.
— Ҳа, Деку билан термага тенг келганмиз. У худди мен каби миллий жамоада 2003 йилдан ўйнай бошлаган.

— Ўшанда сизнинг ишқибозингизга айланганман.
— Жиддийми?

— Ҳа! Вингер позициясида ўйнардингиз. Футболдан ташқари яна нималарни ёқтирасиз?
— Уйда футбол кўрмайман. Айрим дербилар, катта ўйинларни томоша қилишим мумкин. Менга кино, сери­ал­лар, ҳужжатли фильмлар, мусиқий концертлар кўпроқ маъқул.

Шунингдек, саёҳат қилишни ҳам ёқтираман. Дам олиш кунлари Франция, Англия, Португалияга бораман.

— Келинг, миллий терма ҳақида гаплашамиз. Сиз жамоа етакчиси ва тўпурарисиз. Португалия ЖЧ-2018да қанчалик узоққа бориши мумкин?
— Жаҳон чемпионатида жамоамиз фаворит эмас. Мусобақада биздан кўра кучли рақиблар бор: Бразилия, Испания, Германия, Аргентина. Бироқ футболда ҳамма нарса рўй бериши мумкин.

Олдимизда Испанияга қарши қийин бўлган биринчи ўйин бор. Испанлар чемпионлик учун асосий даъвогарлардан биридир. Авваламбор, биз гуруҳдан чиқишимиз лозим, у ёғини кейин кўрамиз.

Асосий мақсадимиз - «плей-офф» босқичи йўлланмасини қўлга киритиш.

— Орзуингиз борми?
— Футболда ҳамма нарсага эришиб бўлдим, деб ўйламайман. Бошқа томондан, орзуим ушалди, дейишим мумкин. Агар мендан «Яна қандайдир сов­рин ютишни истайсанми?», деб сўрасангиз, жаҳон чемпионатида ғолиб чиқишни айтаман.

Мабодо фаолиятимни ҳозир якунлайдиган бўлсам, фахр билан, бахтиёр ҳолда тугатардим. Фаолиятим бунчалик муваффаққиятли кечишини ўйламагандим.

— Деярли 700та гол ургансиз. Шундан энг яхши учтасини айта оласизми?
— Бир нарса дейиш қийин. Эҳтимол, охирги голларим энг муҳимларидир. Лекин сиз аниқ жавоб кутяпсиз. Балки ўзингиз айтарсиз, қайси голларим чиройли эканини?!

— Менга «Манчестер Юнайтед» сафида «Порту» дарвозасига жарима майдони ташқарисидан урган голингиз ёқади.
— Ҳа, ҳа.

— Кейин «Портсмут» дарвозасига эркин зарбадан урилган гол. Қизиқ, сизнинг ўрнингизга жавоб беряпман.
— Аниқ жавоб бериш қийин. Хайриятки, чиройли голларни кўп урганман.

— Уларни ҳеч бўлмаса эслай оласизми?
— Ёдимда. Сиз учта гол ҳақида сўрадингиз. Юқорида айтганимдек, жуда кўп маротаба тўп киритганман. Улар орасидан учтасини танлаб олиш мушкул. Чемпионлар Лигасидаги голлар эса ҳамиша муҳим.

— Сизни Крис деб атасам бўладими?
— Албатта.

— Крис, ойнага қараб, «Мен жуда чиройлиман» деган кунларингиз ҳам бўлганми?
— Ҳа. Менга нисбатан кучли эътибордан кейин ўзимни яхши кўришга ҳақлиман. Ўзимни идеал деб ҳисобламайман, лекин ўзимга-ўзим баҳо беришим керак.

— Энди Бразилия ҳақида гаплашамиз. Яқинда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида «Гремио»га қарши ўйнадингиз. Жамоаларингиз орасидаги фарқ яққол кўринди. Рақиб футболчилари Навас дарвозаси олдида ҳеч қандай вазиятни юзага келтира олишмади. Сиз ҳам бу фарқни сездингизми?
— Ҳар қандай финалда икки жамоа­нинг имкониятлари тенг бўлади. Лекин ўртадаги фарқни сездим. Тан олиб айтиш керак, «кўҳна қитъа» футболи анча кучли, Хитой, Бразилия ёки Мексикада футболни яхшироқ ўйнашади, дея олмайман.

Европада жаҳоннинг энг яхши ўйинчилари тўп суришади. Бу ерда рақобат ўта кучли, шунинг учун қудратли клубларга қарши баҳс олиб борасиз. Бразилияликларнинг техник сало­ҳияти таҳсинга сазовор.

Аммо улар «Барселона», «Реал», «Атлетико», «Севилья» каби клубларга қарши ҳар доим ҳам ўйнашмайди. Агар ўз ўйинимизни намойиш қилсак, финалда ғолиб чиқишимизни билардим. Албатта, «Гремио» ажойиб жамоа. Унинг қандай кучга эга эканлигини билардик.

— Бразилиянинг қайси клубларини биласиз? Улар сафида ўйнаган бўлармидингиз?
— Айни пайт Европада ўйнашни истайман. «Фламенго», «Гремио» каби клублар Европада ҳам машҳурлар. Бразилия футболи, Португалия­да ўйнаётган бразилияликларнинг ўйинларини кузатиб бораман.
Умуман олганда, ушбу мамлакат футболчиларининг имкониятлари жуда катта.

— Қачонгача жаҳоннинг энг яхши футболчиси бўлиш учун номзодлар қаторида юрасиз?
— Ҳеч қачон бешта «Олтин тўп» ютишни орзу қилмаганман. Агар ҳозироқ фаолиятимни якунлашимга тўғри келса, ўзимни жуда бахтли ҳис қилган бўлардим. Футболда ҳамма нарса ютдим. Борди-ю яна икки ёки учта «Олтин тўп»ни қўлга киритсам, асло хафа бўлмайман.

Агар бунинг акси бўлса... тасаввур қиляпсизми, беш марта ютдим. Албатта, амбиция­ларим бор ва жаҳоннинг энг яхши футболчиси бўлишга даъвогарлар қаторида юришга арзийман. Айримлар бунинг аксини айтади, бироқ мен ўзимга ишонаман.
Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади

Манба: www.interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Криштиану Роналду: «ЖЧда фаворит эмасмиз» (интервью)