18:25 / 03.04.2018
2 783

Про-лига учун ортиқча «плей-офф» ўйинлари нимага керак?

Про-лига учун ортиқча «плей-офф» ўйинлари нимага керак?
Гап шундаки, газетамизнинг иккинчи саҳифасида мунтазам ёритиладиган мулоҳазаларда миллий чемпионатимиз форматини янгилаш масаласи 2015 йилда кўтарилган ва асосли таклифлар билдирилганди. Қувончлиси, ўша таклифлар асосида Суперлига формати белгиланди.

Бунинг учун футболимиз мутасаддилари ва мутахассисларидан миннатдормиз, албатта. Бироқ ўша таклифларнинг бир қисми Суперлига билан боғлиқ баҳс-мунозаралар сабабли бироз эътибордан четда қолди. Ўша мулоҳазада олий ёки биринчи лига эмас, балки миллий чемпионатимиз форматини комплекс янгилаш масаласи кун тартибида кўрилганди.

Унга кўра, олий лигани «Бош лига» биринчи лигани «Авангард лига» деб номлаш ва қайта ташкиллаш, иккинчи лига мақомидаги ҳаваскорлар лигасини тузиш назарда тутилганди. Афсуски, олий ва биринчи лигага «Суперлига» ва «Про-лига» деб ном берилди. Майли, энди номларга кўникамиз.

Лекин келажакда амалга ошириладиган лойиҳалар нуқтаи назаридан бу номлар моҳиятни ифодалай олмаслигини ва уларда ўзига хослик йўқлигини айтишимиз даркор. Зеро, тараққиёт шу каби мулоҳазалардан бошланади.

Яна миллий чемпионатимиз формати масаласига қайтамиз.

Хуллас, ўшанда Про-лига тақдирига ойдинлик киритилмади. Натижада, бу муаммо сўнгги кунларда яна юзага қалқиб чиқди. Тўғри, футболимиз янгиланиш ва тажрибалар даврида яшамоқда.

Аммо Про-лига формати масаласи бу қадар ортга сурилиб кетмаслиги керак эди. Чунки, кечиккан ишни бажариш чоғида, барибир, айрим жиҳатлар ақл кўзидан нари қочади. Назаримизда, Про-лига форматида ҳам шундай нуқсон кўзга ташланмоқда.

Савол туғилади: нима учун «В» гуруҳида биринчи ва иккинчи ўрин ҳамда «А» гуруҳида иккинчи ва учинчи ўринни эгаллаган жамоалар ўртасида ўтиш ўйинлари ўтказилади? Бу ҳол спорт тамойилларига зид эмасми? Хўш, «В» гуруҳининг қайси вакили Суперлига йўлланмаси учун курашишга тайёр?

Дадил айтиш мумкинки, ҳеч бири! «А» гуруҳининг камида олтита вакили эса йўлланмани қўлга киритишдан умидвор ва бу умидворлик замирида асослар етарли. Шундай экан, ҳозир ҳам, мавсум якунида ҳам савия жиҳатидан яққол фарқ­ланиб туриши аниқ бўлган жамоалар ўртасида ўтиш ўйинларини ташкиллашдан аслида ҳеч қандай мантиқ йўқ.

Фикримизча, ортиқча ўтиш баҳсларини ташкиллаш ғояси Про-лига иштирокчиларини икки гуруҳга ажратилиши натижасида туғилган. «В» гуруҳи вакиллари ўзларини камситилгандек ҳис қилмасликлари учун шундай йўл тутилган, шекилли. Энди мавсум якунида икки кучли жамоа икки нисбатан заиф рақиб билан куч синашади.

Фалакнинг гардиши билан ортиқча «плей-офф»да инфратузилмаси кучсиз жамоа ғолиб чиқса, нима бўлади? У ҳолда, Суперлига аутсайдерига имкон бериладими ёки «А» гуруҳининг енгилган жамоаси йўлланма учун яна қўшимча баҳсда қатнашадими?

Охир-оқибат ПФЛ Суперлиганинг 11- ва 12-иштирокчисини спорт тамойилларига эмас, балки вазиятга қараб танламайдими? Мутасаддиларнинг вазият тақозоси билан мажбурий ўзгаришларга қўл ураверишлари мухлислар қалбида уйғонаётган ишончга соя солмайдими?

Шундай оғриқли саволлар туғилмаслиги учун биз анча аввал Про-лига баҳсларини ҳам Суперлига форматида ўтказиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлагандик. Ана ўшанда Про-лигада ҳам, ҳаваскорлар лигаси, яъни иккинчи лигада ҳам 12тадан жамоа баҳсларда иштирок этарди.

Шунда миллий чемпионатимизда ҳозиргидек 30та эмас, балки 36та жамоа тўп суришига шароит яратиларди. Балки ПФЛ номидан келиб чиқиб иккинчи лигани ёшлар лигаси, деб аталар?!

Энг муҳими, уччала лигада ҳам мусобақаларни ўтказиш регламенти бир хил бўлиши, «олтин очко» қоидаси сақланиши лозим. Узр, реал воқеликдан яна таклифларга бурибмиз.

Нима деб ўйлайсиз: бу яхшими ёки ёмон? Бизнингча, таклифларнинг бўлгани яхши. ПФЛ бу мавсум бўлмаса, кейингисида мазкур мулоҳаза-таклифларни ҳисобга олар, эҳтимол. Ҳарқалай, мавсум якунидаги ортиқча «плей-офф»лар на мухлисга, на етакчи клубларга ёқади.

Манба: www.iff.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Про-лига учун ортиқча «плей-офф» ўйинлари нимага керак?