01:46 / 04.04.2018
3 783

"Қироллик клуби" ярим финал масаласини илк ўйиндаёқ ҳал қилди

"Қироллик клуби" ярим финал масаласини илк ўйиндаёқ ҳал қилди
Европа чемпионлар лигасининг чорак финалида "Реал" ва "Ювентус" ўртасидаги тўқнашувда мадридликлар фаворит сифатида қаралаётган эди. Аммо Туриндаги ўйиндаёқ ярим финал босқичи тақдири ҳал бўлишини кўпчилик кутмаганди.

Баҳснинг 3-дақиқасидаёқ Криштиану Роналду ҳисобни очиб, "кекса синьора" юзига "тарсаки" туширди. Чап қанотда Марсело Искони олдинга бошлади ва испаниялик футболчи жарима майдончасига ерлатиб узатма берди. Роналду ҳимоячиларни ортда қолдирди ва тўпни дарвозага жойлади.

Аллегри жамоаси учрашувни мағлубият билан бошлашга тайёр эмас эди. Мезбонлар ўзларига келиб олиш учун ярим таймни сарфлашларига тўғри келди. Ўйиннинг 21-дақиқасида туринликлар ижросидаги хавфли жарима тўпини Кейлор Навас катта маҳорат билан бартараф этишга муваффақ бўлди. Орадан 15 дақиқа ўтиб иккала жамоа биттадан хавфли вазият яратишди. Крооснинг жарима майдончаси тақшарисидан берган зарбасидан кейин тўп тўсинга тегиб, юқорига кўтарилиб кетди. Бурчак тўпи ўйинга киритилган вазиятда Кьеллини қулай вазиятдан бош билан аниқ зарба бера олмади.

"Ювентус" иккинчи бўлимни катта иштиёқ билан бошлади, аммо "қаймоқранглилар" ишончли ҳимояланиб, рақибга имконият бермади. Аксинча, Кьеллинининг қўпол хатоси навбатдаги гол билан якунланди. Ҳимоячи оддий вазиятда тўпни Буффонга узатишда хатога йўл қўйди. Роналду тўпга етиб олиб, уни орқароққа етказди. Васкеснинг зарбасини Буффон қайтарди, аммо қайтган тўпга Карвахаль етиб борди ва 11 метрли нуқта устига узатма берди. Криштиану акробатик зарба билан Жанлуиджини доғда қолдирди — 0:2. Жуда чиройли гол!

Мазкур гол амалда "Ювентус"ни "синдирди". Боз устига, орадан 2 дақиқа ўтиб Дибала иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни тарк этди. Баҳснинг 72-дақиқасида меҳмонлар қисқа паслар орқали "Юве" ҳимоясини ёриб ўтишди: Марсело яккама-якка вазиятда Буффон дарвозасини забт этди.

Аллегри шогирдлари ўйинга кўшиб берилган дақиқаларда битта жавоб тўпини киритиши мумкин эди. Аммо Куадрадо бирга-бир вазиятда дарвозага аниқ зарба бера олмади.

Жавоб баҳси 12 апрель куни "Сантьяго Бернабеу"да бўлиб ўтади.

ЕЧЛ, чорак финал
Ювентус Италия – Реал Мадрид Испания 0:3 (0:1)

Голлар: 0:1 – 3 Роналду, 0:2 – 64 Роналду, 0:3 – 72 Марсело.
Ювентус – Буффон, Бардзальи, Алекс Сандро, Де Шильо, Кьеллини, Дуглас Коста (Матюиди, 69), Бентанкур, Хедира (Куадрадо, 75), Асамоа (Манджукич, 69), Дибала, Игуаин.
Реал Мадрид – Навас, Варан, Марсело, Карвахаль, Рамос, Модрич (Ковачич, 82), Каземиро, Иско (Асенсио, 75), Кроос, Бензема (Васкес, 59), Роналду.
Огоҳлантиришлар: Бентанкур (26), Дибала (45), Рамос (55), Ковачич (88).
Четлатиш: Дибала (66).

Манба: stadion.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Қироллик клуби" ярим финал масаласини илк ўйиндаёқ ҳал қилди