21:10 / 08.04.2018
7 251

Муҳаммад Салоҳ – Мисрнинг иккинчи “мўъжизаси”

Муҳаммад Салоҳ – Мисрнинг иккинчи “мўъжизаси”
Мисрда икки мўъжиза бор. Бири тарихий Гиза эҳромлари, иккинчиси эса афсонавий Муҳаммад Салоҳ.

"Ливерпуль" ўйнаган вақтда Қоҳирадаги ҳар қандай кафега қаранг — бу жуда ажойиб ҳолат! Икки соат давомида у халқни бирлаштиради ва атрофдаги барча даҳшатлар ҳақида унутамиз".

Муҳаммад Салоҳ Ҳамид Гали

1992 йилнинг 15 июнь куни Искандариядан унча узоқ бўлмаган Нариг қишлоғида дунёга келди.

Уйдаги эски рангсиз телевизорда камдан-кам ҳолатларда олиб берилган ўйинларда — Роналдо, Тотти, Зидан каби футбол юлдузлари ҳаракатларидан ҳайратланган Салоҳ ўзининг севимли машғулоти билан фақат 7 ёшга тўлгандагина шуғулланишни бошлади. Қишлоқда футбол тўпи бўлмаганлиги сабаб, у дўстлари билан кўпчиликка таниш усул — пайпоқдан тўп ясаб, футбол ўйнарди.

Ҳозирда Салоҳда ҳаммаси ўз ўрнида, айтиш лозим бўлса — барчаси ажойиб. У "Ливерпул"нинг бош юлдузи, чет тилини ўрганди, ҳафтасига 100 минг фунт олади. Буларнинг ҳаммаси камбағал болалик хотираларини ва Қоҳирага бориш учун бир неча соат кетган пайтларни унутишга етади.

Муҳаммад ўзининг энг севимли инглизча сўзи "Love" (Севги) эканлигини айтган. Ва албатта, у алдамаган. Футболчи атрофидагиларга ҳурмат кўрсатадиган ва ҳар доим меҳрибон бўлишга интиладиган қаҳрамонга ўхшайди.

Салоҳ 2017 йилнинг ноябрида терма жамоа сафида Конгога қарши ўтган (2-1) учрашувда дубль қайд этиб, Мисрнинг Россияда бўлиб ўтадиган ЖЧга боришини таъминлаган кечада унинг уйини ўғри шип-шийдон қилиб кетади.

Орадан бир неча кун ўтиб жиноятчи топилади ва ҳибсга олинади. Салоҳнинг отаси эса судга ариза беради.

Ўғилнинг бу ҳолатга муносабати эса ҳамма учун бирдек кутилмаган ҳол бўлиб чиқди. У дарҳол бу даъволардан воз кечишни сўради, ўғри билан учрашди, унга пул бериб, қўшимчасига иш топишга ёрдам ҳам берди. Ҳаттоки, айбдор буни оқлолмаган тақдирда ҳам, Салоҳ унинг учун энг муҳимини қила олди: у инсонга имконият тақдим этди.

Мисрлик ишбилармон Мамдуҳ Аббос терма жамоа ЖЧга чиққанидан қаттиқ қувониб, Салоҳга ҳашаматли вилла совға қилишни хоҳлаб қолади. Салоҳда фақатгина янги уйни экскурсия қилиш учун бирор кунни танлаш қолганди. Бироқ, Муҳаммад буни дарҳол рад қилди. У Аббосга агар уни хурсанд қилишни истаса, шунчаки, Нариг қишлоғини ривожлантириш учун пул ажратиши мумкинлигини билдирди.

Салоҳ ўзининг жонажон қишлоғи учун қайғуради. У пул ўтказмалари билан чегараланиб қолмайди, балки у ерда мактаб, ёпиқ футбол майдони қуриб, спорт зали учун ускуналар сотиб олди.

Қишлоқ раҳбари ундан чексиз миннатдор. "Салоҳ нафақат қишлоғимизни жаҳон харитасида қайд этди, шунингдек, у яна қишлоқ ривожи учун пул бермоқда. У Базиун касалхонасига вентиляцияли хона, дори-дармонлар ва тез тиббий ёрдам машинаси учун пул хайрия қилди", — дейди қишлоқ раҳбари Махер Шетия.

Салоҳ, шунингдек, ёш жуфтликларга оила қуриши учун пул ажратиб ёрдам ҳам кўрсатиб келяпти.

Салоҳ Нагригга жуда кўп келади. "У ҳар Рамазонда учиб келади ва болаларга совғалар улашади. Қайтиши билан ҳеч қандай истисносиз у одамларга дастхат беради, улар билан суратга тушади. Болаликдан буён у ҳеч ҳам ўзгармаган", —деб ҳикоя қилади унинг болаликдаги дўсти Басюни.

Oil Field Index Podcasts кўрсатуви бошловчиси Ҳотам Кадус қуйидагича тушунтиради: "Салоҳга бирор бир сиёсатчи қилолмаган иш — Яқин Шарқни бирлаштириш насиб этди. Марокашликлар, тунисликлар, саудияликлар, кувайтликлар, уммон ва амирликларнинг барчаси унинг исми туширилган футболка кийишни истайди. У 90 миллионлик Миср халқига умид бермоқда. Бизда жиддий иқтисодий муаммолар мавжуд, деярли ҳар ҳафта террористик ҳужумлар бўлади. Салоҳ эса аҳолини қўллаб-қувватлайдиган ва уларга умид бахш этадиган ягона шахсдир.

Муҳаммад 2013 йилда Маги исмли, рўмол ўраган муслима қизга уйланади.

2014 йилда бу бахтиёр оилада чақалоқ йиғиси янграшни бошлайди. Лондон жанубида дунёга келган қизалоққа отаси муқаддас шаҳар шарафига Макка деб исм қўяди.

Қаҳрамонимизнинг бугунги кундаги улкан ўсишидан ташқари, яна бир қатор ютуқларини ҳам эътироф этиб ўтишни лозим топдик.

Муҳаммад Салоҳ “Базель” клубида 2013 йил Швейцария чемпиони, “Челси” билан 2015 йилда премьер лига ва Англия лига кубоги соҳиби бўлган, 2017 йилда Миср терма жамоасида, Африка миллатлари кубогида ғалаба қозониб, олтин медал билан тақдирланган.

Шахсий ютуқлари:

2012 йилда Африкада йил иқтидори.

2013 йилда Швейцария суперлигасининг энг яхши футболчиси.

2017 йилда BBC талқини бўйича африкалик энг яхши ўйинчи.

2017 йилда Араб миллатига мансуб энг яхши ўйинчи.

2017 йилда Африканинг энг яхши футболчиси, совринларига сазовор бўлган.

Пул ва шуҳрат кўпинча зиён келтиради. Аммо, дунёда бу ҳақда ҳеч нарса билмайдиган камида битта одам бор...

Бу мавсумда “Ливерпуль” клуби қандайдир соврин ютса, Салоҳ "Олтин бутса" соҳиби бўлса, Миср термаси ЖЧда сенсация қайд этса ва йил охирида "Олтин тўп"ни яна Роналду ёки Месси илиб кетса, мен футболдан рози эмасман.

Муҳаммадга "Олтин тўп"ни олган Зидандан кейин иккинчи араб футболчиси бўлишини тилаб қоламиз.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Муҳаммад Салоҳ – Мисрнинг иккинчи “мўъжизаси”