18:03 / 09.05.2018
4 611

Pepsi Суперлига-2018. 10-турдан кейин энг кўп мухлис “Бунёдкор”да

Pepsi Суперлига-2018. 10-турдан кейин энг кўп мухлис “Бунёдкор”да
Pepsi Суперлига баҳслари қизғин палласига кириб бормоқда, деб ёзади Sports.uz нашри.

Учрашувлар шиддати ва муросасизлиги, стадионларда мухлислар учун яратилаётган шароитлар ва ташкил этилган оилавий секторлар, уюштирилаётган концерт дастурлари, шунингдек турли хил акциялар самараси ўлароқ ишқибозлар стадионлар томон ошиқишмоқда.

Pepsi Суперлига 10-туридан кейин мухлислар ташрифига эътибор қаратар эканмиз, бу борада яққол пешқадамлик Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоасига тегишли бўлиб турганини гувоҳи бўламиз. Сир эмаски, аввалги мавсумларда “қалдирғочлар” мухлислар ташрифи борасида паст кўрсаткичга эга эдилар. Бу айни ҳақиқат. Мисол учун 2017 йилги чемпионат баҳсларида “Бунёдкор” умумий ҳисобда жами 13004 та мухлис йиғганди, холос.

2018 йилги чемпионат формати ўзгариши, баҳсларнинг муросасиз ўтаётгани, қолаверса, мухлислар учун яратилаётган шарт-шароитлар ва улар учун ташкил этилаётган шоу-дастурлар самараси натижасида, футбол мухлисларининг стадионларга ташрифи кескин ошди. Бу жиҳат “Бунёдкор” иштирокидаги учрашувларда ҳам яққол сезилмоқда.

Pepsi Суперлига 10-тури якунлангач, мухлислар ташрифи борасида “Бунёдкор” юз минглик маррани забт этган биринчи жамоа бўлди. Миржалол Қосимов шогирдларининг уй учрашувларини томоша қилиш учун ҳозирча умумий ҳисобда 103236 нафар мухлис ташриф буюрди. Бу ўртача ҳисобда ҳар бир учрашувга 17206 нафардан тўғри келади.

“Бунёдкор” футбол клуби кейинги уй учрашувларини ҳам янада юқори савияда ташкил этишга интилади ва навбатдаги баҳсларда ҳам мухлислар учун ажойиб шоу дастурлари билан биргаликда стадион ва унинг атрофида етарли шарт-шароитлар яратилишида максимал меҳнат қилади. Энг асосийси – Миржалол Қосимов бошчилигидаги “Бунёдкор” футбол жамоаси майдонда максимал шижоат билан фақат ва фақат мухлислар учун ўйнашда давом этади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Pepsi Суперлига-2018. 10-турдан кейин энг кўп мухлис “Бунёдкор”да