08:02 / 23.05.2018
2 955

Голли вазиятлар гулхани қани? Ёхуд терма жамоамиз ўйинига яна бир назар

Голли вазиятлар гулхани қани? Ёхуд терма жамоамиз ўйинига яна бир назар
Миллий терма жамоамизнинг Темур Кападзе томонидан махсус ёшартирилган таркиби сафарда Карлуш Кейруш шогирдларига ютқазди.

Таъкидлаш жоизки, Эрон терма жамоаси ҳам бу учрашувда энг кучли таркибига таянгани йўқ. Бу энди португалиялик мураббий ЖЧ-2018 арафасида амалга ошираётган тизимли ишларда кўзда тутилган ҳолат бўлса керак. Форслар анча мураккаб гуруҳдан ўрин олишгани сабаб, уни тушуниш мумкин.

Умуман, эронлик футболчилар устози айни пайт икки ўт орасида. Бир тарафдан, у кучли ва тўлақонли таркиб билан жамоаси ўйин услубини такомиллаштириб, янги тактик схемаларни бир маромга келтиришни истайди.

Иккинчи тарафдан эса, гуруҳдаги рақиблар кучи уни бу каби ошкора тайёргарликдан воз кечиб, муғомбирона иш тутишга ундайди. Кейрушнинг бошқа чораси ҳам йўқ.

Ахир «В» квартетида Испания ва Португалия терма жамоаларига қарши курашиш пешонасига ёзилган бўлса, нима қилсин бечора мураббий?

Жамоаси имкониятлари доирасида қаршиликнинг бирор кўз илғамас йўлини топиш учун изланади-да, албатта...

Энг ачинарлиси, изланишлари самара беришига унинг ўзи ҳам тўла-тўкис ишонмайди, ишонолмайди. Лекин олдиндан таслим бўлиш - Карлуш Кейруш каби мураббийлар табиатига ёт хусусият.

У «Қизил Фурия»ни ҳам, «Европа Бразилияси»ни ҳам чув туширишга уриниб кўради. Марокаш термасини енгиш эса португалиялик ва унинг дружинаси учун бош вазифа ҳисобланади. Бу борада форсларга Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўтказилган ўртоқлик учрашуви кўмак берса, ажабмас.

Зеро, Темур Кападзе шогирдларининг Марокаш термасига қарши ўйинлари Карлуш Кейрушга нималарнидир сўзлайди. Битта гуруҳдаги икки терма жамоа билан куч синашган футболчиларнинг хатти-ҳаракатлари мураббийга қиёсий таҳлилларда қўл келиб қолиши аниқ. Ҳар ҳолда, катта турнир нафаси уфуриб турган бир пайт кичик деталларга ҳам жиддий эътибор қаратилади одатда.

Хуллас, бош жамоамизга қарши ўтказилган учрашув Карлуш Кейрушга мулоҳазаларини сингдириш ва умумлаштириш имконини берди, назаримизда. Бошқача айтганда, мазкур ўртоқлик учрашувида Эрон футболи кўзланган мақсадга эришди, яъни Карлуш Кейруш шогирдлари учун зарур репетиция ташкилланди.

Репетиция сабоқлари мундиал чоғи қай даражада иш бериши бизга номаълум. Ҳаммаси «машғулот» сабоқларининг ўзлаштирилиши ва уларни майдонда рақибларга қарши моҳирона қўллаш билан боғлиқ. Эрон термаси ўртоқлик учрашувидан ўз манфаати йўлида фойдаланишни кўзлабди. Майли, омадини берсин.

Табиий савол туғилади: терма жамоамизчи, у ҳам мазкур баҳсдан арзирли фойда топадими? Биз Самвел Бабаян ташаббуси билан терма жамоамизга номзод иккинчи таркиб футболчилари учун ташкилланган Австрия йиғини чоғи ҳам шундай саволни ўртага ташлагандик.

Сир эмаски, асосий таркиб футболчилари иштирок этмаган ўша йиғин муҳим учрашувларда бош жамоамизга ҳеч қандай наф келтирмади. Мухлисларни чалғитиш учун ниқоб вазифасини ўтаган ўша машғулотлар жараёни самарасиз эканлигини ҳамма биларди. Матбуот жамоатчилиги бу хусусда аввалдан огоҳлантириб, бонг урди.

Афсуски, футболимизнинг собиқ мутасаддилари барчага маълум майнавозчиликларга бепарво қарашди ва охир-оқибат, бундан мухлислар азият чекишди. Фикримизча, бош жамоамиз бу мавсум ўтказаётган ўртоқлик учрашувлари ягона тизим ва мақсадга бўйсундирилмагани билан кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилган ўша самарасиз йиғинларни эслатиб юбормоқда.

Асосий баҳсларда майдонга тушмайдиган йигитлар учун ташкилланган Австрия йиғинини собиқ мураббийлар штаби «Футболимиз келажаги учун!» дея изоҳлаганди. Орадан бир йил вақт ўтиб, ўртоқлик учрашувларида бош жамоамиз қайд этган натижалар юзасидан яна шундай изоҳлар янграмоқда.

Бир йил аввал ўзини оқламаган изоҳ бу сафар мухлислар кўнглини тинчлантирадими? Очиғи, бу саволга дангал ижобий жавоб қайтариш мушкул. Қўмондонсиз ва авангард гуруҳсиз қўшин ҳар қанча жанговар бўлмасин, рақибдан енгилиши исботсиз аксиомадир.

Шунинг учун Йоахим Лёв «бундесмашина»ни ҳеч қачон лидерларсиз майдонга туширмайди. Германия терма жамоаси таркиби бир қарашда, буткул янгиланиб кетгандек таассурот уйғотади. Аммо синчиклаб назар солсангиз, етакчилар гуруҳи жамоани бошқараётганига гувоҳ бўласиз.

Аслида Зайниддин Зиданнинг «Реал»даги муваффақиятлари сири ҳам шунда. «Реал» бутун мавсум мураббий режасига бўйсунган «ротация» асосида ўйнади.

Ҳаттоки, энг мураккаб учрашувларда ҳам у «ротация»дан воз кечмади. Натижада «Реал» мухлислари Гарет Бэйл ва Карим Бензема, Тони Кроос ва Лука Модрич каби асосий таркиб футболчиларининг мунтазам майдонга тушмасликларига кўникишди.

Номдор футболчилар ўрнида мавриди билан Марко Асенсио, Лукас Васкес, Матео Ковачич каби захира вакиллари хизматидан фойдалангани учун Зиданни ортиқча айблашмади. Нима учун айблашсин?!

Ахир франциялик мутахассис танлаган йўл «Реал»ни яна ЕЧЛ финали сари етаклади. Таъбир жоиз бўлса, мураббийликда иш стажи кам Зидан йўли ўзини оқлади. Ҳолбуки, тажрибали Жозе Моуриньо ҳам «Реал»да бу ишни уддалай олмаганди.

Хўш, нима демоқчимиз? Очиғи, Темур Кападзе энди Уругвай терма жамоасига қарши ўйинда асл жанговар таркибни майдонга туширишини истардик. Иштиёқнинг ўзи мавжуд муаммога ечим бўлолмайди.

Терма жамоамиз сўнгги баҳсдаги таркиби билан улғайса, футболимиз илдизидан айрилган улкан чинор каби ўзини шикаста сезади. Улкан чинорларни бақувват илдизлар ушлаб туришини эсдан чиқармайлик. Лидерлар гуруҳи жамоа кайфиятини ва шунга мувофиқ, ўйин услубини белгилайди.

Кучли рақиблар дарвозасига гол уролмаётгани - терма жамоамизнинг бош муаммоси. Бу борада Одил Аҳмедов ҳозирча ёшларга ибрат. Ҳозирча шунга мажбурмиз. Футболимиз аввал Кенжа Тўраев, Иван Нагаев, кейинчалик Аббос Махсталиев, Темур Ҳакимов каби ҳужумкор футболчилар авлодини йўқотди.

Темурхўжа Абдухолиқов, Забиҳилло Ўринбоев каби ҳужумчиларда эса рақиб жарима майдончасида голли вазиятлар гулханини ёқиш фазилати кўзга ташланмаяпти.

Агар терма жамоамиз ўртоқлик учрашувлари воситасида ягона «механизм»га айланолмаса, изланишлар жараёнида маром сезилмаса, улардаги мавжуд интилишлар ҳам аста-секин сўниб боради. Фақат асосий таркибдаги мувофиқликкина терма жамоамиз ёрқин келажагини таъминлайди...
Муҳаммад Вали

Манба: www.interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Голли вазиятлар гулхани қани? Ёхуд терма жамоамиз ўйинига яна бир назар