07:02 / 03.06.2018
5 451

Адлия вазири Ўзбекистон баскетбол федерацияси президенти этиб сайланди

Адлия вазири Ўзбекистон баскетбол федерацияси президенти этиб сайланди
2 июнь куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон баскетбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференацияси бўлиб ўтди. Унда МОҚ Президенти Умид Аҳмаджонов, Бош котиб Жасур Матчанов, Президент маслаҳатчиси Комилжон Худойберганов, Ўзбекистон баскетбол федерацияси мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хaбир тарқатмоқда.

Конференция аввалида йиғилганларга кун тартиби таништирилди. Унга кўра, федерация раҳбарининг ваколат муддати якунлангани сабаб ташкилотга янги раҳбар сайлаб олиш куннинг асосий масаласи сифатида қайд этилди.

Шундан сўнг федерация мутасаддилари томонидан ташкилот фаолиятига оид тақдимот намойиш этиб берилди. Унда баскетбол федерацияси фаолияти, ривожланиш тарихи, бугунги кундаги ҳолати таништирилди, сўнгги вақтларда юзага келган муаммолар, камчиликлар қайд этиб ўтилди.

Бунгача Ўзбекистон баскетбол федерацияси президенти сифатида фаолият олиб борган Дусанов Зоҳид Абдуқаюмович соғлиғи ёмонлашгани сабабли ўз лавозимини тарк этгани маълум қилинди.

Сўнгра, кун тартибига биноан делегатлар томонидан федерациянинг янги низоми тасдиқланди.

Кейин эса федерация раҳбарлиги лавозимига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Давлетов Русланбек Қуролтоевич номзоди таклиф этилди. Конференция иштирокчилари ушбу номзодни бир овоздан қўллаб-қувватладилар. Шу тариқа Р.Давлетов Ўзбекистон баскетбол федерациясининг президенти этиб сайланди.

«Билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдираман. Ишончни оқлайман. Биринчи вазифамиз, федерация тизимидаги ишни тўғри йўлга қўйиб олишдир. Ташкилот тизимини қайта кўриб, кимнинг қандай имкониятларга эга эканлигини ўрганиб чиқамиз. Баскетболни ривожлантириш учун бизга малакали мутахасисслар керак бўлади. Бу борада қўллаб-қувватлашингизга умид қиламан ва келажакда албатта яхши натижаларни қўлга киритамиз», – деди Р.Давлетов.

Шунингдек, янги раҳбар вилоятларда ҳам баскетболни ривожлантиришга эътибор қаратишини, терма жамоа учун хориждан малакали мураббийлар жалб қилинишини, бугунги кунда энг асосий муаммолардан бири бўлиб турган база масаласи ҳал қилинишига ҳам алоҳида урғу бериб ўтди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Адлия вазири Ўзбекистон баскетбол федерацияси президенти этиб сайланди