23:26 / 05.06.2018
2 717

Фазлиддин Ғоибназаров: «Олимпия ўйинларининг икки карра чемпиони бўлишни истардим» (фото)

Фазлиддин Ғоибназаров: «Олимпия ўйинларининг икки карра чемпиони бўлишни истардим» (фото)
Фазлиддин Ғоибназаровнинг ҳаваскор боксда ҳали қиладиган ишлари бор. Тўғри, у Олимпиада чемпиони! Аммо, ҳозирча Ўзбекистонда икки карра Олимпия ўйинларининг олтин медалини қўлга киритган боксчи йўқ. Ҳаракат қилса арзийдиган мақсад, шундай эмасми? Асосийси, ҳудди икки йил олдингидек унга яна ишонч билдирилиши лозим. Эътиборингизга боксчи билан уюштирилган суҳбатни тақдим этамиз.

Профессионал боксдаги фаолият ҳақида
Профессионал боксдаги фаолиятим муваффақиятли давом этмоқда. Бугунги кунгача тўртта жанг ўтказиб, иккитасида нокаут эвазига ғалаба қозондим. Навбатдаги жангим 14 июль кунига режалаштирилмоқда. Рақибим ҳозирча номаълум. Яқин орада аниқ маълумотлар эълон қилинади. Профессионал боксдаги қийинчиликлар ҳақида гапирадиган бўлсам, вазн борасида бироз қийинчиликлар юзага келиши мумкин. Ҳаваскор боксда -64кг вазн тоифасида жанг ўтказардим. Ҳозир эса 61,2 кг (135 фунт) вазнли боксчиман. Умуман олганда кўникиш қийин бўлгани йўқ. Ахир проф рингга каратэ орқали кириб борганим йўқ-ку.

Ҳаваскор боксда ҳали ўз сўзимни айтганим йўқ
Олимпиада чемпиони бўлганимга қарамай, ҳаваскор боксда ҳали эришишим лозим бўлган ютуқлар бор. Ахир Ўзбекистонда ҳали бокс бўйича икки карра Олимпия ўйинлари чемпиони йўқ. Нима учун мен бу борада биринчи бўла олмаслигим керак? Агар Миллий олимпия қўмитаси, мураббийлар штаби томонидан шундай таклиф бўлса фахр ва ифтихор билан Олимпия ўйинларида ватаним шарафини ҳимоя қиламан. Асосийси менга ишонишлари лозим. Мен доимо тайёрман. Риодаги Олимпиада олдидан таркибда мендан ҳам кучли боксчилар бор эди. Аммо, мураббийлар штаби менга ишонч билдирди. Орада мағлубиятларга ҳам учрадим. Олимпиада финалидаги рақибим Лоренцо Сотомайорга 2015 йили Озарбайжондаги мусобақада ютқазганман. Аслида ўшанда мағлуб бўлмагандим, мураббийлар буни кўришган. Ҳакамлар хатоси туфайли у ғалаба қозонган. Кейин эса Бокуда Озарбайжон терма жамоаси билан қўшма йиғин ўтказганмиз. Ўшанда Сотомайорга қарши спарринг жангда ғалаба қозонганман. Буни барча кўрган. Рио Олимпиадасида унинг финалга етиб бориши мен учун кутилмаган ҳол бўлган. Ҳал қилувчи жангда умуман бошқа боксчини кутгандим. Чунки, -64кг вазн тоифасида кучли боксчилар етарли эди. Ўшанда ўзимга билдирилган ишончни оқлай олгандим. Бу сафар таклиф қилишса яна иштирок этаман. Лозим бўлса ички мусобақаларда қатнашиб, яхши формада эканлигимни исботлайман.

Риода профессионал боксчилар медаль қўлга кирита олишмаган
Риодаги Олимпия ўйинларида профессионал боксчилар ҳам иштирок этишган. Аммо, уларнинг хеч бири медаль қўлга кирита олмаган. Чунки, профессионал боксда сиз асосий эътиборни битта жангга қаратасиз. Жангдан сўнг сизда ойлаб танаффус бўлади. Ҳаваскор боксда эса бундай эмас. Бугун жанг ўтказдингизми? Эртага ёки бир кун ўтиб навбатдаги баҳсда рингга чиқасиз. Бундай вазиятда бўшашмаслик лозим. Бу профессионал боксчи Олимпия ўйинларида иштирок эта олмайди дегани эмас. Бўлиши мумкин. Шунчаки, Олимпиададан камида 9 ой олдин профессионал боксчи ҳаваскорлар билан бирга машғулотлар олиб бориши, уларнинг услубига қайта кўникиши лозим бўлади.

Ислоҳотлар ҳақида
Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ёшлар учун айни муддао. Бу спорт ривожи йўлида катта аҳамиятга эга. Болалар бизнинг келажагимиз. Улар орасида спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш зарар қилмайди. Бир неча кун олдин Қорақалпоғистонда катта спорт фестивали ўтказилди. Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов доимий изланишда, турли табдирларда иштирок этади, болаларга эътибор қаратади, энг яхшиларни тақдирлайди, спорт иншоотларига ташриф буюради. Бу кенг кўламдаги ишлар ёшлар орасида спортга қизиқишни янада оширади. Ёшларимиз яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, спорт билан шуғулланиб, соғлом турмуш тарзини олиб боришларини истардим.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Фазлиддин Ғоибназаров: «Олимпия ўйинларининг икки карра чемпиони бўлишни истардим» (фото)