14:58 / 09.06.2018
3 132

Хайрулла Ҳамидов - Мундиаллар хотираси

Хайрулла Ҳамидов - Мундиаллар хотираси
Жаҳон чемпионатидан бир йил сўнг туғилганман. Немисларнинг элитага қайтган мусобақаси. Голландия деган юртнинг отилиб, катта саҳнага чиққан дамлари эди. Албатта, бу воқеаларни биз кейин видеоларда кўрганмиз. Оталаримиз яхши эслашади.

Илк томоша қилганим Марадонага аталган мундиал бўлган. 11 ёш эдим. Аргентина жаҳон чемпиони бўлган, худди туғилишимдан бир йил олдинги Германияга ўхшаб буюклар сафидан ўрин олган эди.

1990 йилги жаҳон чемпионати ақлимни таниган пайтларим бўлгани учунми ё ростан ҳам катта жамоалар кўп бўлганиданми, жуда шиддатли ўтгани ёдимда. Германия Аргентинадан қасос олганди. Туғилишимдан сал олдин элитага қайтган Германия ақлимни таниганимда улғайган Аргентинани, хусусан, унинг етакчисини йиғлатган эди.

Фото: Getty Images
1994 йил. Университетда ўқийман. Газетада мусаҳҳиҳ бўлиб ишлайман. Илк хабарсифат мақолаларим футболга оид ёзилганига ўша мундиал сабабчи. Роберто Баджо сиймоси шунинг учун ҳам кўз ўнгимда ўта катта юлдуз бўлиб қолгандир. Балки.

Аср охиридаги жаҳон чемпионати финали ҳам шундоқ кўз ўнгимда. Сабаби, айнан ўша куни журналистика факультетида диплом ишимни ҳимоя қилгандим ва ўз нутқимни «бугун финал бўлади» деб бошлагандим. Зидан ўша куни футбол элитасига киришини билмасдим, очиғи. Бразилия қўрқинчли эди жуда. Балки диплом ишимни ҳимоя қилаётган пайтимда Роналдонинг ўша заҳарланажак овқатини еяётган пайтига тўғри келгандир. Балки.

Фото: AFP
2002 йилги мундиал менинг шарҳловчилик фаолиятимдаги муҳим бурилиш эди. Финални Мирзаҳаким акам билан шарҳлаганман. Ёлғондакам Германияга мухлис бўлиб бошлаганман (чунки немислар юриб келган сетка томонидаги ўйинларнинг кўпи менинг чекимга тушганди), бироқ Роналдо гол ургач, уялмасдан устоз шарҳловчининг гапини ҳам «юлиб» олганим эсимда. (Шу одатим ҳалигача бор)

Фото: Getty Images
2006 йилги мундиал ҳам ўз воқеотлари билан хотирам тўридан жой олган. Телевидениедан кетганману, аммо мундиал ўйинларига чақиртирилган эдим. Ғалати ҳолат-а, шу мусобақа тугайди ва ТВда бошқа ишламайман. Недир кемтик бўлиб турарди ўйинларни кўрарканман. Учинчи ўрин учун баҳсни шарҳлагандим охирги марта. Швайнштайгер шундан бери кўзимга ғалати кўринади.

Фото: Getty Images
2010. Финални Қизилтепада кўрганман. Илк куним эди.

Фото: Getty Images
2014. Финални яна ўша ерда кўрдим. Лекин кетиш арафасида турганимни билардим. Бу ҳис худди 2006 йили эринибгина ўйинлар тугашини истамай шарҳлаганимга ўхшарди, фақат акс ҳолида – тезроқ тугайқолса эди бу турнир, дердим. Мундиал ҳам тез тугади, муддат ҳам.

Фото: Getty Images
2018 йилги ЖЧга ҳам етиб келдик. Энди икки хил тасаввур: агар ЖАРдаги ва Бразилиядаги жаҳон чемпионати билан солиштирилганда, роҳатланиб кузатаман. Бундан-да завқли онлар йўқ, деб. Аср аввалидаги мундиаллар ила таққосланса, шарҳловчи бўлиб мундиални томошабин бўлиб кузатиш бироз аламли туйғу. Барибир мен биринчи таққосни танлайман ва завқланишга қарор қиламан.

Мен бу сабримнинг эвазига бошқа мукофот кутаман: 2022 йилги турнирда терма жамоамизни илк маротаба ана шу фестивалда кўриш! Фарқи йўқ, шарҳловчи бўлибми, томошабин бўлибми, фақат оилам бағрида, дўстлар даврасида бўлгани.

Эслаб кўрингчи, жаҳон чемпионатлари сизнинг ҳаётингизга ҳам шундай, бўлак-бўлак туйғулар изини ташлаб кетгандир балки.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Хайрулла Ҳамидов - Мундиаллар хотираси