08:02 / 12.06.2018
3 313

«Қозоғистон Президенти соврини учун» турнирида иштирок этган боксчиларимиз қайтиб келишди (фото)

«Қозоғистон Президенти соврини учун» турнирида иштирок этган боксчиларимиз қайтиб келишди (фото)
Хабарингиз бор, 6-10 июнь кунлари Қозоғистоннинг Астана шаҳрида бокс бўйича «Қозоғистон Президенти соврини учун» номли нуфузли халқаро мусобақа ташкил қилинди. Унда жаҳоннинг етакчи 15 мамлакати қаторида ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари ҳам иштирок этишди.

Бугун боксчиларимиз жой олган самолёт заминимизга келиб қўнди. Спортчиларимизни кутиб олиш учун Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон бокс федерацияси мутасаддилари, спортчиларнинг яқинлари, мухлислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари жам бўлишди.

«Мусобақада кучли рақибларга қарши тўқнаш келдик. У ерда тажриба орттирдик. Бу катта мусобақаларга тайёргарлик йўлида яхшигина тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. У ерда кутилган ва кутилмаган рақиблар бўлди. Шунга қарамай, мураббийларимиз кўрсатмаларини тўғри бажарган ҳолда, муносиб иштирок эта олдик. Ортда қолган иккита турнир Осиё ўйинлари олдидан муҳим аҳамиятга эга эди. Умуман олганда, мусобақалар биз учун ёмон кечмади. Ҳакамлар? Қозоғистондаги мусобақа давомида ҳакамлик бўйича бироз муаммолар бўлди. Шахсан мен учун финал жанги қийин бўлди», – деди Бектемир Мелиқўзиев.

Эслатиб ўтамиз, мусобақада Бектемир Мелиқўзиев олтин, Шунқор Абдурасулов ва Иқболжон Холдоров кумуш, Шахобиддин Зоиров, Алиёр Норалиев, Маҳмуд Ғоипов ва Исроил Мадримовлар бронза медали соҳибига айланишди. Қайд этиб ўтиш лозимки, ушбу мусобақа терма жамоа мураббийлар штаби учун айни муддао бўлди. Улар турнир давомида шу йил Жакартада бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида иштирок этадиган таркибнинг асосий қисмини аниқлаб олишди.

«Мусобақа биз учун оғир ўтди. Чунки, тўй сабаб тайёргарликларга ҳам вақт бўлмади (кулади). Қачондир бундай ҳолатга тушишимиз лозим эди. Бу ҳозир бўлгани яхши бўлди. Чунки, Осиё ўйинларигача қийинчилик бўлиши керак эди. Сўнгги жангимни қишда ўтказгандим. Ҳиндистонлик рақибга қарши жангдагидек ҳолат Осиё ўйинларида содир бўлганида бу яхши бўлмасди. Мусобақа давомида Осиё ўйинларидаги бўлажак рақибларим имкониятини ҳам ўргандик.

Осиё ўйинларига тайёргарлик жараёнидан кўнглимиз тўлди. Айтиб ўтганимдек, ортда қолган мусобақаларда рақибларимизни яхши ўрганиб олдик. Энди навбатдаги жанглар осонроқ бўлади. Тайёргарлик яхши кечмоқда. Яқинда Таиланддаги турнирда ҳам қатнашамиз, сўнгра Осиё ўйинларига жўнаб кетамиз. Насиб қилса Осиёда Риодагидан ҳам яхшироқ натижа кўрсатамиз», – деди Ҳасанбой Дўсматов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Қозоғистон Президенти соврини учун» турнирида иштирок этган боксчиларимиз қайтиб келишди (фото)