09:28 / 07.08.2018
2 786

ПФЛ Суперлига регламентини ўзгартиришга тайёрланмоқдами: наҳотки «олтин очколар» бекор қилинса?

ПФЛ Суперлига регламентини ўзгартиришга тайёрланмоқдами: наҳотки «олтин очколар» бекор қилинса?
Маълумки, жорий йилда янги форматда ўтказилаётган футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 1–2-давралари якунланишига 2 тур қолди. Регламентга кўра, 1-6 ўрин эгалари ва 7-12-ўрин эгалари икки гуруҳга бўлиниб, 3–4-давраларда ўзаро уй-сафар тизимида яна 10 та учрашувда майдонга тушишади. Бу ҳолатда 1–6-ўрин эгаларининг 7–12-ўрин эгалари билан 1-2-давраларда қўлга киритган очколари ҳисобдан чиқариб ташланади ва жамоалар «олтин очколар» билан чемпионлик учун кураш олиб боришади.

Мавжуд регламент футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатида ҳам интрига пайдо бўлиши олиб келди. Масалан, «Қўқон-1912» клуби юқори олтиликдан ўрин олса «Пахтакор» бир неча очколардан айрилиши, «Металлург» 6-ўринни олса, аксинча, «Пахтакор» очколарга эга бўлиши мумкин. Бу ҳақда Қаҳрамон Аслановнинг таҳлилий мақолалари бериб борилмоқда.

Таҳририятимизга ПФЛ бош директори Омон Ғафуров томонидан 6 август куни имзоланган №466-сонли хат келиб тушди.

Хатда «олтин очко» қоидаси қайсидир маънода келишилган ўйинларни вужудга келиши авж олмоқда» дея қайд этилган. Адашмадингиз, юқоридаги фотода ҳам кўришингиз мумкин, айнан ВУЖУДГА КЕЛИШИ АВЖ ОЛМОҚДА, деб ёзилган.

«Бу ҳол (яъни, авж олаётган вужудга келиш — таҳ.) клубларнинг келгуси фаолиятига таъсирини кўрсатиши ва чемпионат савиясига таъсир кўрсатиши аниқ», дейилмоқда хатнинг давомида.

«Шундан келиб чиқиб, Суперлига жадвали регламентда белгиланган пунктларига асосланиб жадвал ўзгартирилиши, яъни «олтин очко» қоидасини олиб ташланиши борасида таклиф ва фикрларингизни 7 август соат 11:00 гача кечиктирмасдан ПФЛ электрон почтасига юборишингиз сўралади», дейилган хатда.

Биз таҳририятга келиб тушган хатнинг имловий ва услубий хатоларини сақлаб қолган ҳолда эълон қилмоқдамиз. Албатта, ўта саводсизларча ёзилган ушбу хат фейк бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Расмий изоҳни ПФЛдан кутиб қоламиз.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)