13:23 / 18.08.2018
2 412

Ўзбекистон терма жамоаси ноябрда қитъа чемпиони билан ўйнаши мумкин

Ўзбекистон терма жамоаси ноябрда қитъа чемпиони билан ўйнаши мумкин
ЎФА Ўзбекистон терма жамоаси учун бир қатор ўртоқлик учрашувлари ташкил этиш билан банд.
Айни пайтга қадар ЎФА Эктор Купер бошчилигидаги терма жамоамиз учун тўртта ўртоқлик учрашуви ташкил этишни расман келишиб олди. Сентябрь ойида Сурия ва Эрон. Октябрда Шимолий Корея ва Қатар терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказишимиз аниқ бўлиб улгурган.

ЎФА шунингдек ноябрь ойидаги ФИФА кунларида ҳам ўртоқлик учрашувлари ташкил этиш бўйича ишламоқда. Айни пайтда Австралия, Ливан ва бошқа терма жамоалар билан музокаралар ўтказилмоқда. Музокаралар муваффақиятли якун топса, ноябрь ойида ҳам кучли рақиблар билан ўйнаймиз.

Қувонарлиси, ЎФА ўртоқлик ўйинларини Тошкентда ўтказишга келишиб олмоқда. Ҳозиргача Сурия, Эрон, Шимолий Корея ва Қатарни юртимизга келиши расман маълум бўлган.

Буёғига ЎФА ушбу ўртоқлик ўйинларини вилоятларда ҳам ташкил этса мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳар ҳолда юртимизнинг кўплаб чеккаларида бош жамоамиз иштирокидаги ўйинни кўришга иштиёқманд мухлислар тўлиб ётибди. Кўпчиликда эса биргина ўйин учун пойтахтга келиш имконияти ёки шароити йўқ.

Тўғри, бу ерда меҳмонхона, стадион, майдон ҳолати ва меҳмонларга таклиф этиладиган шароитни ҳам инобатга олиш лозим. Масалан Шимолий Корея, Сурия ёки Ливан каби терма жамоаларга қарши ўртоқлик учрашувларини Самарқанд, Қарши, Бухоро ёки Наманганга ўхшаган бошқа вилоятларимизда ўтказиш мумкин.

ЎФА буёғига ҳам европача услубдан фойдаланиб, терма жамоанинг ҳар ўйинини жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб навбати билан барча вилоятларда ўтказиш тажрибасини қўлласа фойдадан ҳоли бўлмасди. Бу орада кўпгина эътиборсиз ётган стадион ёки клублар эплаб биргина майдон чимини эпақа келтира олмаётган муаммоларга ҳам барҳам бериларди, назаримда.

Шунингдек, янгиланаётган жамоамизни, аргентиналик Эктор Купер қўл остидаги термамизни вилоятлик мухлислар ҳам стадиондан кузатишга муваффақ бўлишарди. Унутмаслик керак, ҳар қандай футбол мухлиси стадионда ўз севимли жамоаси иштирокидаги ўйинни кўришни истайди.

Умид қиламиз, ЎФА бу борада ҳам илдам қадам ташлайди ва мазкур тажрибани қўллайди.

Эслатиб ўтамиз, Эктор Купер бошчилигидаги терма жамоамиз 22 августдан Тошкентда йиғинга киришади. Бу йиғин давомида терма жамоамиз Купер қўл остида ўзининг илк ўртоқлик ўйинларини ўтказади. Аввалига 6 сентябрь куни Сурияга қарши, кейинчалик эса 11 сентябрь куни Эрон Тошкентга келади.

Бунга қадар эса Ўзбекистон терма жамоаси 3 сентябрь куни "Насаф"га қарши назорат учрашувини ўтказиш эҳтимоли мавжуд.

Эктор Купернинг Ўзбекистон терма жамоасидаги илк йиғинига охирги йилларда терма жамоамиздан таклиф олган кўплаб маҳаллий ва легионер футболчилар жалб этилган. Айнан ушбу йиғин давомида Купер терма жамоамизга номзод ва қачондир таклиф этилган барча футболчиларни кўздан кечириши кўзда тутилган.
Шаҳбоз Беғамов

Манба: championat.asia
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)