09:30 / 20.08.2018
3 123

Текбол. Янги спорт тури тақдимоти энди Жакартада (видео)

Текбол. Янги спорт тури тақдимоти энди Жакартада (видео)
Кеча, 19 август куни Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида Осиё олимпия кенгашининг 37-бош ассамблеяси бўлиб ўтди. Унда Индонезияда ўтказилаётган Осиё ўйинларига ташриф буюрган делегациялар раҳбарлари, шунингдек, турли спорт турлари бўйича федерациялари раҳбарлари иштирок этишди. «Kun.uz» мухбири хабар беришича, мазкур ассамблея давомида янги спорт тури ҳисобланган - текболнинг намойиши бўлиб ўтди.

Текбол спорт тури ўзида футбол ва теннис элементларини жамлаган бўлиб, бир пайтнинг ўзида икки ёки тўрт киши ўртасида мусобақа ўтказилиши мумкин. Асосий қурилма, «Teqboard» деб аталадиган махсус стол кўринишидан «пинг-понг» доскасини эслатади ва бу мосламадан кўплаб янгича спорт турларида фойдаланиш мумкин. Улар орасида энг оммалашаётгани текбол ҳисобланиб, унда айрим футбол қоидалари асос қилиб олинган. Яъни, ҳаракатлар оёқлар ва бош ёрдамида амалга оширилади.

Ўйин қоидалари мураккаб эмас: тўпга бир уринишда уч мартадан кўп тегиш ва бир хил тана аъзосини такроран ишлатиш тақиқланган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, сизга тўп келганида, чап ва ўнг оёқ, елка, кўкрак қисми ёки бошдан фойдаланган ҳолда, уни рақиб томонга ўтказишингиз талаб этилади. Қолган қоидалар стол теннисидаги каби: тўпнинг доска устидаги ҳаракатларига қараб ғолиб аниқланади. Қоидалар тўғрисида текбол расмий сайтида тўлиқ келтириб ўтилган.

Мазкур ўйин учун алоҳида махсус жойга ҳожат йўқлиги унинг тез тарқалишига сабаб бўлмоқда. Жумладан, истироҳат боғлари, мактаблар, уй шароитида ва турли жамоат жойларида текбол ўйнаш мумкин. Бу спорт эндигина катта футболга кириб келаётган ёш спортчилар учун, тўп билан муомала қилиш борасида жуда фойдали эканлиги машҳур футболчилар томонидан таъкидланмоқда.

«Текбол – янги, футболга асосланган спорт бўлиб, футболда юқори савияга кўтарилишни ният қилган ва ўз маҳоратини оширишни истаган профессионал ҳамда ҳаваскор спортчилар учун айни муддаодир. Спортчилар ўртасида жисмоний тўқнашувлар келиб чиқмайди, жароҳатлар бўлмайди, кўзни қувнатувчи чиройли ҳаракатларнинг мавжудлиги ўйинга бўлган қизиқишни янада оширади», дейди голлан футбол афсонаси Роналд Куман.

«Собиқ футболчи сифатида бу ўйинни шахсан тавсия қилган бўлардим. Янги авлодни шуғуллантиришда бу спорт тури энг мақбул вариантлардан бири деб ўйлайман», дея фикр билдирган текбол спортининг Португалиядаги элчиси, яна бир собиқ футболчи Симао Сабросса.

Бу спорт тури бўйича аллақачон чемпионатлар ўтказилиши бошланган бўлса-да, уни янада оммалаштириш мақсадида унинг тақдимот маросимлари ҳалигача давом этмоқда. «Kun.uz» мухбирининг хабар қилишича, Жакартада бўлиб ўтаётган Осиё ўйинлари давомида ҳам бу тарғибот амалга оширилмоқда.

Маълумот учун, Россияда бўлиб ўтган футбол бўйича Жаҳон чемпионати мобайнида текбол столлари жамоат жойларига ўрнатилганди ва унда машҳур футбол юлдузлари ва қизиқувчан сайёҳлар ўзларини синаб кўришган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Текбол. Янги спорт тури тақдимоти энди Жакартада (видео)