10:55 / 30.08.2018
2 547

Сон Хён Мин олтин медал олмаса нима бўлади? Армияга кетадими?

Сон Хён Мин олтин медал олмаса нима бўлади? Армияга кетадими?
"Тоттенхэм" ҳужумчиси Сон Хён Миннинг келажаги Индонезиядаги Осиё ўйинларида иштирок этаётган Жанубий Корея терма жамоаси натижасига боғлиқ.
Гап шундаки, футболчи ҳозиргача ҳарбий хизматни ўтамаган. Осиё ўйинларидаги олтин медал эса уни армиядан сақлаб қолиши мумкин. Шундай экан ҳужумчи ушбу мусобақада ғолиб чиқиш учун бор кучини ишга солмоқда. Жанубий Корея терма жамоаси 1 сентябрь куни финал ўйинини ўтказади. Агар жамоа муваффақиятсизликка учраса Сон бутсаларини ҳарбий этикка, миллионлик маошини эса 150 долларлик ойликка алмаштиришига тўғри келади.

Нега?

Жанубий Корея қонунларига кўра, 18дан 35 ёшгача бўлган ҳар бир эркак 21 ёки 24 ойлик ҳарбий хизматни ўташи керак. Футболчилар учун баъзи имкониятлар жорий қилинган. Биринчидан, улар 28 ёшгача армияга боришлари керак. Иккинчидан, ҳарбий хизматдан қутулиб қолиш учун Олимпиада ёки Осиё ўйинлари олтин медалини қўлга киритиш лозим. Футболчи шундагина 4 ҳафталик ҳарбий йиғинларда иштирок этади ва ҳарбий хизматни ўтамайди.

Сон ҳозир Осиё ўйинларида ғалабага эришмоқчи. Бу армиядан қутулиб қолиш учун сўнгги имконият, акс холда у Англия билан хайрлашишига тўғри келади.

Пак Жи Сун ҳарбий хизматни ўтамаган-ку? Нега?

У 2002 йилда Жанубий Корея терма жамоаси билан мундиалда муваффақиятли иштирок этган. Ўшанда Гус Хиддинк қўл остидаги жамоа ЖЧда тўртинчи ўринни эгаллаб, сенсация қайд этган эди.

Нега Сон Хён Минни аввалроқ армияга олиб кетишмаган?

Жанубий Корея қонунларига кўра, мамлакат эркаклари 35 ёшгача ҳарбий хизмат учун ариза топширишлари мумкин (спортчилар 28 ёшгача). Сон 2014 йилда армия масаласини ҳал қилиши мумкин эди. Ўша йили Жанубий Корея терма жамоаси Осиё ўйинлари ғолибига айланган, бироқ унинг клуби ("Байер") футболчини ушбу мусобақага қўйиб юбормаган. Бу сафар "Тоттенхэм" унинг илтимосини қабул қилди.

Ҳарбий хизматга олиб кетишсачи?

Ҳаммаси жуда ёмон эмас. Сон ҳарбий хизмат ўрнига футбол клубида фаолиятини давом эттириши мумкин. Корея чемпионатидаги икки жамоада ҳарбийлар тўп тепади: Бири армияники ("Санжу Санму"), иккинчиси - полицияники ("Асан Мугунхва").

Бу клубларда фақат энг кучли футболчилар ўйнаши мумкин. Ҳарбий хизматга бораётган энг яхши футболчиларни танлаб олишади, бироқ улар ҳарбий тайёргарликни ҳам бажаришади. Бу мажбурий.

Ушбу клубларда ўйнаётган ҳарбийлар йирик турнирларга бориши мумкин. Масалан, "Санжу Санму"нинг икки футболчиси - Хон Чол ва Ким Мин У Россиядаги мундиалда иштирок этишди.

Яна бир нарса: Ҳарбий ёки полиция жамоасига ўтиш учун камида ярим йил Корея чемпионатида ўйнаш керак. Жанубий Кореяда армиядан қочиб қолиш катта шармандалик ҳисобланади. Бундай ишга қўл урганлар жиддий жазоланишади (қамоқ жазоси). Ҳарбий хизматга бормаганлар иш топиши, уйланиши жуда қийин бўлади.

Ҳарбий хизматдан қутулишнинг бошқа йўллари йўқми?

Бор, албатта, фуқароликни алмаштириш мумкин, аммо ҳозиргача бундай ишга қўл урганлар "кўкармади". 2002 йилда модель Ю Сон Чун армияга бормаслик учун АҚШ паспортини олади. Бироқ кутилмаганда унинг ишлари ёмонлашади ва Жанубий Корея ҳукумати унга мамлакатда ишлашга рухсат бермайди.

Шундай экан, Сон Хён Минда фақат иккита йўл бор: Финал ғолиб чиқиб, олтин медални қўлга киритиш ёки икки йиллик ҳарбий хизматни ўташ.

Манба: championat.asia
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)