06:30 / 02.09.2018
2 780

Умид Аҳмаджонов олимпиячилар муваффақиятсизлиги, Суперлига формати ва асосий терма жамоа ҳақида гапирди

Умид Аҳмаджонов олимпиячилар муваффақиятсизлиги, Суперлига формати ва асосий терма жамоа ҳақида гапирди
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов айни вақтда Индонезияда Осиё ўйинларини ёритаётган «Kun.uz» мухбирига интервью берди.

МОҚ президенти ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти ҳисобланадиган Аҳмаджонов Осиё ўйинларида ўзбекистонлик футболчиларнинг муваффақиятсизликка учрашига муносабат билдирган.

«Футболдан юқорироқ натижа кутгандик. Жамоага катта ишонч билдиргандик. Шунчаки омад келмади, қолаверса ҳакамнинг хатолари мағлубиятга сабаб бўлди.

Лекин бу болалар чемпионликка лойиқ эди. Улар борини бериб ўйнашди. 3:2 ҳисобида олдинга чиқиб олгандик ҳам. Жанубий Корея ҳам финалда ўйнаётгандек ҳаракат қилишди. Мураббийимиз ҳам тўғри ўзгаришлар қила олмади», деган Умид Аҳмаджонов.

Аҳмаджонов миллий терма жамоадаги ўзгаришларга баҳо берган.

«Аввал ҳам айтганимдек Эктор Купернинг ишларига аралашмайман. Ҳеч ким аралашмайди. Лекин ўз таклифларимизни беришимиз мумкин. Купер олимпиячиларимизнинг ўйинларини кузатди. У ёшларимизнинг имкониятларини билади. Истардимки, у асосий терма жамоага ёшлар жамоасидан кўпроқ футболчи олсин», деган у олимпиячилар таркибидан кимлар миллий терма жамоа сафига ўтиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан.

Умид Аҳмаджонов шунингдек Ўзбекистон Суперлигаси формати борасидаги саволга жавоб қайтарган.

«Футбол федерациясини қабул қилиб олганимда чемпионатдаги жамоалар 16та эди, кейин 12тага камайтирдик. Керак бўлса, 8тагача камайтириш мумкин. Клублар терма жамоага хизмат қилиши керак. Бунинг учун клубларни кучайтириш керак. Кучли клублар бир-бири билан кўпроқ ўйнаши керак.

Ҳозир жорий қилинган формат вақтинчалик. Балки, кейинги йилда бошқа форматни кўриб чиқармиз. Ислоҳотлар давом этади. Спортда янгилик қилиб турилмаса, бўлмайди», деган у.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)