14:26 / 09.10.2018
3 789

Ўзбекистонлик икки енгил атлетикачи Параосиё ўйинлари рекордини ўрнатди

Ўзбекистонлик икки енгил атлетикачи Параосиё ўйинлари рекордини ўрнатди
Жакартада Параосиё ўйинларининг учинчи кун баҳслари бўлиб ўтмоқда. 9 октябрда Ўзбекистон вакиллари енгил атлетика, сузиш, дзюдо ва ўқ отиш мусобақаларида иштирок этади.

Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари кечаги баҳсларда жами 6 та медаль (5 та олтин ва 1 та бронза) қўлга киритган эди. Бугунги баҳсларда ҳам ушбу спорт турида муваффақиятли иштирок давом эттирилмоқда.

Хусусан, Элбек Султонов ядро улоқтириш баҳсларида 15,67 м натижа кўрсатди ва олтин медални қўлга киритди. Элбек ушбу йўналишда Рио-2016 чемпиони, эронлик атлет Саман Пакбазни ортда қолдириш билан бирга Параосиё ўйинлари рекордини ҳам янгилади.

Эслатиб ўтамиз, ядро улоқтириш бўйича кечаги баҳсларда ўзбекистонлик Ҳусниддин Норбеков 16,35 м натижа кўрсатиб, жаҳон рекордини ўрнатган эди.

Бугун, шунингдек, 100 метрга югуриш баҳсларида ҳам ўзбекистонлик спортчи рекорд ўрнатишга муваффақ бўлди. Мансур Абдурашидов саралашда 11,21 сония натижа кўрсатиб, маррага биринчи бўлиб етиб келди ва Параосиё ўйинлари тарихидаги энг яхши кўрсаткични қайд этди. Бундан аввалги рекорд – 11,27 сония натижа 2014 йили Инчеонда қайд этилган эди. Мансур эртага бўлиб ўтадиган финал баҳсида медаль учун стартга чиқади.

Абдурашидовдан ташқари, 100 метрга югуришда бугун Дониёр Аҳмедов ҳам стартга чиқди. У финалга йўлланмани қўлга киритди ва бугун Тошкент вақти билан соат 15:45 да ғолиблик учун баҳсга чиқади.

Қайд этиш жоиз, мусобақаларнинг биринчи ва иккинчи кунларида сузиш бўйича баҳсларда ҳам бир қатор ўзбекистонлик спортчилар рекорд муаллифига айланишган эди. 400 м масофага эркин усулда сузиш баҳсларида Дмитрий Хорлин Осиё рекордини қайд этган бўлса, худди шу усулда 100 метрга сузиш мусобақаларида Ислом Асланов ва Фотимахон Амилова Параосиё ўйинлари рекордини янгилаган эди.

Шу тариқа, ҳозирча енгил атлетика ва сузиш Ўзбекистон делегациясига энг кўп медаль келтираётган спорт турлари бўлиб турибди. Ушбу ҳар икки йўналишда уч нафардан ўзбекистонлик атлет рекорд муаллифи бўлишга эришди.

Бугун Элбек Султоновнинг муваффақиятидан сўнг Ўзбекистон ҳисобидаги олтин медаллар сони 14 тага етди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистонлик икки енгил атлетикачи Параосиё ўйинлари рекордини ўрнатди