22:55 / 16.10.2018
3 233

Умид Аҳмаджонов Эктор Купер ва Миржалол Қосимов ҳақида

Умид Аҳмаджонов Эктор Купер ва Миржалол Қосимов ҳақида
Сўнгги пайтларда футболимизда жиддий ислоҳотлар амалга оширилаётганидан барчанинг хабари бор. Ҳозирги кунда қилинаётган ишлар асосан ўзбек футболининг мавқеини кўтаришга қаратилган. Шу мақсадда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раиси, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг бугунги кундаги маҳсули сифатида шуни бемалол айтишимиз мумкинки, Ўзбекистонда футбол структураси бир поғона кўтарилди. Энди янги қарашлар, янгича фикрлашлар устувор вазифага айланган бўлиб, яқин орада бунинг самарасини кўрамиз деган умиддамиз.

Хабарингиз бор, миллий терма жамоамиз жаҳондаги топ-савиядаги мураббийлардан бири Эктор Куперга ишониб топширилди. Бизни яна бир эътиборга тортган жиҳат эса Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан боғлиқ. Яқинда Миржалол Қосимов бош мураббий этиб тайинланганди. Аммо ҳозирги пайтда ўтказилаётган олимпиячиларимизнинг йиғинида ушбу мураббий иштирок этаётгани йўқ. Бу борада ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов шундай деди:

- Сизга ростини айтаман, Миржалол Қосимовни олимпия терма жамоамизга бош мураббий этиб тайинланганимиз аслида бу вақтинчалик ҳолат эди. Чунки Токио Олимпиадасига терма жамоамизни бошқа мураббий тайёрлайди. Аниқроғи, айни пайтда биз испаниялик мураббий билан музокара олиб боряпмиз ва яқин кунларда бу ҳақида кенг оммага эълон қилишимиз ҳам мумкин. Миржалол Қосимов тажрибали мураббий ва уни ҳурмат қиламиз.

Аммо унинг соғлигини ҳам ўйлашимиз керак. Олимпия терма жамоамиз учун кўплаб номзод футболчилар рўйхати тузиб чиқилган. Олимпия терма жамоасига янги мураббий келгунига қадар номзодларни саралаб, янги бош мураббийга тавсиялар берилади. Умуман олганда, бизнинг режаларимиз катта ва шу билан бирга жуда жиддий. Шунингдек, олимпия терма жамоасига испаниялик мутахассисни олиб келишда Эктор Купер билан ҳам маслаҳатлашганмиз.

Шу ўринда Умид Муҳаммаджонович миллий терма жамоамиз устози Эктор Купернинг олиб бораётган иши тўғрисида ҳам ўз қарашларини билдириб ўтди:

- Биз Купер билан бошида ҳаммасини яхшилаб гаплашиб олганмиз. Ҳеч ким унинг ишига аралашмайди. Мана, энди-энди Куперда футболимизга оид тушунчалар пайдо бўлиб боряпти. У билан гаплашган пайтимизда йиғинга аввало термада охирги марта ўйнаган ўйинчиларни жалб қилишдан бошламоқчи эканлигини айтди. Бу орқали ўзидан олдин ишлаган мураббийларни ҳурмат қилган ҳолда ўша таркибдаги футболчиларни ўз кўзи билан кўрди.

Масалан, Сергеев деймизми ёки бошқаси, ким қандай ўйнаган бўлишидан қатъий назар Купер уларни йиғин давомида кўриб ўз хулосасига эга бўлди. Октябрдаги навбатдаги йиғинда эса таркибда яна янги ўйинчиларни кўряпсизлар. Купер нима қилаётганини жуда яхши билиб турибди. Осиё Кубогигача эса яна уч ой вақтимиз бор. Муҳими, ҳамма ишни ўзига қўйиб берганмиз. Ўзимиз томонимиздан бажарилиши керак бўлган барча вазифаларни бажардик. Уй-жой, машина ва ҳоказо...Муҳими, Купер тўғри йўлдан кетяпти.
Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Умид Аҳмаджонов Эктор Купер ва Миржалол Қосимов ҳақида