21:30 / 02.11.2018
1 766

Нега дунёнинг энг кучли клуби ўзига мураббий топа олмаяпти?

Нега дунёнинг энг кучли клуби ўзига мураббий топа олмаяпти?
Ҳеч ким «Реал Мадрид»нинг таклифига «йўқ» демайди. Бу гапларни Зинедин Зидан истеъфосидан бир кун ўтиб Барселонадаги матубот анжумани ОАВ ларнинг берган саволига Маурисио Почеттино шундай жавоб қайтарганди. Ўшандан кейин кўриниб турибдики, деярли ҳамма «қироллик клуби» таклифига рад жавобини берган.

Почеттино ёзда «ҳа» дейиши мумкин эди. Аммо у эндигина клуб билан янги беш йиллик шартномани имзолаганди ва «тақачилар» хўжайини Даниель Леви «йўқ» дерди. Кейинги кунларда эса бошқа мураббийлар ҳам шунга ўхшаш гапларни айтишганди.

Флорентино Перес томонидан қизиқиш билдирилган Ёахим Лёв эса ёзда 2014-йилги чемпионликни муносиб ҳимоя қилиш учун ишга киришаётган пайти эди. У ҳам мадридликларнинг таклифини ерда қолдирди.

Юрген Клопп эса «Ливерпуль»даги фаолиятини узайтиришни, буни «Энфильд»даги янги лойиҳага бефарқ эмаслиги билан изоҳлади. 51 ёшли мутахассис «Реал» каби жамоаларда ўзини топа олмаслиги эҳтимоли юқори. Маданият ва фалсафа жиҳатидан у бироз бошқача ва Мадридга кўчиб ўтиши имконсиз.

Массимилиано Аллегри «Ювентус»да бахтли эканлигини билдирди. Боз устига унда энди кимсан Криштиану Роналдуга мураббийлик қилиш имконияти туғилган бир вақтда Туринни ташлаб кетишга кўзи қиймади. Ҳар қандай ҳолатда Италиядаги барқарор ва чемпион жамоани келажаги даргумон бўлиб қолган «Реал»га алмаштирармиди?

Юлиан Нейджелсманн «Реал» раҳбарияти боғланган яна бир мураббий эди. Аммо у фаолиятидаги бундай чўққига чиқишига унга ҳали барвақт эканлигини таъкидлади. Ўша вақтда эндигина 30 ёшда бўлган ёш мураббий бир кун келиб бундай таклифга лаббай деб жавоб беришини тилга олди.

Буларнинг барчаси Зидан истеъфога чиққани маълум қилган кундаги Переснинг юз ифодасини билдиради. Перес ўша вақтда «энди нима бўлади?» каби савол унинг нигоҳларида акс этганди.

Беш киши рад жавобини берганидан кейин Хулен Лопетеги «ҳа» деди. Испания терма жамоаси бош мураббийи эҳтимол унга дунёнинг топ жамоасидан ҳар доим ҳам бундай таклиф тушавермайди деб ўйлади ва дарҳол таклифни қабул қилди. Аммо у терма жамоа учун муҳим паллада бундай қарорни қабул қилмаслиги жоиз эди. Унинг «Реал» билан шартнома имзолагани овоза бўлиб кетгач терма жамоани ташлаб кетишга мажбур бўлди. Бошлаган ишини ярим йўлда қолдириб кетган мураббий якунда нима кўрди? 14 ўйинда пойтахт жамоасини майдонга бошлаб тушди ва шармандали тарзда клубдан истеъфога чиқарилди. Лопетеги баъзи жиҳатларда «Реал» учун идеал мураббий эди. Ўтган мавсумларда жамоа Роналдунинг катта ўйинларда кўрсатадиган самарадорлигига қаттиқ боғланиб қолганди. Лопетеги эса мана шу шаклланиб қолган муҳитни ўзгартиришга ҳаракат қилди. Бироқ шогирдлари буни бажаришга ожизлик қилди. Чемпионлар Лигасида «Рома»га қарши ўйиндагина улар супер ўйин ўтказишди ва шу билан барчаси ўз ниҳоясига етди. Ушбу ҳафта бошида эса у «Реал» мураббийлигидан кетди.

Антонио Конте унинг ўринбосари бўлиши учун илк номзодга айланди. Бироқ якшанба кунги «Эль Классико»дан учралган мағлубиятдан кейин Серхио Рамос қуйидагиларни гапирди: «Ҳурмат қозонилади. Бу ерда муваффақиятга эришган мураббийларни биласиз. Баъзан тактик билимдан кўра кийиниш хонасидаги бошқарув муҳим аҳамиятга эга бўлади.» «Челси»нинг собиқ мураббийи бу гапларни эшитиб ўйланиб қолган бўлса ажабмас.

Ҳатто Михаель Лаудруп ҳам бу лавозимни рад қилди. «Мадридда нималар бўлаётганини кўриб туриб айтиш мумкинки, ҳозир айни вақти эмас. У муаммолар гирдобига тушиб қолган клубга қайтмоқчи эмас» – деди унинг агенти АС нашрига берган интервьюсида.

Шу тариқа дунёнинг энг йирик ва муваффақиятли клуби ғалати ва қийин аҳволга тушиб қолди. Боиси ташқаридан қараганда ҳамма бу лавозимга киришмоқчи бўлаётгандек кўринади, аммо ҳақиқат эса бироз бошқача.

Лопетеги 14 ўйин ўтказди. Рафа Бенитес бироз кўпроқ, аммо кўп эмас. Зидан эса уч мавсумда қаторасига уч марта Чемпионлар Лигасини қўлга киритди. Шунга қарамай клуб хўжайини ундан сўнгги мавсумида норози бўлди. Энди қайси мураббий Роналдусиз қолган жамоа таклифини қабул қилади?

Перес Моуриньони клубга қайтаришни истамоқда. Аммо португалиялик мураббий кўплаб футболчилар билан келиша олмайди ва боз устига «Манчестер Юнайтед»да амал қилувчи шартномаси бор. Эҳтимол, уни ҳам кийиниш хонасидагилар қабул қилмас?

Криштианудан кейинги даврда «Реал» ким бўлмоқчи эканлигини аниқлаштириб олиши керак. Клуб фалсафаси дунёнинг энг кучли футболчиларини ўзида жамлаш ва уларни испаниялик иқтидорлар билан қориштириб «Сантьяго Бернабеу»га хос ўйин услубини яратиш ҳисобланади.

Айни вақтда эса «Реал»даги вазият осон эмас ва ҳар қандай янги келган мураббий футболчиларни ишонтира олиши керак. Албатта бунинг учун унга вақт бериш керак. Бироқ Мадриддагилар ҳеч кимга кафолат бериб ўрганмаган. Ҳар қандай одамнинг обрўси қисқа вақти ичида тушиб кетиши кафолатланган, холос.

«Реал» учун фақатгина бир одам, Сантьяго Солари «ҳа» дейиши мумкин. Аргентиналик мутахассис сешанба куни бу вазифани «ажойиб иш» дея баҳолади. У вақтинчалик мураббий сифатида бу вазифани бажаришга киришган. У бу вазифада яна узоқ қолиши ҳам мумкин. Чунки қолганлар «Реал» таклифини қабул қилиш учун ноқулай пайт дея кўрмоқда.
Эркинжон Ғайбуллаев

Манба: Sports.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » Нега дунёнинг энг кучли клуби ўзига мураббий топа олмаяпти?