13:16 / 03.11.2018
3 406

Бугун Ғофур Раҳимов илк марта AIBA президентлигига сайланиши мумкин

Бугун Ғофур Раҳимов илк марта AIBA президентлигига сайланиши мумкин
Бугун, 3 ноябрь куни Москвада Халқаро Бокс Ассоциациясининг йиллик Конгресси ўз ишини якунлайди. Анжуманнинг иккинчи кунида ташкилот раҳбарлигига сайловлар бўлиб ўтади.

Сайловда AIBA`даги 11 та раҳбарлик лавозимини эгаллайдиган шахслар аниқланади. Унда ғолиб чиққан номзодлар - президент ҳамда 5 нафар вице-президент (конфедерациялар президентлари) ва Ижроия Қўмита аъзолари шу кундан эътиборан ўз вазифасини бажаришга киришади, уларнинг ваколат муддати 4 йилни ташкил этади.

Kun.uz мухбирининг Москвадан хабар қилишича, Конгресснинг иккинчи иш куни вақтинчалик президент вазифасини бажараётган Ғофур Раҳимов томонидан очиб берилади. Шундан сўнг делегатлар Ижроқўм томонидан тақдим этилган AIBA Декларациясини маъқуллашлари кутилмоқда.

Анжуманнинг асосий қисмини AIBA Сайлов комиссияси раиси Жош Шмид олиб боради. У комиссия аъзолари ва овоз бериш жараёни ҳақида маълумот бериб, назоратчиларни тайинлайди. Бевосита сайловдан олдин президентликка номзодлар нутқ сўзлаш учун минбарга чиқади.

Қайд этиш жоиз, AIBA`нинг 5 нафар вице-президенти (тегишли қитъа конфедерацияси президенти) лавозимини кимлар эгаллаши деярли олдиндан маълум. Бешта қитъадан фақат Осиё Бокс Конфедерацияси президентлигига икки номзод ариза топширган, қолганларида номзодлар бир нафардан.

Жаҳон ҳаваскор боксининг бош раҳбари лавозимига даъвогарлар ҳам икки нафар – ўзбекистонлик Ғафур Раҳимов ва қозоғистонлик Серик Конакбаев.

Аввалига Раҳимов ягона номзод бўлиши кутилганди. Октябрь ойи бошида унга рақобатчи бўлиши кутилган Осиё Бокс Конфедерацияси президенти Конакбаев ҳужжатларни вақтида етказиб бера олмагани учун курашдан чиққани маълум қилинганди. У ўзини камида 20та давлат федерацияси қўллаб-қувватлаши ҳақидаги маълумотни жўнатишда бир неча соатга кечиккан эди.

Кейинроқ Конакбаев Спорт Арбитраж Судига (CAS) апелляция берди, 29 октябрь куни эса ташкилот унинг апелляциясини қаноатлантириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Эслатиб ўтамиз, Конгресснинг биринчи иш кунидаги энг асосий янгилик – ташкилот низомига киритилаётган ўзгартириш бўлган эди. Унга кўра, эндиликда ташкилот президенти зарур ҳолларда ўз лавозимидан маълум вақтга танаффус олиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Низомга киритилган ушбу тузатиш AIBA ва Халқаро Олимпия Қўмитаси ўртасидаги зиддиятни юмшатиш чораси сифатида киритилди. ХОҚ бунга қадар «Магнитский рўйхати»га киритилган Ғофур Раҳимов AIBA президенти этиб сайланган тақдирда боксни олимпия спорт турлари таснифидан чиқариш билан таҳдид қилиб келади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бугун Ғофур Раҳимов илк марта AIBA президентлигига сайланиши мумкин