19:07 / 05.11.2018
3 371

Миллий терма жамоага номзод легионерларимиз ўз клубларида қандай ўйин намойиш қилишмоқда?

Миллий терма жамоага номзод легионерларимиз ўз клубларида қандай ўйин намойиш қилишмоқда?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ноябрь ойидаги ФИФА кунларида Австралияда навбатдаги йиғинни ўтказади. Ушбу йиғинда миллий чемпионатимизда иштирок этаётган футболчилар билан бир қаторда легионерлар ҳам қатнашиши кутилмоқда.

Легионерларимиз ўз клубларида қандай ўйин намойиш қилишмоқда? Бу савол навбатдаги йиғин олдидан мухлисларни қизиқтираётган бўлиши табиий. Қуйида миллий терма жамоамизга номзод футболчиларнинг дам олиш кунлари ўз клублари таркибида қандай ўйин ўтказишгани ҳақида маълумот келтириб ўтилган.

Миллий терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов Хитойнинг "Шанхай СИПГ" клуби таркибида Хитой Суперлигасининг 28-тур учрашувида энг яқин таъқибчиси "Гуанчжоу Эвергранд" клубига қарши майдонга тушди. Ўйин 5:4 ҳисобида Одил Аҳмедов жамоасининг ғалабаси билан якунига етди. Ҳамюртимиз учрашувда тўлиқ ҳаракат қилди ва 90+3 дақиқага келиб сариқ карточка билан жазоланди. Ушбу ғалабадан кейин "Шанхай СИПГ" жамоасининг очколари сони 65тага етди. Айни пайтда "Шанхай СИПГ" мусобақа жадвалини бошқариб бормоқда.

БААнинг "Шаржа" клубида тўп сураётган Отабек Шукуров ўз клуби таркибида 9-турда "Ал-Иттиҳод Калба" жамоасига қарши майдонга тушди. 2:2 ҳисобидаги дуранг билан тугаган ўйинда ҳамюртимиз тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди. Ушбу дурангдан кейин "Шаржа" клубининг тўплаган очколари сони 21тага етди. Айни пайтда Отабек Шукуров жамоаси мусобақа жадвалининг 1-поғонасида бормоқда.

Россия чемпионатида қатнашаётган "Ростов" клуби ҳужумчиси, ҳамюртимиз Элдор Шомуродов учун 13-тур муваффақиятли келди. У "Краснодар" жамоасига қарши кечган баҳсда 7-дақиқада гол киритиб, ҳисобни очишга эришди. Ўйин 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунига етди. Шомуродов 77-дақиқада майдондаги ўрнини исландиялик футболчи Видар Эрн Кьяртанссонга бўшатиб берди. Айни пайтда "Ростов" 22 очко тўплаган ҳолда мусобақа жадвалининг 4-поғонасида бормоқда.

Россия чемпионатидаги яна бир ҳамюртимиз Достон Ҳамдамов "Анжи" таркибида Россия Кубоги баҳсида майдонга тушди. "Анжи" Москванинг "Спартак" жамоасига қарши тўп сурди. Учрашувда москваликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Ҳамдамов мазкур ўйинда захирадан майдонга тушди. У 83-дақиқада Данил Глебовни алмаштирди. Бугун "Анжи" жамоаси Россия чемпионати 13-турида "Енисей"га қарши ўйин ўтказади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 21:00да бошланади. Ҳозирда "Анжи" жамоаси 12та ўйиндан кейин 10 очко жамғарган ҳолда мусобақа жадвалининг 15-поғонасида бормоқда.

Россиянинг "Крилья Советов" шарафини ҳимоя қилаётган терма жамоамиз ҳимоячиси Виталий Денисов ҳам Кубок баҳсида майдонга тушди. "Криля Советов" Россия Кубоги 1/8 финалида "Краснодар" жамоасини ўз майдонида қабул қилди. Учрашувнинг асосий вақти 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунига етди. Экстра таймларда "Краснодар" яна битта гол киритиб, ғалаба қозонишга муваффақ бўлди ва Кубок мусобақасининг чорак финалига йўл олди. Виталий Денисов мазкур ўйинни асосий таркибда бошлаб, 104-дақиқада захирага олинди.Бугун "Криля Советов" сафарда "Уфа" жамоасига қарши 13-тур учрашувини ўтказади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 18:30да бошланади. Виталий Денисов жамоаси айни пайтда мусобақа жадвалининг 13-поғонасида бормоқда.

Манба: www.ufa.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Миллий терма жамоага номзод легионерларимиз ўз клубларида қандай ўйин намойиш қилишмоқда?