ЕЧЛда мавсумдаги энг адолатсиз пенальти белгиланди (фото, видео)

  • 8-11-2018, 21:46
  • 786
  • Спорт
  • ЕЧЛда мавсумдаги энг адолатсиз пенальти белгиланди (фото, видео)
    7 ноябрь куни Чемпионлар лигаси доирасида бўлиб ўтган «Манчестер Сити» - «Шахтёр» учрашувида бош ҳакам Виктор Кашшаи қўпол хатога йўл қўйди.

    Гап шундаки, учрашувнинг 23-дақиқаси бошланган сонияларда мезбонлар ҳужумчиси Раҳим Стерлинг рақиб жарима майдонига кириб бориб, газонни тепиб юбориши натижасида мувозанатни йўқотиб йиқилиб тушди. Бу вақтда 20 метрлар чамаси нарида турган венгриялик ҳакам вазиятга ҳимоячи томонидан қоида бузилиши деб баҳо берди ва 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Ваҳоланки украинлар ҳимоячиси Микола Матвиенко ҳужумчига на қўли билан ва на оёғи билан тегинган, унга корпус билан тўсқинлик қилишга ҳам уринмаган эди – у Раҳимнинг ортидан фақат таъқиб қилиб келаётган эди холос.

    Стерлингнинг ўзи ҳам вазиятга ойдинлик киритишга уринмаганини қайд этиб ўтиш жоиз. Жамоа гуруҳ аутсайдерини ўз майдонида қабул қилаётган ва катта эҳтимол билан ғалабага эришиши тайин эди. Шунга қарамай, Раҳим ўз айбини тушуниб етди ва ўйиндан сўнг узр сўради.

    «Тўпни ўртача куч билан оширмоқчи бўлдим, кейин нима бўлганини эса билмайман. Натижада майдонга ағанаб йиқилиб тушдим.

    Ҳимоячи билан контакт бўлганини сезганим йўқ, бу менинг айбим эди. Чимни тепиб олиб, қоқилиб тушгандим. Бунинг учун ҳакам ва «Шахтёр» жамоасидан узр сўрайман», - деган Стерлингнинг сўзларини келтириб ўтди BT Sport.

    Якунда, Габриэль Жезус пенальтини муваффақиятли амалга оширгач, ҳисоб 2:0 кўринишига келди ва иккинчи бўлимда яна тўртта тўп киритган «шаҳарликлар» йирик ҳисобдаги ғалабани қўлга киритди.

    Маълумот учун, Виктор Кашшаи жаҳон футболида ўз номига эга реферилардан бири саналади. У ЖЧ-2010да ишлаган, шундан сўнг ЕЧЛнинг 2011 йилги финалини бошқариб борган. Кузатувчилар сўнгги вақтларда унинг ҳакамлик фаолияти сифати тушиб бораётганини қайд этишган. Кечаги баҳсдаги хатосидан сўнг у ЕЧЛдан четлатилиши мумкинлиги айтилмоқда.

    » » ЕЧЛда мавсумдаги энг адолатсиз пенальти белгиланди (фото, видео)