22:34 / 09.11.2018
3 507

Криштиану Роналду: "Ҳеч қачон осуда ҳаёт қидирмаганман…"

Криштиану Роналду: "Ҳеч қачон осуда ҳаёт қидирмаганман…"
«Олтин тўп»нинг 5 карра соҳиби Криштиану Роналду «Ювентус» сафига қўшилганидан буён илк марта катта интервью берди. Асосийси, португалиялик голеадор France Football ҳафтаномаси журналистлари билан мулоқот жараёнида ушбу кескин қарори сабабларини ҳам баён этди. У шунингдек, ўзини ҳамон 23 ёшли йигитдек ҳис қилаётганию, пул ҳаётида биринчи ўринда турмаслигини алоҳида таъкидлади.

«Кетишни истасам, президент қарши чиқмаслигини сездим...»

- Очиғи, ёзда барчани лол қолдирдингиз. Ахир фаолиятингизнинг катта қисмини «Реал»га сарфлаб, кутилмаганда, Туринга йўл олдингиз. Табиийки, бундай қарорга келиш осон эмас...

- Профессионал нуқтаи назардан қарасак, янги клубга ўтишни ихтиёр этиб, тўғри йўл тутдим, менимча. Зеро, Мадридда кўп ютуқларга эришдим, эслашга арзийдиган хотиралар етарли, савияли футболчилар ёнида тўп сурдим. Лекин 9 йил битта жамоада ўйнаш - бу кўп муддат. «Ювентус» ҳам буюк клуб саналади, сафига қўшилсанг, арзийди... Албатта, иш жойини ўзгартириш мураккаб жараён, аммо бу мен учун нисбатан осон кечди.

- Яъни...
- Қарорим кўпчилик, ҳаттоки, яқинларимга ҳам ажабланарли туюлгани рост. Бироқ такрор айтаман, ҳаммасини тўғри қилдим. Бундан сира афсусда эмасман.

- Ваҳоланки, ҳамма-ҳамма фаолиятингиз охирига қадар Мадридда қолишингизни кутганди.
- Ҳа, шундай. Фарзандларим ўша ерда улғайишди, уйим бор, дўстларим, танишлар, қадрдонлар кўп. Яширмайман, осуда ҳаётдан бирданига воз кечиш осон эмас. Лекин баъзан ўзгаришлар зарур. Умуман олганда, ҳеч қачон осуда ҳаёт қидирмаганман. Доимо янги марраларни кўзлаш, тўсиқларни енгиб ўтишга интилиш керак. Шунда ҳаётингиз янада завқли бўлади.

- Айтингчи, кетиш режаси айнан қачон туғилди?
- Тушунинг, Мадридда 9 йил ўйнаб, барча совринларни қўлга киритдим. Шунинг таъсиридами, муайян паллада жамоани ўзгартириш ҳақида ўйлай бошладим. Қолаверса, клуб мутасаддилари ва шахсан президентнинг менга нисбатан муносабатлари аввалгидек эмаслигини сездим. Яъни дастлабки 4-5 йил давомида муҳит ўзгача эди. Хуллас, президент нигоҳларига қараб, уни менга аввалгидек тенгсиз, алмаштирилмас футболчи сифатида қарамаётганини яққол англадим. Оддий ифода этсам, агар кетишга қарор қилсам, унинг қаршилик қилмаслигини тушундим. Ҳа, ОАВда бошқа жамоага ўтишни истаётганим ҳақида кўп ёзишди, гапиришди. Аслида бошида бундай эмасди. Кейинчалик умумий вазият ўзгаргач, таклифларни кўриб чиқа бошладим.

- Демак, мадридликлар сизни аввалгидек севмай қолишган, шундайми?
- «Севги» иборасини «самимийлик» ёки «эътибор» билан ўзгартириш маъқул. Севги оилада бўлади, болаларни, маҳбубангизни севишингиз мумкин. Жамоа президенти сўнгги пайтлар менга нисбатан ижодий ҳамкор сифатида қарарди. Бунга эътирозим йўқ. Лекин мадридликлар самимий тарзда бор гапни айтиб қўя қолишса, яхшироқ бўларди...

- Аниқроқ айтсангиз...
- Нимани ўйлаётган бўлсам, шуни гапираман. 99,9 фоизга. 0,01 фоизи эса гапириш мумкин бўлмаган жиҳатлар. Футболда бу - мураббий ва ўйинчилар билан қандайдир шахсий муносабатлар.

«Пулни ўйлаганимда, Хитойга кетардим»

- Зиданнинг сиздан 1 ойча аввалроқ «Реал»дан кетгани ҳам қарорингизга таъсир қилдими?
- Бу мутахассисни мураббий ва инсон сифатида қаттиқ ҳурмат қиламан. Аммо қарорларимиз ўртасида муштараклик йўқ. Шунчаки, Зидан кетгач, клубдаги умумий вазиятга тўғри баҳо бераётганимга ишончим ортди.

- «Мадрид» билан хайрлашиш ва 9 йил аввал «МЮ»дан кетиш қарорлари ўртасида қандай узвийлик мавжуд?
- «Манчестер» - фаолиятимнинг бошланиши. Бу жамоада кўп жиҳатларни ўзлаштирдим, ўргандим. Сэр Алекс - буюк мураббий! Ундан бир умр миннатдорман. «Реал» эса навбатдаги, юқорироқ поғона бўлди. Клуб билан ЧЛда ёрқин ғалабаларга эришдим, орзуларим ушалди. «Юве» - янги саҳифа, ўта муҳим босқич. Жамоа таркиби жанговар, мана, чемпионатни муваффақиятли бошладик, асосийси, туринлик мухлислар худди Мадриддаги каби менга қалқон бўлишга тайёрлар.

- 33 ёшни уриб қўйган бўлсангизда, ҳамон саргузаштларга мойилсиз...
- Кимгадир ёш муҳимдир, лекин менга эмас. Энг буюк клубларнинг бирида қолишим, соврин ортидан соврин ютиш асносида роҳатланиб юришим ҳам мумкин эди. Аммо бундай қилолмайман. Чунки ўзимга нисбатан эътибор, эҳтиёжни сезмай қолдим. Кўпчилик пул учун кетганимни таъкидламоқда. Йўқ, пулим етарли. Нима, эрта тонгда машғулотга чиқишдан пулми? Йўқ, табиатан футболни севаман, ўз олдимга янги-янги марралар қўяман. Тўсиқларни енгиб ўтиш - лаззат! Агар пулни биринчи ўринга қўйганимда, Хитойга йўл олиб, ҳозиргидан 5 баравар кўп топардим. Қолаверса, Мадридда ҳам ҳозиргидек, балки бундан кўпроқ иш ҳақи олардим. Қисқаси, асосий гап умумий муносабатда. «Ювентус» чиндан ҳам, мени ўз таркибида кўриш иштиёқида эди. Мана, Туринга келгач, бунга тўлиқ ишонч ҳосил қилдим.

«Ҳеч Қаерда «Юве»даги каби жон куйдирмаган бўлсам керак...»

- Италия футболи ёқдими, унга мослашиб олдингизми?

- Ҳали тўла мослашганим йўқ. Испанияда 9 йил ўйнаган ўйинчининг «А» сериясида бирданига ўз ўрнини топиши осон эмас, албатта. Италия чемпионати фаолиятимдаги учинчи топ-лига ва у аввалгиларидан кескин фарқланади. Қолаверса, жамоадошлар билан тил топишиш, чемпионат, умуман, мамлакатга кўникиш учун ҳам маълум вақт керак. Қийин, аммо имкони бор масала. Назаримда, айни пайт ҳар қачонгидан кўра, кўпроқ тер тўкаётгандекман. Муҳими, менга шундай имконият беришганидан мамнунман ва талаб даражасига чиқиш учун бор маҳоратимни ишга соламан.

- Шунингдек, Туринда Мадриддагидан бошқачароқ ўйнаяпсиз.
- Айтяпманку, жамоадошларимга мослашиш жараёнидаман, улар ўз навбатида, менинг услубимга кўникишмоқда. «Реал»да шерикларим билан автоматик даражада муомала қилардим. Айниқса, Модрич ва Марсело билан. Бу ерда ҳозирча шундай уюшқоқлик йўқ. Лекин бўлади, албатта. Асосийси, жамоа ва йигитларнинг ишга ёндашувлари ёқяпти.

- Массимилиано Аллегри билан муносабатингиз қандай?
- Аъло. У ўз ишининг устаси, чинакам профессионал. Бошқа ходимлар ҳақида ҳам фақат илиқ гаплар айтишим мумкин. Жамоани ягона мақсад - ғалаба бирлаштириб турибди. Айнан шу сабаб ҳам, «Юве»ни танладим.

- «А» серияси, Ли-лига ва АПЛ ўртасидаги асосий тафовут нима?
- Италияда энди дебют мавсумни бошладим ва ҳозирдан чемпионат ҳақида баралла гапиришим қийин. Фақат шуни айтишим мумкинки, асосий фарқ ҳимоя чизиғига муносабатда. Бу ерда клублар ишончлироқ ҳимояланади, ҳужумчилар учун бўшлиқ жуда кам. Оддий айтганда, Италияда тактика биринчи ўринда туришини дарҳол пайқаш мумкин.

- Англия, Испания ва Италия чемпионатларида урган голларингиз сони 400 тадан ошди...
- Ҳа, рекорд.

- Ваҳоланки, «МЮ»даги дебют мавсумда атиги 4 та гол ургандингиз. Энг сермаҳсул тўпурар мақомига қандай эришдингиз?
- Қунт билан ўрганиш туфайли. Сэр Алекс ва собиқ жамоадошларимга алоҳида раҳмат. Тўғри, анча тер тўкишим ва маҳоратимни оширишимга тўғри келди. Шунингдек, Англияда шахсий натижалар эмас, жамоа ғалабалари муҳимроқ эканлигини ҳам билиб олдим.

«Жисмоний ва руҳий жиҳатдан ўзгачаман»

- Жисмоний тайёргарликка ҳар куни катта эътибор қаратишингиз барчага маълум.
- Ҳа, дарҳақиқат, қаерда бўлишимдан қатъий назар, машғулотни канда қилмайман.

- Жисмоний ҳолатни тушуниш мумкин. Лекин узоқ вақт давомида руҳий тетикликни қандай сақлаш мумкин?
- Футболдаги энг қийин жиҳат ҳам шу, аслида. Ҳар куни 3-4 соат залда шуғулланиш осондек туюлсада, иштиёқ ва истакни сақлаб қолиш мушкул. Қаторасига 12 йил юксак савияда ўйнаш эса камдан-кам футболчига насиб этади. Амалда мен буни уддаладим, шунингдек, Месси ҳам. Ҳеч қачон тўхтаб қолмаслик, тараққиётга интилиш ғоят муҳим. Айни шу мақсадда Туринга келдим. Чунки энг яхши футболчи ҳақидаги романнинг янги бобини ёзиш учун адреналин керак.

- Россия мундиали чоғидаги таҳлилий текширувлар организмингиз 23 ёшли йигитникидек эканлигини кўрсатди.
- Улар мени бироз мақтаб юборишди.

- Хўш, ўзингизни неча ёшли кишидек ҳис қиляпсиз? 23 ёшлими?
- Қайсидир маънода, шундай. Асосийси - миянгда нима чарх уриши. Ҳаммаси шунга боғлиқ. Хусусан, ўзингни қандай ҳис этишинг ҳам. Мен эса майдондаги ишимдан ҳамон роҳатланяпман. Демак, муаммо йўқ.

- Кўринишингиздан қаримайдиган кишидексиз...
- Ҳа, аммо абадий навқирон эмасман. Шунчаки, алоҳида хусусиятли спортчиман. Тўғри, ҳаммаси қачондир тугайди. Шу боис, кўпроқ оила даврасига талпинаман, кичик Криштиануга боқиб ўйга толаман: у ҳам отасидек ўйнай олармикан? Ҳаммасининг ўз вақти бор ва шошиш бефойда.

«Ўйлашимча, «Олтин тўп»га муносибман»

- Ниманидир ўйлайсизу, аммо баданингиз бўйсунмайди. Сизда ҳам шундай ҳолат бўладими?
- Баъзан. Лекин статистикадек ажойиб тасниф борки, уни инкор этиш мушкул. Рақамлар алдамайди.

- Агар бу йил ҳам «Олтин тўп» ютсангиз, бу борада рекорд ўрнатасиз.
- Бош мақсадим «Олтин тўп» эмаслигини кўп бора таъкидлаганман. Асосийси, футбол тарихидаги энг яхши ўйинчилардан бири эканлигимни биламан. Албатта, 6-соврин ортиқчалик қилмасди! Ўйлашимча, унга муносиб ўйин кўрсатдим. Лекин совринга ҳақли бошқа футболчилар ҳам бор. Шундай экан, «Олтин тўп»ни менга беришмаса, қаттиқ ранжимайман, хотиржамроқ ухлайман.

«Класико мен ва Мессисиз ҳам класико»

- Айтингчи, Месси ва Роналду даври тугамоқдами?
- Кўпчилик шуни хоҳлаётганини биламан. Лекин улар сал шошилишяпти. Мен ҳамон тахтдаман. Шахсий статистикам гапларимни тасдиқлайди. Бизни ҳисобдан чиқаришга шошилмаган маъқул.

- Афсуски, энди Мессига қарши тўп суролмайсиз...
- Доимо энг сара ўйинчиларга қарши майдонга тушгим келади. Месси - уларнинг бири. Лекин бу билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. Хусусан, «Класико» мен ва Леосиз ҳам «Класико» бўлиб қолаверади...

«Ювентус» ҳужумчиси суҳбат чоғи 2018 йилги «Олтин тўп» учун курашда кимларга ўзининг асосий рақобатчилари сифатида қараётганига ҳам тўхталди: «Энг асосий рақибларим - Салоҳ, Модрич, Гризманн, Варан ва Мбаппе. Умуман олганда, Франция термасининг барча аъзолари даъвогарлар қаторида. Чунки улар бу йил жаҳон чемпиони бўлишди. Месси бу сафар номзодлар орасига кирадими-йўқ - буни билмайман. Келинг, бошқа футболчилар ҳам биз - Лео ва мен уддалагандек, 10 йил давомида шоҳсупада қолиш-қолмасликларини кузатамиз». Эслатма, France Football 8 октябрь куни нуфузли мукофот учун даъвогарларнинг 30талик рўйхатини эълон қилганди. Дарвоқе, бу йил «Олтин тўп» 3 декабрь куни топширилади.

Манба: interfutbol.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Криштиану Роналду: "Ҳеч қачон осуда ҳаёт қидирмаганман…"