date
views 3 004

Купер Осиё Кубогига нима учун битта ҳужумчи билан бормоқда?

Купер Осиё Кубогига нима учун битта ҳужумчи билан бормоқда?
Эктор Купер Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё Кубогига борадиган якуний таркибини эълон қилди. Аргентиналик мутахассис 23 нафар футболчини ажратиб олди.

Кенгайтирилган рўйхатдан Жавоҳир Илёсов, Дилшод Раҳматуллаев, Жасурбек Яхшибоев ҳамда Иван Нагаев тушиб қолди. Иван Нагаев жароҳат олганлиги боис, жаноб Купер БААга битта ҳужумчи билан бормоқчи.

ЎФА расмий сайтида Сардор Рашидов ҳам ҳужумчи қилиб кўрсатилган. Тўғри, Рашидов олдинги чизиқда ўйнай олади. Лекин у асосан қанотда тўп тепади, яъни вингер. Элдор Шомуродов ҳам ҳудди шундай, лекин у ярим ҳимоячилар орасида қайд этилган, ҳужумчи эмас.

Балки Эктор Купер БАА майдонларида Садор Рашидовдан ҳужумчи сифатида фойдаланар, аммо Марат Бикмаев турганда у олдинги чизиқда ҳаракат қилмаса керак.

Гапни индаллоси, катта турнирга битта ҳужумчи билан бориш муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Чунки ҳужумчининг вазифасини бошқа чизиқ вакилларига қараганда, ҳужумчилар яхши билишади. Тўғри, бизда бошқа пичоққа илинадиган ҳужумчи борми, дея сўрашингиз мумкин. Лекин барибир катта турнир учун иккинчи рақамли ҳужумчи бўлса ҳам олиб кетилса мақсадга мувофиқ бўларди. Масалан, Темурхўжа Абдухолиқов. У аввалги формасида бўлмаса-да, керакли пайтда ёрдами тегиши мумкин.

Қолаверса, Марат Бикмаев характер борасида мақтана олмайди. Суперлигада Бикмаев икки марта икки ўйинга тартибсизлиги боис четлатилганини барча кўрди. Боз устига жароҳатлардан ҳеч ким кафолатланмаган (албатта, биз буни хоҳламаймиз).

Дарвозабонлар масаласида ортиқча тўхталиб ўтишнинг ҳожати йўқ. Элдор Суюновнинг бу мавсумдаги статистикаси яхшидир. Лекин кичик жароҳати бор эди. Унинг ўрнини босадиганлар етарли.

Ҳимояга Виталий Денисов чақирилмади. Бунга ҳимоячининг мавсумни қандай ўтказгани сабабдир.

Ярим ҳимоя чизиғи ҳар доим бизнинг энг кучли томонимиз бўлиб келган. Фақатгина Жасурбек Яхшибоевнинг таркибга киритилмагани дилни хира қилди. Бунда Купернинг айби йўқ. Айб Шота Арвеладзеда. У легионерларнинг ҳисобига умидли футболчимизни захирага ўтказиб қўйди. Балки Яхшибоев юлдузлик касалига учраган деб шу йўлни тутгандир. Лекин ҳар қандай мураббий бунақа характерли футболчиларни ўз йўриғига солиши керак. Буни сэр Алекс Фергюсон мисолида кўрганмиз. У ҳар қандай юлдузни “қолип”га солган.

Дарвоза, ҳимоя ва ярим ҳимоя чизиқларида танловларимиз кўплиги ва ҳужум нозик томонимиз эканлиги боис доим у футболчи керак, бу ўйинчи нега чақирилмади деган гап сўзлар бўлган ва бўлади ҳам. Юқорида айтганимиздек, катта турнирлар олдидан, чемпион бўлсак натижадан қониқаман деган мураббий битта ҳужумчига таяниб қолиши тўғримикан?

Шундай бўлса-да, мураббийнинг қарорини ҳурмат қилган ҳолда Осиё Кубогида Эктор Купер бошчилигидаги терма жамоамизга омад тилаймиз. Натижага мураббий жавоб беради. Акси кузатилса, журналистлар ва мухлислар катта саҳнага чиқишади. Чунки миллий терма жамоа учун барча бирдек қайғуради!!!
Бекзод Исаев

Манба: Sports.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Купер Осиё Кубогига нима учун битта ҳужумчи билан бормоқда?