12:23 / 27.12.2018
3 317

Артур Геворкян: "Янги мавсумни қаерда ўтказишим ҳақида ҳозирча бирон нарса дея олмайман"

Артур Геворкян: "Янги мавсумни қаерда ўтказишим ҳақида ҳозирча бирон нарса дея олмайман"
Чемпионатимизда анчадан бери тўп суриб келаётган туркманистонлик Артур Геворкян аллақачон мухлисларнинг меҳрини қозонган. У ушбу мавсумда «Қизилқум» шарафини ҳимоя қилди. У 30 та ўйинда 9 та гол урди. «Қирол Артур» тахаллуси билан мухлислар орасида ном қозонган ўйинчи қишки таътилдан унумли фойдаланиб Туркияда дам олиб қайтди. Шундан сўнг Артур билан боғланиб, айрим масалалар бўйича суҳбатлашдик.

- «Қизилқум»да ўтган мавсум сизга ёқдими?
- Ҳа, албатта. Бизда аъло даражадаги жамоа, яхши футболчилар ва энг асосийси, яхши раҳбарият бор!

- Таътил чоғида Туркияга тез-тез бориб турасизми?
- Ҳар доим ҳам эмас. Шароитга қараб, баъзида кўп вақтимни уйда – оила-аъзоларим даврасида ўтказишни ёқтираман.

- Туркманистон терма жамоасига сизни нега чақиришмаяпти? Айтишларича, бош мураббий билан муносабатингиз унчалик яхши эмас экан. Шу гаплар тўғрими?
- Терма жамоа устозининг ишларини ва қабул қиладиган қарорларини муҳокама қилишни истамайман. Бу унинг қарори.

- Умуман айтганда, Туркманистон терма жамоасининг бўлажак Осиё Кубогидаги имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Терма жамоамизнинг рақиблари ўта юқори савияда. Шунинг учун ҳам бизникиларга осон бўлмайди. Аммо терма жамоамизнинг мусобақада муносиб иштирок этишидан умид қилиб қоламан ва албатта Ўзбекистон терма жамоасига мухлислик қиламан.

- Ўзбек футболини яхши биласиз. Шунинг учун терма жамоамизнинг Осиё Кубогидаги имкониятига қандай баҳо берган бўлардингиз?
- Мураббийлар штабидаги ўзгаришлар эвазига терма жамоангиз чиройли ва сермаҳсул футбол кўрсатиши мумкин. Ўзбекистон термасининг имконияти бизникига нисбатан анча яхши.

- Бундан кейин ҳам «Қизилқум»да қоласизми ёки бошқа режаларингиз борми?
- Ҳозирча бирор ишни режалаштираётганим йўқ. Фурсати келсин, ҳаммасини вақт кўрсатади.

- Таклифлар борми? Боз устига анчада буён Ўзбекистонда ўйнаяпсиз. Мамлакатимиз билан сизни нима боғлаб турибди?
- Таклифлар йўқ эмас, аммо ҳозир бу хусусида гапирмоқчи эмасман. Ўзбекистонда узоқ вақтдан бери ўйнаётганимга келсак, бу ердаги футбол менинг услубимга жуда мос.

- Сиз учун Ўзбекистондаги энг яхши мураббий ким?
- Ҳар бир мураббийдан кўп нарса ўрганиш мумкин. Ўзим билан ишлаган мутахассислар орасидан кимнидир ажратиб кўрсатишим қийин.

- Ишқибозлар сизни кўпинча «Қирол Артур» деб аташади. Бу ўзингизга ҳам ёқадими?
- Нима десам экан, ишқибозлар бундай номларни ўзлари ўйлаб топишади.

- Сизнингча, ўтган мавсумда легионерладан қайси бири бошқаларга нисбатан яхши ўйнади?
- Бирортасини ранжитиб қўйишни истамаган бўлардим. Негаки, Суперлигада ўйнаётган легионерларнинг ҳаммаси менга ёқади. Ҳар бири яхши савиядаги футболчилардир.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди

Манба: Sports.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Артур Геворкян: "Янги мавсумни қаерда ўтказишим ҳақида ҳозирча бирон нарса дея олмайман"