date
views 3 571

Осиё кубогининг очилиш ўйинлари қандай ўтган? (фото, видео)

Осиё кубогининг очилиш ўйинлари қандай ўтган? (фото, видео)
Яна уч кундан сўнг БААдаги Осиё кубоги ўйинлари старт олади. Мусобақанинг очилиш ўйини мезбонлар ва Баҳрайн терма жамоалари ўртасида кечади. Шу муносабати билан сўнгги 5 та қитъа биринчлигининг очилиш учрашуви қай тарзда ўтганини ёдга оламиз.

1996: БАА – Жанубий Корея

БАА илк марта 1996 йилда Осиё кубогига мезбонлик қилган ва очилиш баҳсида мусобақанинг икки карра ғолиби Жанубий Кореяга қарши баҳс олиб борган.

Абу-Дабидаги “Заед Спортс Сити” стадионида кечган учрашувнинг 9-дақиқасида Хванг Сун Хон ҳисобни очади, бироқ танаффусга оз фурсат қолганида Хамис Саад мувозанатни тиклаган ва ушбу ҳисоб учрашув сўнггига қадар ўзгаришсиз қолган эди.

2000: Ливан – Эрон
Янги аср аввалидаги қитъа биринчлигига Ливан мезбонлик қилган. Очилиш ўйинида мезбонларга Эрон термаси рақиблик қилади. 52 мингдан зиёд мухлис кўз ўнгида эса форслар рақиблари дарвозасига жавобсиз 4 та тўп киритишади ва йирик ҳисобда ғалаба қозонишади.

2004: Хитой – Баҳрайн

Пекиндаги “Ишчилар” стадионида кечган учрашувда 2:2 ҳисобида кучлар тенг келган. 41-дақиқада Хубайл ҳисобни очган бўлса, 56-дақиқада Женг Жи мувозанатни тиклаган. 66-дақиқада эса Ли Жиню мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқади. Бироқ шу куни мезбонлар ғалабани ушлаб қола билишмаган ва 89-дақиқада Ҳусайн Али мувозанатни тиклаган.

Бу ўйин Баҳрайн тарихидаги энг омадли қитъа биринчилигининг дебочаси эди. Ўшанда Сречко Юричич шогирдлари 4-ўринни қўлга киритишган. Мезбонлар эса финалда Японияга 1:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишган.

2011: Қатар – Ўзбекистон

Очилиш ўйинида ғалаба қозонган сўнгги мезбон жамоа Сингапур бўлган эди ва 1984 йилдан буён ушбу анъана ўзгаришсиз қолаётган эди. 2011 йилда эса Вадим Абрамов бошқарувидаги Ўзбекистон терма жамоаси ушбу анъанани давом этишини таъминлашгани ёдингизда бўлса керак.

“Ҳалифа”да кечган учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмайди. 59-дақиқада эса Одил Аҳмедов 40 ярд масодадан Қосим Бурхон дарвозасига тўпни жойлаб қўяди. 77-дақиқада эса ҳимоячиларнинг бир-бирини тушунмаслиги натижасида юзага келган қулай имкониятни Сервер Жепаров гол билан якунлаган эди.

Ўшанда термамиз ярим финалга қадар етиб бориб, якунда 4-ўринни олган бўлса, Қатар чорак финалда Японияга имкониятни бой берган эди.

2015: Австралия – Қувайт

“Яшил қитъа”да ўтган Осиё кубогининг очилиш ўйинида Австралияга Қувайт термаси рақиблик қилади. Мелбурн шаҳрида кечган қарама-қаршиликда мезбонлар 4:1 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритади ва 31 йил давом этган мезбонларнинг очилиш учрашувидаги ғалабасиз сериясига барҳам беради.

Ангелос Постекоглу шогирдлари мусобақа якунида бош совринга эга чиққани ҳали кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак.

Изоҳ: 2007 йилги Осиё кубоги 4 мамлакатда бўлиб ўтган учун мазкур блогга киритилмаган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Осиё кубогининг очилиш ўйинлари қандай ўтган? (фото, видео)