Хайрулла Ҳамидовдан: Олтин авлодга мурожаат!

  • 05 январь 2019, 20:46
  • 1 602
  • Спорт
  • Хайрулла Ҳамидовдан: Олтин авлодга мурожаат!
    “Спорт” телеканалида Сервер Жепаров ҳамда Тимур Копадзе иштирок этган кўрсатувни томоша қилдим. Уларнинг бугунги футболимиз ҳақидаги гапларидан кўра ўзлари қатнашган турнирлар ҳақидаги фикрлари кўпроқ ёқди. Ҳали бошланмаган мусобақа ҳақида барибир ҳеч ким аниқ гап айта олмайди, улар ҳам шу жумладан. Ўтиб кетган ўйинлар ҳақида эса, тўлиб-тошиб гапиришга имкон бор.

    Бунинг устига, Сервер ҳам, Тимур ҳам ўтмишни эслашга мойил бўлган ажойиб бир даврда туришибдики, ҳиссий сўзлар айнан шу паллада тиниқроқ янграйди. Кейин бу гаплар эскирарди, ҳозир мавриди эди. Дилшод Тўхтабеков ҳам асосий эътиборни мозийга қаратиб тўғри қилди, бугунги кун ҳақидаги умумий гаплар эшитиш меъдага тегади.

    Осиё кубоклари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ўтган аср бизга далда бера олмаган. Илк турниримиз биз учун қайғули, Ливандаги мусобақа эса, ўта қайғули, аниқроғи, фожиали якунлангани ҳалигача эсимизда. 2004 йилдан бошланган янги давримиз ўзбек футболининг бугунги даврига тамал тошини қўйган. Гуруҳ ўйинларидан чиқиб келяпмиз ўшандан буён.

    Сервер ҳам, Тимур ҳам шу ҳақда тўлқинланиб гапиришди. Гуруҳдан қандай чиққанлари, плей-оффдаги ўйинлар таассуроти, чорак финал, ярим финалда тўхташимиз сабаблари... ҳаммаси қизиқ, гап йўқ. Лекин мана шу икки юлдузимизнинг “тўхтаган жойи” Абрамов даври бўлди. Тамом. Австралиядан қабул қилинган зарбани тушунтириб беришларига тўғри келди кейин. Жанубий Кореяни енга олмаслигимиз илдизлари очилди. Менталитет ва ҳоказо. Юқорироқ мавзулар ҳақида сўзлашга, табиийки, имкон топилмади.

    Яна бир қизиқ жойи – Копадзе 2004 йилги Осиё чемпионатида ёшгина йигит бўлиб, илк турнирда қатнашганини хотирлагани бўлди. Шундан бошланиб кетди деди ҳаммасини. Ҳа, у бугунги турниргача бари мусобақада қатнашиб келган. Бирида яхшироқ, бирида аламли. Лекин у фаолиятини тугатиб ташриф буюрган кўрсатувида чемпионлик ҳақида гапира олмаяпти. Имкони йўқ-да чунки.

    Ўтган йилнинг январида қитъани титратган 23 ёшли чемпионларимиз ҳам худди Тимур сингари терма жамоадаги илк турнирлари остонасида туришибди. Улар ҳам худди Тимур сингари, Сервер сингари йиллар ўтиб, 4 та Осиё чемпионатида қатнашиб, ўз фаолиятларини якунлаган онларида қандайдир кўрсатувда ўтмишни хотирлаб ўтиришларига тўғри келади. Ўшанда уларнинг олдида иккита вариант бўлади: журналистнинг “қайси чемпионликни қўлга киритиш сизларга завқлироқ бўлган: Хитой-2018ми ё БАА-2019?” деган саволларига жавоб беришлари ё Тимур ва Сервер каби плей-офф ўйинлари ҳақидаги саволларга жавоблар...

    Қайси бирини танламоқчисимиз, йигитлар?

    Ҳа, майли, янада тушунтириброқ гапирадиган бўлсам, жаҳон юлдузларидан бири, Испания терма жамоаси сардори бўлган Рауль Гонсалеснинг яқинда телевидениега берган интервьюсидан ҳам парча келтираман. У ўз фаолияти ҳақида гапириб бўлиб, шундай деган: “Мен мендан кейинги авлоддан фахрланаман, улар ҳозир сизнинг кўрсатувингизга чалахотиралар билан эмас, Европа ва жаҳон чемпионлиги билан ташриф буюришади”.

    Ҳурматли ёш иқтидор эгалари, ҳозир сизлар сардорингиз Одил Аҳмедов, ҳужумчингиз Марат Бикмаев, посбонингиз Игнатий Нестеров, темир қўрғонларингиз Анзур Исмоилов ҳамда Акмал Шорамҳмедов билан бир маслак йўлида бирлашишга имконият топинг, финалгача боришга, керак бўлса охирги рақибни-да енгишга чора топинг. Шунда биласизми нима бўлади: ҳам ўзингизнинг “келажакдаги ўтмишингиз”ни нурга чўмдирасиз, ҳам акаларингизни юқоридаги юлдузлар ҳолига тушишидан сақлаб қоласиз.

    Мен ўйлашимча, шунақа олтин авлод етишиб бўлди. Барчангизни ҳар куни кўряпману, ишончим борган сари ошиб бормоқда.
    [right]Хайрулла Ҳамидов[/right]
    Манба: www.ufa.uz

    » » Хайрулла Ҳамидовдан: Олтин авлодга мурожаат!