23:30 / 11.01.2019
3 322

Осиё Кубоги кундалиги, 9-кун: Уч очко чўнтакда, ишлашда давом этамиз!

Осиё Кубоги кундалиги, 9-кун: Уч очко чўнтакда, ишлашда давом этамиз!
Бугун яна Дубайга қайтдик. 13 январь куни бу ерда Туркманистонга қарши ўйнаймиз. Уммонни-ку ютиб олдик, уч очко чўнтакда, ишлашда давом этамиз. Бўшашишга ҳаққимиз йўқ!

Дубайдаги “Рашид” стадиони ёнидаги майдонда машғулот бўлиб ўтди. Кеча асосий таркибда майдонга тушган футболчилар енгил машқларни олиб боришди. Қолганлар билан эса Куперни ўзи ишлади. Бу сафар ҳам машғулот анча қизиқарли кечди.

Футболчиларнинг кайфияти аъло даражада. Катта мусобақалардаги дастлабки ўйинда ғалаба қозониш жуда ҳам муҳим, деб бекорга айтишмас экан. Иккинчи ўйинга тайёргарлик кўтаринки руҳда давом этяпти.

Машғулотга терма жамоа аъзолари автобусда борса, биз – делегация вакиллари ОФК томонидан ажратилган иккита минивенда борамиз. Бугун бизни олиб юрган покистонлик ҳайдовчи терма жамоамиз финалга қадар етиб борса, менга Ўзбекистон терма жамоасининг 1 та либосини совға қиласизларми, деб сўраб қолди. “1 та либос ҳам гапми, агар финалга чиқадиган бўлсак, бутун оила аъзоларинг билан финални Ўзбекистон миллий терма жамоасининг либосида томоша қиласизлар” деб айтдик.

Ҳа, айтганча, эрталаб, ҳали Шаржада эканимизда нонушта пайти қизиқ воқеа рўй берди. Мени Ўзбекистон делегацияси либосида юрганимни кўрган 7-8 ёшлардаги болакай олдимга келиб, рус тилида гап бошлади. У Уммон билан учрашувни стадионда томоша қилганини, ўйин давомида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларини қўллаб-қувватлаб турганини айтиб ўтди. Дадаси ҳам шу ерда экан, бир оз суҳбатлашдик. Улар асли тошкентлик бўлиб, Дубайда иш билан юришган экан. Ўзбекистон терма жамоасига келгуси ўйинларда омад тилашди. Биз эса уларга ташаккур билдириб қолдик. Ватандан узоқда юрганда ватандошларингни учратиш ҳамиша ёқимли.

Бугунги машғулотни ёритиш учун ўзбекистонлик журналистлар ҳам ташриф буюришди. Улар машғулотлар тугаганидан кейин Элдор Шомуродовдан майдон четида интервью олмоқчи эканликларини айтиб ўтишди. Одатда, машғулот тугаганидан кейин футболчилар музли ванна қабул қилиш учун дарров меҳмонхонага йўл олишади. Recovering, яъни тикланиш жараёнини ўтказиш учун. Шу сабабли бу вақтда интервью олиш уларга ҳалақит бериши мумкин. Аммо бугун Купер ўзбекистонлик журналистларга машғулотдан кейин Шомуродовдан интервью олишга рухсат берди. “У Уммонга қарши ўйинда бизга ғалаба келтирган голни урди. Элдорга энди ҳамма нарса мумкин”, - дея ҳазиллашди Купер.

Эртага машғулотлар давом этади. Бизни Туркманистонга қарши ўйин кутмоқда. Мақсад – фақат ғалаба!
[right]Ёқубжон Бобожонов, ЎФА Матбуот хизмати бошлиғи
Дубай, БАА[/right]
Манба: www.ufa.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Осиё Кубоги кундалиги, 9-кун: Уч очко чўнтакда, ишлашда давом этамиз!