11:34 / 12.01.2019
3 387

Осиё Кубоги. Ўзбекистон 1/8 финалда Австралия билан ўйнаши эҳтимоли ортди

Осиё Кубоги. Ўзбекистон 1/8 финалда Австралия билан ўйнаши эҳтимоли ортди
Осиё Кубоги бошланганидан бир ҳафта ўтиб, плей-оффнинг уч иштирокчиси маълум бўлди. Иккинчи турнинг илк кунида Иордания биринчи бўлиб йўлланма соҳибига айланган бўлса, жума кунги баҳсларда Хитой ва Жанубий Корея терма жамоалари ҳам дастлабки вазифани уддалади.

«B» гуруҳи
Ушбу тўртликда биринчи ва иккинчи ўрин масаласи амалда ҳал этиб бўлинди. Иордания илк турда Австралияни, кейин Сурияни мағлуб этди ва 6 очко билан биринчи ўринни оладиган бўлди. 11 январда Фаластинни йирик ҳисобда таслим этган Австралияни энди учинчи турда Сурия билан баҳсда дуранг ҳам қониқтиради, иорданияликлар ҳатто мағлубиятга учрасалар ҳам биринчи поғонадан пастга тушиб кетишмайди. Боиси – очколар тенг келганда биринчи навбатда ўзаро ўйинлар натижаси инобатга олинади.

Эслатиб ўтамиз, «B» гуруҳида иккинчи ўрин эгаси (катта эҳтимол билан Австралия) нимчорак финалда Ўзбекистон жой олган «F» гуруҳининг иккинчи жамоаси билан тўқнаш келади. Демак, Эктор Купер қўл остидаги жамоа ё плей-оффнинг илк раундидаёқ «кенгурулар»га дуч келади ёки японларни ортда қолдириб, нимчорак финалда Япония – Австралия жуфтлиги ҳосил бўлишига, демакки ғолибликка даъвогар фаворитлардан бирининг мусобақани тарк этишига эришади. Албатта, вариантлар сифатида Ўзбекистон ва Австралиянинг гуруҳдан учинчи ўрин билан чиқиши эҳтимоли кам бўлса-да, мавжуд эканини қайд этиб ўтиш жоиз.

Австралия – Фаластин 3:0
Голлар:
Макларен (18), Мабил (20), Гианну (90)

«C» гуруҳи
Юқорида таъкидланганидек, Осиё Кубогининг 7-кунига келиб, плей-оффнинг уч иштирокчиси маълум бўлиб улгурди. Иорданиядан ташқари, учинчи квартетдаги Хитой ва Жанубий Корея терма жамоалари плей-оффга йўлланмани қўлга киритди. Марчелло Липпи шогирдлари Филиппин дарвозасини жавобсиз уч марта нишонга олишган бўлса, жанублик корейслар Қирғизистон билан ўйинда илк турдаги каби 1:0 ҳисоби билан чекланишди.

Қайд этиш керак, Хитой терма жамоаси 2015 йилги Осиё Кубогида гуруҳ босқичининг барча учрашувларида (Ўзбекистон, Саудия Арабистони ва КХДР устидан) ғалабага эришган эди. Шуни ҳисобга олганда, жамоа турнир гуруҳ раундида кетма-кет бешинчи ўйинида ғолиб чиқди, аммо илк марта рақибдан икки ва ундан кўпроқ тўп фарқи билан устун келди. Филиппин эса Осиё Кубоги финал босқичидаги дебютини кетма-кет икки мағлубият билан бошлаган тарихдаги бешинчи терма жамоа бўлди. Бунга қадар Фаластин (2015), Бангладеш (1980), Жанубий Яман (1976) ва Камбоджа (1972) ана шундай муваффақиятсиз старт қайд этганди.

Эътиборлиси, Абу-Дабидаги Филиппин – Хитой ўйини қўполликларга бой тарзда кечгани билан ҳам диққатга сазовор. Ўйинда жами 39 маротаба қоида бузилиши кузатилди; бу галги Осиё Кубогида бунга қадар бир ўйинда кўпи билан 29 марта қоидабузарлик қайд этилганди.

Шу билан бирга, бу сафарги турнирда захирадан тушган футболчиларнинг гол уриш ҳолатлари анча кўп кузатиляпти. Хитойликлар ҳужумчиси Ю Дабао 80-дақиқада якуний ҳисобни (3:0) ўрнатганида майдонга тушганига бор-йўғи 19 сония бўлган эди. У тўпга биринчи тегишдаёқ уни дарвоза тўрига жойлаб қўйди. Шу тариқа, захира вакиллари урган голлар сони бир ҳафтадаёқ 9тага етди. Осиё Кубоги–2015да захирадан ўйинга қўшилган футболчилар жами 7 марта гол муаллифи бўлишганди.

Хитой – Филиппин 3:0
Голлар:
У Лей (40, 66), Ю Дабао (80)

Жанубий Корея – Қирғизистон 1:0
Гол:
Ким Мин-Жэ (41)

12 январь, шанба куни «D» гуруҳида Вьетнам – Эрон (16:00) ва Яман – Ироқ (18:30), «E» тўртлигида Ливан – Саудия Арабистони (21:00) баҳслари бўлиб ўтади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Осиё Кубоги. Ўзбекистон 1/8 финалда Австралия билан ўйнаши эҳтимоли ортди