Осиё кубоги. Туркманистон - Ўзбекистон учрашуви олдидан

  • 13 январь 2019, 18:50
  • 573
  • Спорт
  • Осиё кубоги. Туркманистон - Ўзбекистон учрашуви олдидан
    Аввало шуни айтиш керакки, Туркманистон термаси мазкур мусобақада 5-4-1 тактик схемасини қўлламоқда. Язгули Хожагелдиев бир вақтнинг ўзида нафақат терма жамоа рулида, балки Туркманистоннинг гранд жамоаси саналган "Олтин Аср"ни бошқаради. Табиийки терма жамоанинг асосий ўзаги мазкур клуб вакилларидан ташкил топган. Қўшниларимизнинг 11 нафар футболчиси Язгули Хожагелдиев бошқарадиган клубга тегишли. Мамлакатнинг иккинчи рақамли жамоаси "Аҳал"дан эса 7 нафар футболчи жалб этилган. Уларнинг фақатгина биттаси асосий таркиб аъзоси саналади. Японияга қарши ўйинда бошланғич таркибдан 7 нафар "Олтин Аср", 1 нафар "Аҳал" ва қолган 3 футболчи легионер мақомидаги ўйинчилар бўлишди.

    Язгули Хожагелдиев дастлаб мудофаани мустаҳкамлаган ҳолда омадни қарши ҳужум ёки стандарт вазиятлари орқали аҳтаришни маъқул топмоқда. Жамоадаги ижрочилар ва қитъа чемпионатидаги рақиб футболчиларининг даражасидаги фарқни ҳисобда оладиган бўлсак, бу тўғри. Ҳозирги кунда Туркманистон терма жамоаси нафақат мусобақада, балки гуруҳда ҳам биринчи рақам билан ўйнашга қодир жамоа эмас.

    Лекин айнан иккинчи рақам остида ўз устунликларини излаётган терма жамоанинг яширин қуроллари ҳақида унутмаслик лозим. Тўғри, жамоа танлаган услуб ва тактикадан келиб чиқсак, Туркманистон жамовий комбинацион ўйин қуришдан кўра рақибдан келиб чиқиб ўйнашни хуш кўради. Япония билан бўлган баҳсда қўшниларимиз асосан узоқ масофалардан берилган зарбалар орқали рақиб дарвозаси олдида хавф солишди.

    Имкон қадар узун паслар билан ҳимоядан ҳужумга кўчишга интилишди. Япония эса қисқа тўп узатмалари орқали ташкил этилган комбинацион ҳужумлар эвазига рақиб ҳимоясини бўш нуқталарини топишга эришди.

    Таркибга назар соладиган бўлсак, 3 марказий ҳимоячи ва икки қанот ҳимоячилари билан ўйнайдиган рақибимиздаги энг яхши ва кучли мудофаа вакили Илясов Везиргелди. Японияга қарши баҳсда рақибнинг энг кўп ҳужумини бартараф этган футболчи айнан мудофаа чизиғининг чап қанот марказида ўйнайдиган Везиргелди бўлди. Жамоа тўпни назорат қилаётганда ҳам, ҳимоядан ҳужумга ўтишда ҳам айнан шу ҳимоячи кўпроқ тўп билан муомулада бўлади.

    Жамоа таркибидаги чап қанот ҳимоячиси Гурбангелди Батиров жуда кўплаб вазиятларда ҳужумга ўтиш чоғида тўпни рақибга олдириб қўяди. Япония билан бўлган баҳсда мазкур кўрсаткич бўйича етакчи бўлиш айнан чап қанот ҳимоясида ўйнаётган Гурбангелди Батировга насиб қилди. Тўпни назорат қилиш ёки қабул қилиш техникаси нисбатан пастроқ бўлган футболчининг Ўзбекистонга қарши ўйинда майдонга тушиши балки сўроқ остида қолиши мумкин.

    Туркманистон терма жамоасининг кўплаб ҳужумлари таянч зонасида ҳаракат қиладиган Расул Хўжаев томонидан бошланади. Японияга қарши ўйинда ҳам тўп билан энг кўп ҳаракатланган, рақиб ҳужумларини тўсишга эришган ва энг кўп узатмани (31) амалга оширган ҳам Хўжаев бўлади. Агарда бугунги баҳсда мазкур футболчини "ёпиб" қўядиган бўлсак, унда рақибнинг кўплаб режалари барбод бўлиш эҳтимоли юқори. Чунки ҳужумларга йўналиш бериш ва марказда ҳақиқий таянч бўладиган Расул Хўжаевнинг жамоа ўйинидаги роли жуда катта.

    Туркманистон терма жамоасининг ҳужумларига кескинлик берадиган футболчилар учлиги қуйидагича: Ўнг қанот вингери Руслан Мингазов, чап қанотда жавлон урадиган бизга яхши таниш бўлган Асрлонмурот Амонов ва ҳужумчи Ваҳит Оразсаҳедов. Арслонмурот Амановга тўп келиши билан футболчи ҳужумдаги режаларни амалга оширишга киришади. Руслан Мингазов эса якка-курашларда ҳам, ўткир узатмалар орқали шерикларини қулай вазиятга чиқаришда ҳам жамоада етакчи. Ваҳит Оразсаҳедов эса узун бўйи эвазига юқоридан ошириладиган ҳаводаги тўпларни жамоадошларига олиб бериб, шериклари рақиб ҳудудига яқинлашиб олгунга қадар тўпни ўзида сақлаб туриш вазифасини кўпроқ бажаради.

    Лекин Японияга қарши баҳсда ҳужумчининг ўйини у қадар яхши чиқмагани боис Язгули Хожагелдиев уни майдондан эртароқ олиб ташлашни маъқул кўрганди. Унинг ўрнига тушган Алтимурот Аннадурдиев ҳам ишончни оқлади деб бўлмайди. Иккинчи қаватдаги курашларда ҳам, тўпни кўпроқ ўзида сақлаб туриш ёки рақиб дарвозаси олдида хавф туғдириш борасида ҳам "Олтин Аср"нинг иккинчи ҳужумчиси рақобатдошидан яхшироқ ҳаракат қила олмади. Шу сабабли бугунги баҳсда ҳам бошланғич таркибда катта эҳтимол Ваҳит оразсаҳедов жой олиши мумкин.

    Туркманистон терма жамоасининг мудофаа чизиғидаги муаммолардан унумли фойдаланиш учун кўпроқ комбинацион футбол, қисқа тўп узатмалари орқали уларнинг ҳимоядаги бўшлиқларидан фойдаланиш мумкин. Рақиб кўп ҳам тўп назоратига эътибор қаратмайди, тўпни эгаллагач эса тезкор билан имкон қадар узун паслар орқали ҳужумга тезда кескинлик беришни маъқул кўради. Бунда эса Руслан Мингазов, ваҳит Оразсаҳедов ва Арслонмурот Амоновнинг ҳаракатларидан эҳтиёткорроқ бўлиш керак.

    Майдон марказидаги Аҳмет Атаев, Расул Хўжаев ва Арслонмурот Амоновнинг узоқдан берадиган зарбалари ёки кутилмаганда жарима майдончаси ичида очила оладиган футболчиларни кўздан қочирмаслик керак. Яъни рақибни ўз жарима майдончамиз олдидан кутиб олишда имкон қадар тепароқ ўйнаш мақсадга мувофиқ бўлади. чуқур ҳимояланаётганда эса Туркманистон терма жамоасидаги футболчилар ўзларининг кучли зарбалари орқали ожиз нуқтани топиш салоҳиятига эгалар. Буни Арслонмурот Аманов мисолида Японияга қарши ўйин исботлаганини кўрдик.

    Маҳорат ва тажрибаси камроқ рақибга қарши ўйинда эса энг яхшиси ўзимизнинг устун жиҳатларимизни ишга солиш. Биринчиси, футболчиларимизнинг салоҳияти, даражаси ўртасидаги фарқдан фойдаланиш. Ҳужумкор ва тезкор қанотларни максимум ишга солиш. Марказдаги устунликни таъминлаб, комбинацион футболни янада шакллантириб, чуқур ҳимояга ётадиган рақибни мудофаа қўрғонига зарба бериш. Шу орқали анчадан буён ишламаётган ҳужум чизиғимизни пишитиб, анчадан буён ишламаётган комбинацион футболимизни қайта текширувдан ўтказиб оламиз.

    Менимча, Эктор Купер бугунги баҳсда бошланғич таркибда баъзи ўзгаришларни амалга оширади. Биринчиси аниқ. Қизил карточка сабаб ўйинни ўтказиб юборадиган Егор Кримец ўрни позицион жиҳатдан яхши ўйнайдиган ва етарли тажрибага эга Ислом Тўхтахўжаев билан қопланади. Иккинчи ўзгариш катта эҳтимол Элдор Шомуродовни асосий таркибга қайтариш бўлиши мумкин. Яна бир эҳтимоли катта ўзгариш бу Сардор Рашидовни ўрнига Достон Ҳамдамовни тушириш. Ўтган ўйиндаги ҳаракатидан келиб чиқсак, Рашидов баҳсни захирада бошлашга асосий даъвогарлардан бири.

    Шунингдек, марказда ҳам ўзгариш амалга оширилиши мумкин. Сидиқов бу борада алмаштиришга биринчи номзод. Лекин рақибдан келиб чиқсак ва ҳужумкор услуб танланадиган бўлса, унда Сидиқов вариантидан яна қайта фойдаланиб кўриши мумкин.

    Яна бир эҳтимолий ўзгариш бу ҳимоя қанотлари. Ўтган баҳсда ҳар иккала қанотлар бўйича етарлича саволлар юзага келганди. Шу боисдан ҳам Зотеев ва Шораҳмедовни бошланғич таркибда кўриш эҳтимоли нисбатан пастроқ. Аммо Купер иккинчи учрашувда ғолиб таркибни кескин ўзгартириб юборишни истамаслиги мумкинлигини унутмаслик лозим.

    Нима бўлган тақдирда ҳам Ўзбекистон терма жамоасидан бугун ишончли ғалабани кутамиз! Имкон қадар ишончли ёки йирикроқ ҳисобдаги ғалаба бизни гуруҳдаги вазиятимизни янада юмшатади. Шунда биз учинчи турда Японияга қарши бемалол дуранг билан ҳам суғурталанишимизга имконият пайдо бўлади.

    Муҳими, бугунги баҳсда ғалаба орқали плей-офф йўлланмасини расмийлаштириб олиш лозим. Туркманистон билан ҳам осон ўйин бўлмаслиги аниқ.
    Шаҳбоз Беғамов
    Дубай, 13 январь

    Манба: championat.asia

    » » Осиё кубоги. Туркманистон - Ўзбекистон учрашуви олдидан