13:43 / 14.01.2019
3 311

Терма жамоамиз услуби ёққол намоён бўлган ўйин (видео)

Терма жамоамиз услуби ёққол намоён бўлган ўйин (видео)
Фото: «the-afc.com»
БААда давом этаётган Осиё Кубоги гуруҳ босқичининг «F» гуруҳидан ўрин олган Туркманистон – Ўзбекистон учрашувида терма жамоамиз йирик ва ишончли ғалабага эришди.

Ўйиннинг биринчи бўлимидаёқ масала ҳал этилди. Элдор Шомуродов дубль қайд этди, Жавоҳир Сидиқов ва Жалолиддин Машарипов ўз ҳисобларига биттадан гол ёзишди. Ўйиннинг иккинчи бўлимини хотиржам ўтказган Ўзбекистон термаси ҳисоб ушлаб қолди.

Терма жамоамиз гуруҳдаги биринчи ўйинга қараганда кучайдими ёки Туркманистон термаси кучсизмиди? Туркманлар биринчи турда Ўзбекистон ўз тарихида қилмаган ишни – японлар дарвозасига бир эмас, икки гол уришни уддасидан чиққанди. Ён қўшниларимизни яққол кучсизга чиқариш тўғри эмас.

Натижанинг йирик кўриниш олишига, Эктор Купернинг Ўзбекистон МТЖга жорий этган услубнинг энг яхши намойиш этилгани бўлди. Буни ўйиндан кейинга матбуот анжаманида аргентиналик мутахассиснинг ўзи ҳам айтиб ўтди. У биринчи бўлим ҳақида фикр билдирар экан, «бу бизнинг энг яхши ўйинимиз» деди.

Ҳа, Эктор Купер жорий этган услубни, у келганидан буён биринчи бор тўлақонлироқ кузатиш имконига эга бўлдик. Тўпни назорат қилишга уриниш, тезкор паслар орқали кўпчилик бўлиб ҳужумга қўшилиш...

Тан олиш керак, ўйланган ғояларнинг ёрқинроқ бўй кўрсатишига Туркманистон термасининг ҳам ҳиссаси бўлди. Туркманлар биринчи турдаги Уммондан фарқли равишда прессингга эътибор бермади. Тўпни назорат қилишга уринган ва бўш зоналар қидирадиган жамоа учун энг асосий тўсиқ – рақибнинг шиддатли прессинги. Уммон термаси шу услубда бизга жиддий бошоғриғи келтирганди. Ён қўшниларимиз эса бу жиҳатни ҳисобга олмади ва жазоланди.

Энди олдинда янада кучли рақиблар дуч келади ва улар футболчиларимизга бўш зона қолдирмасликка уринади. Ана ўшанда ҳам аргентиналик мутахассиснинг ўйлаган режалар амалга ошса, биз турнирда узоқроққа борамиз. Акс ҳолда...

Бу ғалабадан кейин Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ пешқадамига айланди ва очколари сонини 6 тага етказиб, муддатидан аввал кейинги босқич масаласини ҳал қилди. Японияда ҳам шунча очко бор, аммо улар тўплар нисбати туфайли иккинчи ўринга жойлашди.

17 январь куни Ўзбекистон ва Япония терма жамоалари ўзаро учрашувда гуруҳ ғолиблиги масаласини ҳал қилишади. Эктор Купер шогирдларини ушбу баҳсда дуранг ҳам гуруҳда етакчиликни ушлуб қолишига етарли бўлади.

Туркманистон – Ўзбекистон 0:4
Голлар:
0:1 – 17 Сидиқов, 0:2 – 24 Шомуродов, 0:3 – 40 Машарипов, 0:4 – 42 Шомуродов.
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Акмал Шораҳмедов (Даврон Ҳошимов, 46), Анзур Исмоилов, Олег Зотеев, Ислом Тўхтахўжаев, Одил Аҳмедов (Фозил Мусаев, 76), Достонбек Ҳамдамов, Отабек Шукуров, Жавоҳир Сидиқов (Икром Алибоев 68), Жалолиддин Машарипов, Элдор Шомуродов.
Туркманистон: Маммет Ўрозмуҳаммедов, Зафар Бобожонов, Сапар Меканов, Везиргелди Илясов, Гурбангелди Батиров, Сардор Аннаўрозов, Арсланмурат Омонов (Титов, 65), Руслан Мингазов, Аҳмет Атаев (Аннаев, 44), Расул Хўжаев, Воҳид Ўрозсаҳедов (Аннадурдиев, 46).
Огоҳлантиришлар: Анзур Исмоилов (71).

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » Терма жамоамиз услуби ёққол намоён бўлган ўйин (видео)