18:51 / 16.01.2019
3 520

Япония бош мураббийи: «Осиё Кубогида чемпионликдан ташқари яна бир мақсадни кўзлаганмиз»

Япония бош мураббийи: «Осиё Кубогида чемпионликдан ташқари яна бир мақсадни кўзлаганмиз»
Фото: Kaoru Watanabe
Осиё Кубоги гуруҳ босқичининг 3-туридаги Япония–Ўзбекистон учрашуви олдидан матбуот анжуманида дастлаб Япония термаси бош мураббийи Ҳадзиме Мориясу ва яримҳимоячи Тошиҳиро Аояма иштирок этди.

«Ўзбекистонга қарши ўйин натижасига кўра биз гуруҳ ғолиблигини қўлга киритишимиз ёки бой беришимиз мумкин. Мен ғалаба қозонган ҳолда плей-оффга гуруҳ етакчиси сифатида чиқишимизни истаяпман. Шунинг учун ҳам бугун машғулотларни яхши ўтказишга эътибор қаратамиз», – дея ўйинолди фикрлари билан ўртоқлашди Мориясу.

«Эртанги ўйинда ҳам жисмонан, ҳам руҳан энг яхши ўйинимизни кўрсата олишимиз учун бугунги машғулотда астойдил шуғулланишимиз керак», – дея қайт этиб ўтди Тошиҳиро Аояма. Маълумот учун, «Санфречче Хирошима» яримҳимоячиси дастлабки икки тур ўйинида ҳам захирада қолдирилган.

«Мусобақага келишдан олдин биз ўз олдимизга дастлаб гуруҳ ғолиби бўлишни, кейин эса чемпионликка эришишни мақсад қилиб қўйганмиз. Шундай экан, эртага шогирдларимдан ўйинга етарлича жиддий муносабатда бўлишни, унда ғалаба қозониш иштиёқи билан тўп суришни ва бу қўлларидан келишларига ишонишларини истаяпман.

Плей-оффда Австралия билан тўқнаш келиб қолмасликни истаган бўлардим. Ишонаманки, нимчорак финалга йўл олган жамоалар орасида кучсизи йўқ. Биз турнир ғолиби бўлишдек катта мақсадни қўйган эканмиз, бу йўлдаги ҳар бир ўйинга максимал тайёргарлик билан чиқиб, ғалаба қозонишимиз зарур. Австралия биринчи ўйинда мағлубиятга учраган бўлса-да, жамоа савия ва куч жиҳатдан юқори ўринда туради», – дея қайд этиб ўтди Ҳадзиме Мориясу.

Япония терма жамоаси бош мураббийи дастлабки икки ўйинда ҳам уч нафар футболчи алмаштириш имкониятидан тўла фойдаланмаганига қуйидагича изоҳ берди. «Ўйинчи алмаштириш борасидаги қарорларни мен қабул қиламан. Бу захира футболчиларимиз ўйинни кучайтира олмайди, дегани эмас. Бу айнан шу учрашувлар учун энг тўғри қарор эди. Оқибатда биз иккала ўйинда ҳам ғалаба қозондик.

Мен ҳам иложи борича кўпроқ футболчилар хизматидан фойдаланишни истайман, аммо шароит шуни тақозо қилиши керак. Ҳозир гуруҳдан чиқиш масаласини ҳал этиб бўлганмиз, эртанги ўйинга доир сўнгги кўрсатмаларни бугун бераман», – деди Мориясу.

Мураббийнинг сўзларига кўра, у Осиё Кубоги олдидан Жей-лига футболчилари ва терма жамоанинг Европада тўп сурувчи аъзоларининг жисмоний ҳолати ўртасидаги фарқ туфайли муаммога дуч келган. «Биз БААга келишдан олдин Японияда йиғин ўтказиш орқали бу тафовутни камайтиришга уриндик. Иккита ўйин ортда қолди ва энди барча футболчилар физик жиҳатдан анча яхши ҳолатдалар.

Жамоа тактик жиҳатдан ҳам ўйиндан ўйинга ўсиб бормоқда. Шунга қарамай, ҳужум ва ҳимоя чизиқларимиз даражасини яна кўтаришимиз керак. Иккита ўйиндан баъзи хулосаларни чиқарганмиз, эртанги баҳсдан олдин улардан тўғри хулоса чиқариб, энг яхши ўйинимизни намойиш этиш ниятидамиз», – дея таъкидлади Япония термаси устози.

Терма жамоанинг Осиё Кубогидаги асосий рақобатчилари кимлиги ҳақидаги саволга Мориясу қуйидагича жавоб қайтарди: «Биз бу ерга чемпионлик учун келганмиз. Терманинг барча ходим ва футболчилари мана шу бир мақсад йўлида бирлашган. Бундан ташқари, бизда яна бир вазифа бор: жамоани такомиллаштиришимиз лозим. Чунки Жаҳон чемпионатидан кейин таркибимизга кўплаб янги футболчилар қўшилди. Улар билан ўйинимизни ислоҳ қилишимиз зарур. Мусобақадаги еттита ўйин бунинг учун бизга айни муддао бўлади. Биз ҳам ғолибликка даъвогар сифатида, ҳам ўйинимизни такомиллаштириш учун мусобақага келганмиз», – дея хулоса қилди Япония терма жамоаси бош мураббийи.

Ҳадзиме Мориясунинг маълум қилишича, эртанги баҳсда жамоа таркибида ўзгаришлар бўлади. «Ортда қолган иккита ўйиндан келиб чиқиб, баъзи позицияларда футболчиларни алмаштириш ҳақида ўйлаяпман. Сабаби захирада қолаётган футболчилар ҳам бизнинг ўйин фалсафамизни ҳис қилиб, тушуниб олишлари керак. Барчаси ўйин бошиданоқ ажойиб кетади, деб ўйламайман, аммо бу ерда футболчилар рақибга мослашиб олишлари муҳим аҳамиятга эга», – деди Мориясу.

Маълумот учун, 50 ёшли мутахассис ЖЧ-2018дан сўнг терма жамоа бошқарувига келган. У дебют ўйинларида бугунги матбуот анжуманида иштирок этган яримҳимоячи Тошиҳиро Аоямани жамоа сардори сифатида ўйнатган эди.

Эслатиб ўтамиз, Япония терма жамоаси дастлабки икки турда Туркманистон (3:2) ва Уммон (1:0) терма жамоаларини ҳисобдаги кичик устунлик билан мағлуб этди. Ўзбекистон ҳам ушбу рақибларни мағлубиятга учратди ва иккала жамоа ҳам плей-офф йўлланмасини муддатидан олдин қўлга киритди. Пайшанба кунги ўзаро баҳсда гуруҳ ғолиблиги масаласи ҳал бўлади. Дуранг натижа қайд этилган тақдирда тўплар нисбати яхшироқ экани ҳисобига Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳни биринчи ўринда эгаллайди.

Япония–Ўзбекистон ўйини эртага, 17 январь куни Тошкент вақти билан соат 18:30да бошланади. Унда Ўзбекистон оқ, Япония эса кўк рангли либосда тўп суради. Учрашув «Спорт» телеканали орқали жонли эфирда намойиш эттилиши, уни бевосита стадиондан Хайрулла Ҳамидов шарҳлаб бориши режалаштирилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Япония бош мураббийи: «Осиё Кубогида чемпионликдан ташқари яна бир мақсадни кўзлаганмиз»